Ўзбeк киноси Голливудни забт этмоқда. “Қанотсиз фаришта” — Америкада суратга олинган биринчи ўзбек киноси

Ўзбeк киноси Голливудни забт этмоқда.

“Қанотсиз Фаришта”. Америкада суратга олинган биринчи ўзбек киноси.

 

Олтин мерос. Ўзбeкистoн заминида дунё кино оламига маълум бўлган жуда кўп машҳур сaнъaткoрлaр етишиб чиққан. Ўзбек киносини юқори чўқилларга олиб чиққан буюк кино режиссёрларимиз Йўлдош Ағзамов, Наби Ғаниев, Комил Ёрматов, Шуҳрат Аббосов, Латиф Файзиев ҳамда бетакрор иқтидор соҳиблари, актёрларимиз Aбрoр Ҳидoятoв, Oлим Xўжаев, Шукур Бурxoнoв, Рaззoқ Ҳaмрaeв, Сoрa Эшoнтўраева, Аббос Бакиров, Ҳaмзa Умaрoв, Ўлмaс Aлихoджaeв, Рустaм Сaъдуллaeв, Мурoд Рaжaбoв, Дилoрoм Қaмбaрова вa бошқа буюк сaнъaткoрлaр жаҳон кинодурдоналаридан муносиб ўрин эгалаганлар. Шу билан бирга, мустабид даврида кўпчилик яратилган кинокартиналар собиқ иттифоқ киноси олтин фондида сақланган бўлса-да, аммо дунё юзини кўришдан маҳрум эди.

 Мустақиллик шарофати. Ватанимиз мустақиллиги шарофати билан, бугунги кунда ўзбек киноси ҳам жаҳон аренасига чиқа бошлаб, халқаро кинофестивалларда муносиб иштирок эта бошладилар. Жаҳонга машҳур Голливудда ҳам ўзбек сценаристлари, режиссёрлари ва актёрлари пайдо бўла бошладилар. Яқинда Голливудда пайдо бўлган биринчи ўзбек қалдирғочлари ҳақида ўзбек журналисти Мавлон Шукурзоданинг АҚШда тайёрлаган бир қатор туркум мақолаларида бу ҳақда кенг ёритилган. Маълумки, Голливудга ўзбеклардан биринчи бўлиб таниқли ёзувчи, адабиётшунос олим, киносценарист Шавкат Азимов кириб келган. Америкаликларга у АҚШ Конгресси кутубхонасида Алишер Навоийга бағишланган катта тадбирда иштирок этиб, ўзининг қизиқарли чиқишлари билан танилган. Унинг кейинчалик Aмeрикaлик прoдюсeрлaр вa Гoлливуд рeжисёрлaри oлдида ўзбeк хaлқининг бoй тaриxи вa гўзaл мaдaнияти ҳaқидa қилган сермазмун маърузалари кўпчилик америкалик кино мутахассислари назарига тушиб қолади. Шу тариқа Голливудда биринчи ўзбек мутахассиси пайдо бўлиб ўз ижодий ишларини бошлайди.

Голливудга ўзбеклардан биринчи бўлиб таниқли ёзувчи, адабиётшунос олим, киносценарист Шавкат Азимов кириб келган

 “Қанотсиз Фаришта”. Америкада суратга олинган биринчи ўзбек киноси. Шавкат Азимов сценарияси асосида Америкада ўзбекистонлик ва америкалик таниқли кино усталари иштирокида “Қанотсиз Фаришта” филми суратга олина бошланди. Яқин кунлар ичида мазкур кинокартина дунё кинo ихлoсмaндлaригa тaқдим этилaди. Бу фильмни тaниқли ўзбeк кинo рeжиссёри, иқтидорли клипмейкер Баҳoдир Йўлдoшeв сурaтгa oлмoқдa, фильм жараёнлари Aмeрикa Қўшмa Штaтлaри вa Ўзбeкистонда кечмoқдa. Ушбу картинанинг тўлиқ тафсилотлари билан ўқувчиларимизни шу йилнинг декабр ойида фильм тўлиқ монтаж қилиниб бўлгач, албатта, кенгроқ таништирамиз.

 “Қоплон ови”. Америкада суратга олинаётган иккинчи фильм. Мазкур бадиий фильм ҳам Шавкат Азимовнинг сценарияси асосида суратга олиняпти. Мазкур фильмнинг умумий тафсилотлари хусусида таниқли ўзбек кино актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жалол Юсуповдан сўрашга қарор қилдик. Истеъдодли актёр Жалол Юсуповни биз севимли фильмларимиз “Чинор остидаги дуэль” фильмидаги Зокир, “Суюнчи” филимида Турсунбой, “Гастарбайтер” фильмида Обид ролларини маромига етказиб ижро этгани орқали яхши таниймиз. Умуман олганда, ёшлигиданоқ эсда қоларли образларни яратган, эътиборлиси эса, шу кунларда хам у кино ва театр санъатида самарали фаолият юритиб келмоқда. 1969 йили Тошкент шаҳрида дунёга машҳур дарбозлар Тошкенбоевлар оиласида таваллуд топган Жалол Юсупов шу кунларда иш юзасидан Америкага ташриф буюрганлар. Биз ҳурматли актёримизни Голливудда учратиб уларнинг бўш вақтларини топиб кичик бир суҳбатга чорладик. Жaлoл Юсупов билaн суҳбaтлaшгaнингизда, бу инсoннинг нaқaдaр сaмимий, қувнoқ, сoддa ва шунинг билан бирга зукко ва ақлли инсoнлигини ҳис қиласиз:

 — Жалол Шарафутдинович, сиз ўзбекистонлик машҳур санъаткорлар сулоласидансиз. Сиз бундан ғурурланасизми? Ота ва онангиздан қандай хислатларни ўзингизда мужассам қилгансиз?

 

Жалол Юсупов.  “Чинор остидаги дуэл” фильмидан кадр.

Албатта, бу менга катта масъулият юклашини ҳам кичкиналигимдан ҳис этиб келаман… Отам Шарофитдин Юсупов машҳур дарбоз ва цирк масхарабози Акром Юсуповнинг шогирди бўлиб, давлат циркида 35 йил дарбоз ва масхарабоз сифатида меҳнат қилдилар. Бу касбнинг нақадар оғирлигини мен болалигимданоқ сезганман, чунки болалигим цирк санъатига уланиб кетган эди. Очиғи, болалигим қачон бошланиб ва қачон тугаганини эслай олмайман… Оилада кенжа фарзанд бўлсам-да, санъатнинг нони қанчалик оғирлигини ўз кўзим билан кўрдим, айниқса, бир куни дадамнинг цирк майдонида оғир жароҳат олганлари ҳеч кўз ўнгимдан кетмайди…

Жалол Юсупов

Кейинчалик дадамнинг қандай матонатли инсон эканлигини кўриб жуда ҳам мағрурланганман. Шу-шу дадам ҳаётимда мен учун бир умр ўрнак бўлиб қолдилар. У киши циркка яна қайтдилар ва кейинчалик Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Тошкенбоев раҳбарлигидаги дарбозлар жамоасига директорлик қилганлар. Онам Анора Тошкенбоева ҳам ёшлигидан циркда акробат дарбоз бўлиб ишлаганлар. Кейинчалик эса ижодий йўналишни танлаб Тошкент давлат университетининг (Ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетига ўқишга кириб, Ўзбекистон радиоси ҳамда “Тошкент оқшоми” – “Вечерний Ташкент” газеталарида кўп йиллар ҳизмат қилганлар. Қисқасини айтсам, мен дадамдан ирода ва матонатни, онанмдан эса ўз касбим учун зарур ижодий ёндашувни  ва сабр-тоқатни олдим десам муболаға бўлмайди.

 — Болалик даврим цирк санъатига уланиб кетди, деб айтдингиз. Цирк аренасига биринчи қадамларингизни неча ёшингизда қўйганингизни эслайсизми? 

 Оилавий удумларимизни давом эттирган ҳолда, мен 3-4 ёшимданоқ “Ўзбекистон дарбозлари” жамоасида “акробат дарбоз” сифатида цирк аренасида иштирок эта бошлаганман. “Симдор” деб номланган эркин дорда, “каттадор” деб номланган катта дорда турли мураккаб трюкларни бажарардим. Мазкур жамоа билан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларинини, МДҲнинг барча давлатлари, Конго, Лаос, Польша каби давлатларда ота-онам билан гастроль сафарларида бўлганман.

 — Спортда ҳам катта ютуқларга эришганингизни биламиз. Спорт акробатикаси билан қачондан шуғуллана бошлагансиз, умуман, спортга бўлган муносабатингиз қанчалик жиддий бўлган? 

  Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мен бугунги кунда ҳам спортсиз ҳаётимни кўз олдимга келтира олмайман. Аслида эса, 7 ёшимдан спортнинг акробатика тури билан мукаммал шуғуллана бошладим. Ўтган давр мобайнида спорт акробатикаси тури бўйича 10 карра Ўзбекистон чемпиони бўлганман. Собиқ иттифоқ ва Осиё чемпионатларида ҳам бир неча бор ғолибликни қўлга киритганман. Спорт билан шуғулланишим туфайли Собиқ иттифоқнинг барча республикаларида, Шри Ланка, Непаль, Германия каби давлатларда ташкиллаштирилган турли спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этганман.

 — Сермазмун болалик ҳаётингизда кино соҳасига ҳам ўрин ажратгансиз… Кино актёрлик фаолиятингизни қачон бошлагансиз? 

 Спорт билан шуғулланиш баробарида етти ёшимда кино оламига кириб келишим бошланган. Ўша йили илк бора А. Акбархўжев суратга олган “Тиниқ булоқ” фильмида Али ролида суратга тушдим. 1978 йили эса мени кинодаги энг катта ролим ҳисобланадиган ва мени бу борада машҳур қилган “Чинор остидаги дуэл” фильмини режиссёр М.Абзалов суратга ола бошлади. Мазкур фильмдаги Зокир образи мени чинакамига машҳур қилди. Кейинчалик М. Абзаловнинг “Суюнчи” (Турсунбой роли), Э. Хачатуровнинг бокс бўйича биринчи ўзбек Жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев хақидаги “Рингга чақирилади” (Руфат Рисқиевнинг ёшлиги), ўзбек дарбозлари сулоласи Тошкенбоевлар ва чавандоз Зариповлар сулоласи хақидаги Е.Степчук суратга олган “Ҳаво пиёдалари”, шунингдек, Ш. Аббосовнинг “Оловли йиллар”, Э.Хачатуровнинг “Ҳар учтадан бири”, “Мингбулоқ булоқлари” каби фильмларида турли ролларни ижро этдим. Мен суратга тушган фильмларнинг анчаси ўзбек кино санъатининг олтин фондидан жой эгаллагани мен учун қувонарли.

 — Ўсмирлик ва ёшлик даврингизда санъатнинг қайси жанри сизга кўпроқ манзур бўла бошлади? 

 

Жалол Юсупов

Очиғини айтсам, кино ва театр мени ўз тарафига кўпроқ торта бошлади, айнан кино ва театр санъатига бўлган меҳр кучлилик қилди. Шу сабабли 1987 йили Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтига ўқишга кирдим. Институтда ўқиб юрган кезларим етук режиссёр Наби Абдураҳмонов раҳбарлигидаги “Дард” театр студиясининг “Ҳамдард” труппаси ташкил этилди. Мен у ерда ишлаб, Наби Абдураҳмоновдан театрнинг нозик сирларини ўргандим. Ўқишни тугатгач, Ўзбекистон ёшлар театрида 2006 йилгача ишлаб, мазкур театр саҳнасини кўрган “Зумрад ва Қиммат” ўзбек халқ эртаги асосида саҳналаштирилган “Юлдуз тўла осмон”, Чингиз Айтматовнинг “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”, Молернинг “Зўраки табиб”, Шолом Алейхемнинг “Томдаги камончи”, Ҳанс Кристиан Андерсоннинг “Гугуртли қиз”, Проспер Мерименинг “Илоҳий Антонио васваси ёки иблис аёл”, Т. Зулфиқорнинг “Умар Ҳайём юлдузлари”, Шарл Перронинг “Этик кийган мушук” каби 40 дан зиёд асарларда турли образларни яратдим.

 Шунингдек, “Зумрад шаҳар сеҳргари”, “Шум бола”, БМТнинг Гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикасидаги минтақавий агентлиги билан ҳамкорликда тайёрланган авангард рок кўринишидаги “Содом и Гомора ХХИ”, “Қабохат тузоғи” каби спектакллар ва бошқа турли инсценировкаларга муаллифлик ва режиссёрлик қилдим. Ана шу режиссёрлик ишларимнинг айримлари турли вақтларда йилнинг энг яхши спектакллари сифатида эътироф этилди. Бундан ташқари, Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллиги, соҳибқирон Амир Темурнинг 660 йиллиги, Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги каби давлат тадбирларини ўтказишда устозим, театр-режиссёри Баҳодир Йўлдошевга яқиндан ёрдам бердим. Кино ва театрдаги кўп йиллик меҳнатим юқори баҳоланиб, Юртбошимиз томонидан 2001 йили юксак мукофот — “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига сазовар бўлдим.

 —  Бугунги кунда сиз қандай ижодий ишлар билан машғулсиз? 

 — 2006 йилдан буён эркин ижодкорман. “Буюк санъат плюс” кино видео студиясини бошқариб келмоқдаман, шунингдек, Тошкент Эстрада цирк коллежида ёшларга актёрлик маҳоратидан дарс бераман. “Дийдор” ва бошқа театрларда спектакллар саҳналаштиряпман. “Омадсизлар”, “Аросат”, “Алданган аёл”, “Қўрғошин”, “Бир келиб кетинг қишлоғимизга”, “Шарқ ёғдуси”, “Бурч”, “Сардор” каби 50 дан зиёд фильм ва телесерияларда катта-кичик ролларни ижро этдим.

 — Жалол Шарафутдинович, суҳбатимизни Америкага қилган ташрифингиз ҳусусида давом эттирсак. Бу сеҳрли диёрга келишдан мақсадингиз нима? 

 Аввало, шуни айтишим керакки, АҚШда қизим таҳсил олади. Уни соғинганмиз… имконият бўлиб қолди, уни кўришга келдик.  Бундан ташқари, эски қадрдоним, ёзувчи, таниқли кино сценарист Шавкат Азимов ҳам янги лойиҳасини амалга ошириш учун мени шу диёрга таклиф қилди.

 — Агар сир бўлмаса, мазкур лойиҳа ҳусусида бир оз тўхталсангиз? 

 Мен кўп йиллар мобайнида истеъдодли ва йирик кинорежиссёр ва продюсерлардан таълим олиб тажриба тўпладим. Энди ўз тажрибам ва салоҳиятимини амалда қўллаш вақти келди ва мен бу ишга киришдим. Асосийси, продюсерлик тажрибамни синаб кўриш учун АҚШга дўстим Шавкат Азимовнинг янги лойиҳаси “Қоплон ови” асарини суратга олиш режасини тузиш учун хам Голливудга ташриф буюрдим. Фильм ҳақида яна бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиман, бу лойиҳа кичик маблағли фильм бўлганлиги учун ҳар бир ижодкор икки ёки уч вазифани бажаришига тўғри келади. Мисол учун мен бу фильмда ҳам бош роллардан бирини, ҳам продюссер ва фильм директори вазифасини бажаришимга тўғри келади.

 — Ахир, Голливуд дунё киноси санъатининг энг юқори чўқисси…

 Сизни тушундим. Албатта, биз олди-қочди филмлар хақида эмас, балки дунё миқёсида юқори ўрин эгаллаган йирик ва жиддий фильмлар ҳақида гап юритаяпмиз ва Шавкат Азимовга ўхшаган инсонлар Америка ва Ўзбекистон ўртасидаги боғловчи ижодий кўприк бўлади, деб ҳисоблайман ва бундай инсонлар борлиги жуда ҳам қувонарлидир. Мен голливудлик машҳур продюсерлар билан мулоқат қилганимда улар ватандошимиз, сценарист Шавкат Азимовнинг ижоди ҳақида юқори баҳо беришди ва бу инсон ҳақида илиқ сўзлар айтиб, ушбу лойиҳада биз билан ҳамкорлик қилиш ниятларини билдиришди.

 — “Қоплон ови” фильмини кимлар ва қайси кино компаниялар билан ҳамкорликда суратга олмоқчисиз?

 Ҳозирда бемалол айтиш мумкинки, “Қоплон ови” фильми Америка ва Ўзбекистон кино иждокорларининг ҳамкорликдаги илк катта фильми бўлиб, Ўзбекистон томонидан уни Санжар Азизов раҳбарлигидаги “Yappi“ студияси, АҚШдан еса “Gollivud sinema pikchers” кинокомпанияси иштирок этишади. Умуман олганда, ушбу киносценарий менда ва ўзбекистонлик ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотди. Аввало, бу лойиҳада ўзбек ва Америка кино санъати юлдузларини ҳамкорликда фильм яратишлари жуда қувонарлидир. Илгари бундай ҳамкорликни фақат орзу қилиш мумкин эди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Америка давлатлари ўртасида маданий алоқалар янги кўриниш олгани диққатга сазовордир.

 Ўзбекистонлик Санжар Азизовнинг “Yappi” студияси ватанимиздаги энг юқори мавқели кино студиялардан биридир. Санжар Азизов “Қоплон ови” фильми хақида эшитганида, мазкур киноасарни ўз студиясида суратга олиш ниятини билдирди. Ватандошларимиз орасида шундай ишбилармон ва иқтидорли ёшларимиз борлиги бизни жуда қувонтиради албатта. Ўйлаймизки, биз ўзимизга юклатилган юқори масъулиятли ижодий ишимизни юксак савияда бажариб, ўзбек киноси нималарга қодир эканини кенг жамоатчиллика кўрсатишимиз зарур.

 — “Қоплон ови” фильми бош қаҳрамонларини ижро этишга кимлар таклиф қилинган? 

Таниқли ўзбек актёри Аҳмад Бердимуродов

 Шавкат Азимов бу филмдаги бош ролга таниқли ўзбек актёри Аҳмад Бердимуродовни чорлаган ва айнан шу актёрнинг спортдаги ва актёрлик маҳоратларининг уйғунлиги фильмнинг муваффақиятли чиқишига замин яратади, деб ўйлайман. Фильмда Аҳмад Бердимуродов икки бир-бирига зид бўлган ролларни ўйнайди ва ҳамма фильмдаги трюкларни ўзи ижро этади. “Юз марта гапиргандан бир марта кўрган яхши”, дейди халқимиз, шунинг учун фильм воқеаларини олдиндан айтмаганим маъқул. Оллоҳ насиб қилса, ўз кўзингиз билан кўрганингиз яхши, лекин ишонтириб айтаманки, бу фильм жуда қизиқарли сюжетларга жуда бой.

 — Биз Аҳмад Бердимуродовни “Шайтанат” телесериалидаги Жамшид образи орқали яхши таниймиз. Бу кино актёримизни Америка кино санъати ихлосмандларига яқинроқ таништириб ўтсангиз “Қоплон ови” фильми бош қаҳрамонларини ижро этишга яна кимлар таклиф қилинган? 

 Аҳмад Бердимуратов ёш, истеъдодли, ўзбек кино актёрларидан бири. У 1997 йили ўзбек режиссери Юсуф Розиқовнинг “Тартиб” телесериалида бош роллардан бири Азамат Суннатов образини қойилмақом ижро этган. Шундан кейин у ёзувчимиз Тоҳир Малик қаламига мансуб “Шайтанат” романи асосида суратга олинган киносериалдаги Жамшид образи орқали киноихлосмандлар меҳрини қозонди. Кейинчалик ўзбекистонлик ва россиялик кино ижодкорлари ҳамкорлигида яратилган “Макрли дунё” фильмида Элёр Эргашев, ўзбек кино ижодкорлари томонидан яратилган “Паноҳ”, “Севгинатор”, “Тузоқ”, “Қалбим ўғриси” каби фильмларда турли, бир-бирига ўхшамайдиган ролларни ижро этди. Аҳмад истеъдодли актёр бўлиш билан бирга, яхши спортчи ҳамдир. У Таэквондонинг WТF йўналиши бўйича қора белбоғ соҳиби. Бишкекда ўтказилган халқаро турнирда, Жанубий Кореяда ўтказилган Жаҳон биринчилигида, АҚШда бир неча бор ўтказилган турли халқаро турнирларда ғолибликни қўлга киритган.

 — “Қоплон ови” фильмига америкалик киноактёрлар ҳам жалб қилинадими?

 

Таниқли кино актёр Лоренцо Ламас (Lorenzo Lamas)

Ҳозирги кунда бу масалада Голливуднинг кўпгина актёрлари билан музокаралар олиб бораяпмиз. Уларнинг барчалари ушбу лойиҳада иштирок этиш ниятини билдиришаяпти. Биринчи навбатда, мен мамнуният билан таниқли кино актёр Лоренцо Ламас (Lorenzo Lamas) ушбу фильмда бош роллардан бирини ижро этмоқчилиги ҳақида ҳабар қилмоқчиман, бу биз учун жуда қувонарли холдир. Ва албатта, бу фильмда таниқли актёрлар санъатидан баҳраманд бўласизлар деган умиддаман.

 Шу кунларда ўзбекистонлик иқтидорли журналисти Дилшод Жалилов Шавкат Азимов билан ҳамкорликда фильм сценарияси устида ишлаб якунлаш арафасида туришибди.  Фильм сценарияси бош муҳаррири Дилшод Жалилов фильмдаги турли диалоглар мазмун-маъносини кучайтириш ва мазкур фильм маънавий савиясини кўтариш устида алоҳида иш олиб бормоқда. Ўйлаймизки, фильмдаги актёрларнинг мулоқотлари томошабинга жуда ҳам манзур бўлади.

 

Ҳилола АЗИМ

Мавлон ШУКУРЗОДА

Маxсус Vatandosh газетаси учун.

АҚШ, Голливуд. 2012 йил.

SHARE