БМТ Бош котиби минтақа раҳбарларини бирдамликка чақирди

UN Photo/Eskinder Debebe. БМТ Бош котиби Ўзбекистон Бош вазири билан бирга вертолетда Оролни кузатишмоқда. 2010 йил 4 апрель.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Ўзбекистон мустақиллигининг 21 йиллиги муносабати билан йўллаган мактубида Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларини минтақанинг сув ва энергетика муаммоларини ҳал этишга чақирган. Бу ҳақда 12news.uz хабар беради. Пан Ги Муннинг фикрига кўра, Марказий Осиё минтақавий ҳамкорлик ҳамда умумий вазифаларни ҳал этишга биргаликда ёндашув топиш талаб қилинадиган янги давр остонасида турибди.

“Мен минтақа сув ва энергетика муаммоларини ҳал этишда бошқа Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан бирга, Сизнинг етакчилигингизга умид қиламан”, деб ёзади БМТ Бош котиби.

БМТ Бош котиби, шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги иштирокига ҳам алоҳида урғу берган. “Афғонистон, ва умуман, минтақада барқарорлик ва иқтисодий тараққиётни таъминлашга қаратилган минтақавий саъй-ҳаракатларда иштирок этишингиз ва изчил қўллаб-қувватлашингиз ўта муҳим аҳамиятга эгадир”, деб қайд этади у, жумладан.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сўнгги пайтларда минтақадаги сув ресурсларининг қуйи нуқталарида жойлашган давлатлар — Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон трансчегаравий дарёларнинг бош қисмида йирик ГЭСлар қурилишига қарши чиқишмоқда. 2010 йил апрель ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТ Бош котиби йилдан-йилга қуриб бораётган Оролни кўриб, уни “жаҳоннинг энг ёмон экологик фожеаларидан бири”, деб қайд этган.

 

SHARE