Шакира Тошкентга келадими?

Тошкент шаҳрида янги қурилган “Бунёдкор” футбол стадионининг тантанали очилиш маросимига дунё юлдузлари ташриф буюриши мумкин, дея хабар беради «Новый век» газетаси. Газетанинг ёзишича, мазкур стадионнинг очилиш маросими ҳам ўзига хос тарзда ташкил этилади.  “Даракчи” газетасининг ёзишича, икки қисмдан иборат бўладиган ушбу маросимда ўзбек миллий маданияти ва  футболига оид саҳна кўринишлари намойиш этилади.

Биринчи қисмда асосан, республиканинг барча ҳудудларидан ташриф буюрадиган раққосалар иштирок этишади, иккинчи қисмда эса майдонга футболчилар ва фахрийлар чиқиб келишади. Махсус эффектлар ёрдамида стадион узра турли тасвирлар намойиш этилади. Газетанинг ёзишича, майдон осмонидан ҳудди футбол тўплари тушиб келгандек бўлади ва ёш футболчилар улар билан машқларни олиб боришади. Буларнинг бари рангли лазер нурида амалга оширилади. Маросим ранг-баранг мушкабозлик билан якун топади.

Газетанинг қайд этишича, очилиш маросимида нафақат миллий эстарда вакиллари балки жаҳон юлдузлари ҳам иштирок этиши мумкин. Маълумотларга кўра, бу футбол оламида ҳам анча танилиб қолган лотин америкалик таниқли қўшиқчи Шакира бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Унинг “Барселона” жамоаси  аъзоси Пике билан яқин муносабатини ҳисобга олсак,  Шакиранинг Тошкентга ташриф буюриши ҳақиқатга яқин, деб ёзади нашр. Очилиш маросими учун яна бир вариант – бу Бейонсе. Ушду таниқли қўшиқчи шу каби тадбирларнинг энг фаол иштирокчиларидан бири бўлади.

SHARE