ТАТУ талабалари Webster университети дипломига эга бўлишлари мумкин

    Тошкент Ахборот технологиялари университетига Американинг Webster университети вице-президентининг ўринбосари Грант Чампан ташриф буюрди. Бу ҳақда Олам.ўз хабар беради.

    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, шу йилнинг май ойида Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Webster университети (Миссури штати) ўртасида англашув меморандуми имзоланган эди. Унга биноан, икки университет таълим ва фан соҳасида ҳамкорлик қилиш, шу жумладан, талабалар учун турли академик дастурларини жорий этиш, Webster университети халқаро кампуслари орқали талабалар ва аспирантлар алмашинувини йўлга қўйишни, илмий материаллар, мақолалар ва ахборотлар алмашиш, шунингдек, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб боришни кўзда тутади.

    Грант Чампаннинг ТАТУга ташрифи чоғида “Менежмент ва ахборот технологиялари” йўналиши бўйича ўқув дастурлари борасида ўзаро фикр алмашилди. Масофавий таълимни жорий этиш, ўзаро талабалар ва магистрантлар билан алмашиш бўйича таклифлар киритилди, шунингдек, ТАТУ битирувчиларига иккита олий ўқув юртлари дипломларини топшириш масаласи кўриб чиқилди.

    Яқин кунларда Ўзбекистонга Webster университети делегациясининг ташрифи режалаштирилган. Делегация таркибига масофавий таълим бўйича тегишли факультетлар деканлари ва мутахассислари киради.

    Қарийб бир асрлик тарихга эга Webster университети Лондон, Вена, Амстердам, Лейден, Шанхай, Шеньчжен, Ченгду шаҳарларида ўз кампусларига эга.

    SHARE