Россияда ишлаш тартиби янада қаттиқлашиши мумкин

Санкт Петербург Қонунчилик кенгаши ноқонуний иммигрантларга қарши курашишни кўзда тутадиган янги қонун лойиҳасини Россия Давлат Думасига киритиш юзасидан қарор қабул қилган. Ушбу қонун лойиҳасига кўра, ноқонуний мигрантларни депортация қилиш иммигрантлар ҳисобидан амалга оширилади, улардан бармоқ излари олинади, нелегалларни ишга қабул қилган бизнесменлар эса жаримага тортилади.

Қонун лойиҳасига кўра, Россия Федерациясига ишлаш учун келадиганлар, аввало, банкда махсус ҳисоб рақами очишлари, унда битта билетга етадиган маблағ сақлашлари керак бўлади. Ушбу маблағ ҳисобидан федерал миграция хизмати вакиллари депортация қилиш жараёнларини амалга оширишади. Бу қонун кучга кириши учун Давлат Думаси уни қабул қилиши керак.

Сўнгги йилларда Россия Федерациясида меҳнат миграцияси билан боғлиқ кескинлашиб, ҳукумат ноқонуний иммиграция билан боғлиқ вазиятни тартибга солиш мақсадида бир қатор чораларни кўрмоқда.

Айни пайтда Россияда ноқонуний миграция масаласи тобора жиддийлашиб, сиёсий доираларда муҳокама қилинмоқда. Хусусан, Россия Федерацияси Президенти В.В. Путин ўз сайлов кампанияси даврида миграция тартиб-қоидаларини янада қаттиқлаштириш таклифини киритган эди.

Путин “Независимая газета”да чоп этилган мақоласида “ноқонуний иммиграция масаласини мутлақо ҳал қилиб бўлмайди, лекин уни имкон қадар камайтириш мумкин” деб ёзганди.

Путин Россияга келган ноқонуний иммигрантлар, уларни ишга қабул қилганлар ҳамда иш ҳақи тўлаганлар учун жавобгарликни кучайтириш таклифини илгари сурди. У, шунингдек, Россияда бўлиш қоидаларини бузган чет элликлар учун тартибларни кучайтиришни ҳам таклиф қилди. Яъни бундай шахсларни мамлакатдан чиқариб юборилгая, қайта киритмаслик каби талаблар қўйилади.

Путиннинг яна бир таклифи шундайки, унга мувофиқ, иммигрантларни рус тили ва адабиёти бўйича ҳам мажбурий имтиҳондан ўтказиш талаб қилинади.

Шуни алоҳида айтиш керакки, бугунги кунда Россияда жуда кўплаб Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, уларнинг аниқ сони ҳақида маълумотлар йўқ. Улар Россиядан пул жўнатиш бўйича олдинги ўринларда туришади. Турли ҳисоб-китобларга кўра, бу 3-4 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.

SHARE