Қалбини сулувлар сулувига тутган шоир

Шеър ва шоирлик ҳамма замонларда ҳам кўнгил иши бўлиб келган. Халқимиз ўз эркини қўлга киритганидан кейин мустақиллик даври шеъриятида ҳам руҳият манзаралари тасвирлана бошлади. Аллоҳ томонидан юқтирилган чинакам шоирлик кўнгилда кечган чин туйғуларни гўзал сўз билан мисраларга тизиш ва бу билан ўқувчисини ҳам мувозанатдан чиқариб ўзининг ҳолатига сола билишдир. Истеъдодли шоир ўқувчисини ўзига ошно қилиб унинг кўнглидаги яширин ҳисларни қўзғаб қўяди, мижжаларига ёш чақиради ёки лабларига ним табассум югуртиради. Чунки унинг ўқиганлари гўзалликдан ҳисланган ҳайрат, муҳаббатдан туйилган лаззат, ҳижрондан чекилган машаққатларнинг нутқдаги ифодаси бўлади. Шеърият дунёсида ўз мухлисларини ўзининг кўнгил дардларига ошно эта билган шоирлардан бири Абдулла Шердир. Унинг Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан 2012 йилда чоп этилган “Гул йиллар, булбул йиллар” номли сайланмасида жамланган битиклари шу маънода диққатга сазовордир.Шеърият мулкнинг султонларидан бири Ҳофиз: 

Ёйилгач бош уза ёрнинг паришон сочи ёғдудек,
Узун тунлар чекилган дард-у ғам, ҳасрат тамом бўлди

деган экан. Бу мисралар ўқилганда бадиий сўзга ошно ҳар қандай қалб қийқиради. Жараён худди кино лента тасвиридек ўқувчининг кўз олдидан ўт бошлайди. Висолнинг тасвири ва қудрати сўз орқали англашилади. Ошиқ кўнглини шод этгани учун маъшуқанинг бир дона холига Самарқанду Бухоронинг бахш этиб юборилиши шеърхонни ажаблантирмайди ва у висолдек улуғ неъматни яратган қудратга саждалар қилади. Висолни бундай инжа ифодалай билган бобокалонига эса тасаннолар айтади.

Ҳофизнинг бағрикенглиги, ривоят қилинишича, бир мамлакат султонининг ҳисобидан бўлган экан. Туйғулар тасвири борасида Ҳофизга менгзаш мумкин бўлган шоир Абдулла Шернинг сахийлиги эса ўзининг ҳисобидан. У бир шеърида: “Сулувларнинг сулувларига Мисра қилиб қалбни тутаман” дейди. Англашиладики, маъшуқа сулув эмас, сулувлардан сулувроқ. Унинг сулувлиги даражаси қурбонлик моҳиятига чуқурроқ кирилганда янада ойдинлашади.

Маъшуқа учун мисраларга беркитилган қалб, яъни инсонга Аллоҳ томонидан берилган энг азиз ва муқаддас неъмат – кўнгил қурбон қилиняпти. Қалб – кўнгил Аллоҳнинг инсондаги мулки. Унда инсонни яратган қудратнинг бир бўлаги бор. Ошиқ номидан шундай ноёб неъматни маъшуқага қурбон қила билиш чин ошиқлик не эканини англаган сўзчиларнинг қўлидан келади.

Муҳаббат мавзуси жуда қадимий ва минг йиллардан бери ҳар бир шоир унга мурожаат қилган. Лекин бирортаси бир-бирини такрорламаган. Абдулла Шер ҳам бундан мустасно эмас. У ҳам бу борада ўз йўлидан бориб бу туйғуни ўзига хос тарзда тасвирлайди. Абдулла Шер ижодида ижтимоий йўналишдаги, ватан озодлиги, фарзандлик бурчи ва ҳоказо мавзуларга бағишланган шеърлар ҳам бир дунё. Лекин унинг муҳаббат мавзусидаги битиклари, кўнгилдаги интим туйғулар ифодасининг ўзига хослиги ўқувчининг диққатини тортади.

Абдулла Шернинг муҳаббат мавзусига бағишланган шеърлари орасида бўса тимсоли алоҳида ўринни эгаллайди. У бўсани айрича ҳис қилади, унинг жаннатий исини илғайди. Бўсадаги дунёларни куйдиргувчи кўринмас оловнинг тафтини туяди. Шоир бўсада шаҳвоний туйғуларни эмас илоҳий парвозларни кўради. Бўсани жон бағишловчи қудратга қиёслайди. Абдулла Шернинг муҳаббатга муносабатдаги бетакрорлиги ҳам балки шундадир:

Бўсада бир сас бор, бир ўтли ҳис бор,
Кўринмас олов бор – дунё ёнадир;
Ҳеч ким искамаган жаннатий ис бор, –
Искаган ҳар танда жон уйғонадир;
Бўсада мен борман, бўсада сиз бор, –
Бу ўпич аслида бир баҳонадир.
Илоҳий парвоздир ишқнинг ҳаёти,
Икки лаб – инсоннинг икки қаноти.

Ишқ мавзусига бағишланган бир шеърида шоир: “Яшашга шошилгин, шошилгин, эркам Ва лекин шошмасдан бўсалар бергин. Вақт ҳужум қилмоқда, бағримга беркин, Вақт лоқайд форисдир, хасис, бекарам. …Не деса – десинлар, майли, ўзгалар, Сен узоқ, шошмасдан бергин бўсалар, – Лаблар гулбаргларга айланиб кетсин!”, – дейди.  Муҳаббат, висол ва бўса – эгизак. Уларни бир-биридан айро тутиб бўлмайди. Лекин уларни ёшликнинг иши, ёшликнинг шўхликлари дейиш хато. Вақтнинг форислиги, йилларнинг хасислиги, бекарамлиги муҳаббатга, висолга уларнинг эгизагига таъсир кўрсатолмайди.

А. Шер йигитликнинг энг гўзал лаҳзаларини икки мисрага жойларкан, шундай дейди: “Бир қизнинг чўғ каби муччиларида Йигит ёшимизни куйдириб олдик”. Қиз лабларидан олинган муччининг чўғлиги қудрати бир йигитнинг қалбини куйдирадиган даражада баланд. Бундай куйиш ҳар бир йигитнинг орзуси бўлса керак ва бунга ҳамма ҳам муносиб топилавермайди. Шеър қаҳрамони бунга эришган бахтлилардан бири.

Ёки: Кўзларимга бир қара, жоним, Кўзларимда йиғлайди жоним” мисраларини олайлик. Кўнгил Аллоҳнинг мулки бўлгани учун ҳам у Яратганнинг ўзи каби ҳамиша ёш ва абадийдир. Кўзлар эса шу кўнгилнинг ойнаси. У кўпинча ақлнинг ихтиёрига бўйсунмай кўнгилдаги туйғуларни ташқарига ошкор қилиб қўяди. Баъзан эса аксинча, ақлнинг қудратини ҳам намойиш этади. Бу унга Яратган томонидан буюрилган вазифалардан бири. Кўзнинг кўнгил билан ҳамкорлик қилиши ҳам шундан. Кўнгил йиғласа ҳам, кулса ҳам кўзларда кўринади. Шу ҳақиқатларни икки мисрага тиза олган шоирнинг маҳорати “жоним” сўзига икки хил юк орта билганида ҳам кўринади. Бундай қайноқ мисраларни Абдулла Шер ижодида кўплаб учратиш мумкин.

Қуйидаги сатрларда шоир муҳаббатнинг, бўсанинг суратини сўз билан чизади. Мусаввирга эса мўйқалам тутқизади: “Лабларинг ним очиқ, юмилар кўзинг, Бўсага айланар бехосдан сўзинг, – Шу эрур Муҳаббат: суратини чиз!”. Бу тасвирни шарҳлашнинг ҳожати йўқ. Уни кўз олдига келтириш учун мусаввир бўлиш шарт эмас. Бу мисралар гўзалликнинг ўзиданда гўзалроқ…

Маълумки, инсон табиатан парда ортидаги нарсага ўч бўлади. Интим шеърлар шу маънода шоирларнинг кўнгил мулкидаги ҳаммадан яширган сирлари бўлиб, улар ҳар қандай ўқувчининг диққатини тортади. Бундай битикларнинг яратилиши, юқорида айтилганидек, кўнгил иши. Бу шоир ақлининг имкониятидан ташқари ҳодиса. Лекин бу туйғулар қоғозга “тўкилиб”, китобга кирдими, улар шоирнинг инон-ихтиёридан чиқади, ўқувчининг ҳам мулкига айланади. Муҳлислар ҳам бу битикларнинг ичидан ўзига маънавий озуқа берадиган, кўнгил чигилларини ёзадиган нималарнидир қидира бошлайдилар. Абдулла Шернинг қуйидаги мисралари ҳам ўқувчининг кўнглига ҳузур бағишлайди. Руҳиятини кирликлардан тозалайди. Ҳаётда шундай нозик туйғулар борлиги, уларни кимлардир туйибгина қолмай ифодалай билиши ўқувчининг кўнглини ёшартиради. Ҳаётга муҳаббатини оширади:

Бахтлиман, ҳар бўсам капалакнамо
Ё юзинг, ё кўзинг, лабингга қўнар,
Гоҳида иккала ҳандалак аро
Қирмизи лоладек дафъатан унар,
…Бўсани тинглагил: унда то абад
Тамшаниб яшайди гўдак муҳаббат.

Бўсанинг капалакка қиёсланиши, унинг истаган жойга қўна олиш имкониятига эгалиги билан боғлиқ ҳақиқат ўқувчининг мийиғига хуш жилмайиш чақиради. Уларда шаҳвоний ҳис йўқ. Бўсанинг иккала ҳандалак аро қирмизи лоладек униши тасвири ифоданинг гўзаллиги билан кишини ҳайратга солади. Ўқувчи шоирнинг сўзни ўйнатиб қўллаш маҳоратига тасаннолар айтади. Бўсанинг овозини таниган шоир ўқувчисини ҳам буни эшитишга ундайди. Муҳлисини ҳам ўзидак нозиктааб бўлишга чақиради. Муҳаббатнинг гўдакка ўхшатилиши ҳам бежиз эмас. Чинакам муҳаббат шундай беғубор туйғу-ки, унинг гўдакдан фарқи йўқ. Муҳаббатда шаҳвоний ҳислар кўриш шоир одамнинг, шоирини туйган шеърхоннинг иши эмас.

Абдулла Шер яна бир шеърида бўй қизнинг тасвирини чизаркан уни ҳам оловдек бўса билан боғлайди:

 

Бу тўшга бир бора ҳали текканмас
Бўса деб аталган сеҳрли чўғлар.
Шу икки сийнадан шоҳлар бўлгай маст,
Қошида тиғ сингай, эгилгай туғлар,
Ҳозирча улар жим. Сийнабанд, бироқ,
Вулқон ухлаётган икки нотинч тоғ.

сатрлари ўқувчи кўз олдида ҳали уйғониб улгурмаган малакнинг суврати намоён бўлади. Қиз бўй етса, уйқудаги вулқонлар уйғонса табиатда нелар содир бўлиши мумкинлигини, бу гўзаллик қошида “не-не бошлар эгилиши”ни, тиғлар синиб, туғлар тиз чўкиши оддий ҳол эканини фақат зийрак назар соҳибигина аввалдан кўра билиши мумкин.

Ҳақиқий шоир ёзилганидай ёзади. Унга илоҳий туйғулари буюрганини қоғозга тўкади. Шоир ижод маҳалида ўзлигидан чиққан, ақлнинг етовидан адашган бўлади. Шу боис ёзган нарсаси ёзилган жойида қолади. Абдулла Шер шундай битикларидан бирида ёзади:

Мен сени қучаман узоқ ва узоқ,
Ёнасан чидолмай олов тафтимга.
Чидолмай шахтимга, ишқий забтимга,
Чиқмоқчи бўласан. Лекин бу қучоқ,

Бу қучоқ қўймайди сени чиққани,
Телбалик – Мажнундан менга юққани –
Бу моддий дунёни қилади абас.

Бўсалар чақнайди сўзларни қувлаб,
Биз учун бор дунё шу иккита лаб,
Умримиз – уларга беркинган нафас.

Ишқ аро олов тафтни, телбаликни Мажнундан юқтириб олган ошиқларни бу дунё ва унинг ташвишлари адо қилолмайди. Бу дунёни улар адо қилишади. Мажнундек телба бўлиб сева олишга қодир қалб соҳиблари ишқининг забти баланд бўлиши табиий. Акс ҳолда унга Мажнунворлик юқмаган бўларди. Чунки дард дилдошга юқади.

 

Шоир бир шеърида муҳлисига мурожаат қилиб дейди:

Демак, жуда ўхшашмиз, инон,

Иккимиз ҳам чеки йўқ ихлос.
Сен – қанотли одамсан ,шеърхон,
Мен – қанотсиз булбулман, холос.

Абдулла Шердек шоирнинг муҳлиси бўла олиш, унга ўхшаш, унинг дилдоши бўлиш, уни туйиш қўлидан келадиган шеърхонлар сафидан ўрин олишнинг ҳам ўзи бўлмайди. Муҳлиси шеърларини ўқиб ним жилмайяптими, унинг кўнгли кўтарилиб яшаш завқи ортяптими, демак шоир бекорга яшамаяпти. Демак, шоир умри тугагач ҳам яшайверади.

Шоирнинг бу китобидан ўрин олган, шеърхонлар эътиборини кутаётган ғазаллари, бағишловлари, таржималари, ғазалларга ёзган мухаммаслари ва ҳайкулари алоҳида тадқиқотларга мавзу бўладиган материаллардир. Унинг шундай эътиборга лойиқ яратиқларидан бири шеърий достонлари ҳисобланади.

Абдулла Шер “Ёнаётган йўл”, “Йиғлаётган тош” ва “Севилмаган менинг севгилим” номли достонлар муаллифи. Унинг “Севилмаган менинг севгилим” номли лирик достони армонли муҳаббат баёнидир. Аввало, унинг сарлавҳаси кишини ўйлашга мажбур қилади: “севгилим” айни замонда “севилмаган”. Сарлавҳанинг моҳияти асар билан тўлиқ танишиб чиқилгандан кейин очилади. Асар қаҳрамони ёшликда севиб севилган, лекин уни ҳавас деб ўйлаган, бунга кўпда парво қилмай ғурурга кетган, сўнгра қолган бутун умри давомида шу севгига ташна бўлиб яшаган ошиқ тимсолидир. Бу достон маъшуқасининг чинакам севгилиси бўлганини ўзи ҳам билмай қолган, шу боис ишқини қўлдан бериб қўйган ошиқнинг изтироблари ҳақида куйлайди. Уни ўқиган кишида бир умр кўнгилда пинҳон сақланган, орадан йиллар ўтиб англанган муҳаббат дарди умр поёнида қоғозга тўкилган ва бу билан виждон ҳам қайсидир маънода енгил тортгандек тасаввур пайдо бўлади:

…Биринчи муҳаббат шаънин авайлаб,
Бутун умр бўйлаб олиб ўтамиз.
Энг сара гулзордан чечаклар сайлаб,
Унгамас, ўзгага, лекин, тутамиз..

Достон тўрт банддан иборат бўлиб унинг ҳар банди “Қўшиқ” деб аталади. Ҳар бир қўшиқ йигирмадан ортиқ саккизликлардан иборат. Биринчи қўшиқ муҳаббат васфига бағишланган. Бу қўшиқда аввал: “Муҳаббат нима? У қандай қудрат-у, у қандайин куч – То сўнгги кунгача юракда қоим? У қандай тилсим-у, у қандай сим-сим? Сирини ким айтиб беради, ҳайҳот, Мажнунми, Отелло ва ёки Фарҳод?” деган саволлар қўйилади. Сўнгра муҳаббатнинг ўзидай гўзал жавоблар берилади: “У – моддий дунёда илоҳий камол, Қалб уни Каъбадек айлайди тавоф. Муҳаббат – эътиқод, муҳаббат – саҳо, Муҳаббатсиз дунё аянчли ва кир. Муҳаббат умрни кўкка улагай, Ошиқлар оҳ урса, тоғлар қулагай…”

Шундай қудратли туйғуни куйлашга жазм этаркан шоир қаҳрамонининг тилидан ёзади:

Биринчи муҳаббат қисматин бугун
Достонга солай деб, хуллас, шайландим.
Зулматда ярқ этган ёп-ёруғ учқун –
Ул бебош йигитга яна айландим.
Юракнинг суврати тушди қоғозга,
Йиллар бир тўлғониб, кирди овозга…

Умр поёнига етганда муҳаббат ҳақида асар ёзишга киришган шоирнинг кўнглида бошқа бир нарсадан ҳижолатлик бор. У ҳам бўлса:

Баъзилар дейиши мумкиндир ҳайрон
Андак кинояда, жилмайиб бир қур:
«Шу ёшда муҳаббат ҳақида достон?!..
Ёшлардек оҳ урмоқ ақлга қусур.
Вақти эмасмикан энди мусулмон
Тоат-ибодатдан изласа ҳузур?!»

Кўнглида пайдо бўлган бу ҳижилликка яна ўзи жавоб бериб: “Шоиру ошиққа фарқи йўқ йилнинг, Улардир оламнинг ёшлиги, билинг!” дейди ва ошиқликнинг бетакрор гўзал дамларини куйлашга ўтади. Сатрлардан маълум бўлишича, асар муаллифининг мақсади шунчаки муҳаббат ҳақида достон ёзиш эмас. Унинг мақсади қаҳрамонини бутун умри давомида пинҳона қийнаб келаётган ишқ оловининг тафтига сув сепиш, уни мағурурлигининг қурбони бўлган муҳаббати азобларидан қутқариш, унинг қачонлардир хор қилган туйғуларига қолган бутун умри давомида берган тўловларини ниҳоясига етказиш, айни замонда қаҳрамонини муҳаббатидан узр сўратиб, виждон азобини бир оз бўлсада енгиллатишдир.

Иккинчи қўшиқда бевосита қаҳрамоннинг хотиралари куйланади.

Биринчи бўсани эслайман ҳамон:
Суяндинг салгина менга инониб.
Қўлингни силадим аввал мен бир он,
Сўнг ўпдим ул момиқ дунёни қониб.
Бирдан икки лабда қўзғолди туғён,
Улар бир-бирига ёпишди ёниб.
Зум ўтмай қалтираб, ҳижолат бўлиб,
Кўзларинг жиққа ёш, турардинг кулиб.

Туйғуларнинг беғуборлиги ва ифоданинг самимийлиги ўқувчининг лабларига майин табассум чақиради. Табиий равишда юз берган ҳодисадан маъшуқанинг қўрқиб, қалтираб, ҳижолат тортиши, кўзларининг жиққа ёшга тўлиши тасвири унинг андишали эканини кўрсатади. Икки севишган қалб учрашганда юз бериши мумкин бўлган табиий ҳолат ва қизлик ҳаёси ўртасидаги кураш. Шоир маъшуқанинг ҳолатини ич-ичидан туйган ва уни маҳорат билан куйлай олган.

Ҳамма масалада биринчи қадам қийин кечади. Биринчи қадам босилгандан кейин қўрқув ва ҳижолатликлар тарқаб унинг ўрнини бошқа туйғулар эгаллайди. Бу ҳам инсоннинг табиатига хос ҳолат:

Биринчи қучиш-у, илк бўсадан сўнг
Бизлар янгиландик, дунё ҳам янги.
Қайгадир чекинди қора рангу мунг,
Ҳар ёнда баҳорнинг ям-яшил ранги.
Гўёки ширин туш бўлганидек ўнг,
Бизни элитарди севги оҳанги.
Бўсадан, боқишдан, қучишдан сармаст,
Дунёни қучоқлаб кўтарардик даст.

Умри поёнида муҳаббатидан хотиралар қидириб анҳор бўйларига, анҳорнинг маъшуқаси билан бирга кезган чап тарафига борган ошиқ ўзларидан бирор из ҳам қолмаганини пайқайди: суюкли мажнунтол ҳам, ўриндиқ ҳам йўқ. Фақат шафқатсиз хотиралар, ёшлигида кўнглидан ўтган ғурурнинг овози қалбини кемиради: “Барини англардим, сезардим, аммо, Гумонга бошларди сохта бир товуш: «Мағрур бўл, йўлингда ҳали не барно Гаҳ десанг қўлингга қўнар мисли қуш. Шаҳарлик қиздан қоч, қилмагин парво,То ёниш бор экан, бор эрур совуш!»

Достон қаҳрамони шунчаки енгил-елпи ёшликнинг ҳою-ҳавасларига, ўйин-кулгига берилиб муҳаббатидан айрилган йигит эмас. Ёки у бошқа бир гўзалларнинг кетидан қувгани йўқ. У ақлли йигит. У “Ватан эрки” деган қутлуғ тушунча, “эрк” деган ғоя дарди билан яшаган. Бу йўлдаги кураш ва ғалаба ишқи билан ёнган. Йигит назарида юртининг кишанлардан озод бўлишига, бир ҳайқириқ билан дунёни қайириб юборишига ишонарди ва бунга умрини тикканди. Шу боис: “Юракда эрк ишқи топсин деб камол Қадим булоқлардан сувлаб яшардим. Қутлуғ онт бошимда зўр байроқ эди, Муҳаббат гўёки майдароқ эди…”, – дейди.

Лекин орадан йиллар ўтиб ўттиз йилдан сўнг тасодифан юз берган учрашув муҳаббатнинг унча ҳам майда нарса эмаслигини англатди йигитга. Бу учрашув ошиқ-маъшуқларнинг муносабатларига, муҳаббатларини паймон қилган сабабларга аниқлик киритиб олишга имкон яратди. Албатта, энди кеч эди, буни иккала томон ҳам тушунарди. Лекин армонга айланган муҳаббат ҳар икки кўнгилни ўттиз йил давомида тарк этмаган, ўттиз йил давомида қийнаган. Ҳар иккала томон ҳам айбдорни қидирган. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас-да, чин муҳаббат кўнгилни ҳеч қачон тарк этмайди. Муҳаббат тарк этмайдими ёки кўнгил уни қўйиб юборолмайдими? Тўғрироғи кўнгил қўйиб юбормаса керак. Бу туйғу кўнгилга керак. Бу туйғунинг изтироби ҳам кўнгилга хуш ёқади. Кўнгил эса ўзига хуш ёққан, унга ҳузур бағишлаган туйғудан ҳеч қачон воз кечолмайди. Унинг соҳиби қанчалик ақлли бўлмасин, кўнглига эгалик қилолмайди. Унинг етовига юришдан, азобларини туйиш ва бунга бардош беришдан ўзга чораси йўқ. Афсуски, ҳар хил баҳоналар билан ўзни овутишдан ўзга чора йўқ: “Жаранглаб курашдим, дейман, чиннидек. Ишқимни йўқотдим, лекин, жиннидек”.

Достон қаҳрамони шунча изтироблар ичида ҳам яна ўзини бермайди, сўзини бермайди:

Ҳали ҳам курашдан мен қайтганим йўқ, –
Ватаним эркининг ҳимоясиман.
Ҳар сўзим, қарагин, чарсиллаган чўғ –
Оловдек авлоднинг ниҳоясиман.

Бу мисраларда ҳақиқат бор. Асар қаҳрамони буни ўзининг хатти-ҳаракатлари билан кўрсатади. Бу билан ўзини ҳам бир оз овунтиради. Лекин бой берилган нарса ҳам жуда қимматли. Достон қаҳрамони иккисини бирга тутиб туриш мумкин эканлигини, муҳаббат ғоялар учун курашда фақат куч-қувват беришини, бир нарсада нимагадир эришиш учун иккинчисини қурбон бериш шарт эмаслигини, афсуски вақтида илғамай қолган.

Достоннинг тўртинчи қўшиғи хотиралар бағрида ўзни унутмоқ, аламлар, изтироблар билан ўзни кемирмоқ қўшиғи.

Тўхтайман томоққа тиқилган зордан.
Қанийди, яна мен тутиб гулдаста,
Табассум олсайдим гулдек рухсордан.
Ҳаммаси бўларди буткул ўзгача,
Бўсаю силашдан тортиб, сўзгача.

Бу мисралардан нафақат шоирнинг, балки ўқувчининг ҳам томоғига йиғи тиқилади. Висолидан ўзи учун ўзи ҳижрон ясаган ошиқ ўзининг ишқдаги беуқувлигидан изтироблар чекиб кечирим сўрашга тили айланмай товонига ботган муҳаббат тиконининг заҳридан озорланиб севгининг машаққатли йўлларидан кетиб бормоқда. Бу йўлдаги машаққатларидан ҳузурланмоқда:

Йилларнинг шамоли кўрсатди кучин,
Англадим: муҳаббат ўзи буюк дард.
Дардлилар дунёда кўп экан мунча!
Дардлилар дунёси хўб экан мунча!

Бугун қаҳрамони билан бирга дардлиларнинг “хўб” дунёсида, дардлилар сафида юрган, муҳаббат дардини самимий куйлаб ўзгаларга маънавият улашаётган ўзбек шоирининг кўнглини ҳам муҳаббат ҳеч қачон тарк этмасин! Ишқсиз бедардлар давраси дардкаш шоирга ҳамиша бегона бўлсин!

Хуллас, шоир А. Шернинг ижоди айни йигитлик палласида. Муҳлислари ундан яна кўплаб самимий сатрлар кутиб қолади.

Қундузхон ҲУСАНБОЕВА  

SHARE