Дмитрий Шуков: “Мижозлар ҳали ҳам МТСнинг қайтишига ва тармоқ ишлашига умид қилишмоқда”

    МТСнинг “Ўздунробита” МЧЖ ХК шўъба корхонаси компания мижозлари билан тузилган шартномалар бекор қилиниши муносабати билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 13 миллиард сўм миқдорида маблағ тайёрлаб қўйган, деб хабар беради Kun.uz сайти “Прайм” ахборот-агентлигига таяниб.

    “МТС—Ўзбекистон” компаниясининг янги тайинланган  бош директори Дмитрий Шуковнинг сўзларига қараганда, компания мижозлар сони 9 миллион нафардан зиёд бўлиб, шу кунга қадар минг нафарга яқин абонентлар шартномани бекор қилишни сўраб, мурожаат қилган.

    “Юридик шахслардан кўпроқ мурожаатлар келиб тушди. Чунки улар мобиль ҳисоб-рақамларида кўпроқ маблағ сақлаб келган бўлиши мумкин. Бизнинг бундай минглаб мижозларимиз бор эди”, деб таъкидлади у, жумладан. Унинг фикрича, одамлар ҳали ҳам МТСнинг қайтишига ва тармоқ ишлашига умид қилишмоқда.

    Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар хўжалик суди “МТС” компаниясининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси “Ўздунробита” МЧЖ ХКнинг барча лицензияларини бекор қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги мурожаатини қаноатлантирган эди.

    Яна шуни айтиш керакки, “МТС” иккинчи чоракни 681,8 миллион доллар миқдорида зиён билан якунлаган. Бу ҳақда “Рейтерс” хабар беради. Агентликнинг ёзишича, бундай кўламдаги зарар компаниянинг Ўзбекистондаги “Ўздунробита” шўъба корхонаси лицензияси бекор қилиниши оқибатида 1,1 миллиард долларни ҳисобдан чиқариши туфайли келиб чиққан.

    SHARE