Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Илҳом Неъматов: “АҚШ ҳам, Ўзбекистон ҳам икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирмоқда”

    Бугун Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик ҳамкорлик алоқалари янада ривожланиб, янги босқичга кўтарилди. “Ватандош” газетаси ана бу жараённи кенг жамоатчиликка етказиш, қолаверса, мамлакатимиз мустақиллигининг 21 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг АҚШда Фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Неъматов билан суҳбат уюштирди. Қуйида уни эътиборингизга ҳавола этамиз.

    — Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида сўнгги йилларда ҳамкорлик алоқалари барча соҳаларда янги босқичга кўтарилди, бошқача айтганда, жадаллашди. Буни қандай омиллар билан изоҳлаш мумкин?

    — Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада жадаллашиб, янги бир босқичга кўтарилди. Бунга, албатта, икки мамлакат президентлари: Ислом Каримов ва Барак Обама ўртасидаги хат алмашинувлар, телефон орқали мулоқотлар жуда ижобий таъсир ўтказди. Кейинги пайтда, хабарингиз бор, АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон хоним икки марта Ўзбекистонга ташриф буюрди. Биринчи ташриф 2010 йилда бўлган бўлса, иккинчи ташриф 2011 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтди. Мана шу ташрифлар чоғида Клинтон хоним давлатимиз раҳбари билан мазмунли суҳбатлар ўтказди. Шу билан бирга, икки томонлама алоқалар доирасида парламентлараро ҳамкорлик ҳам кескин ривожланди. Биргина мисол, шу йилнинг апрель ойида жуда катта Ўзбекистон парламенти делегацияси АҚШга ташриф буюриб, Конгрессда мулоқотлар олиб борди, қолаверса, Шимолий Каролинада маҳаллий парламент фаолияти  билан яқиндан танишдилар. Конгресс делегацияси ҳам Ўзбекистонга ташриф буюриб, нуфузли учрашувларда, жумладан, давлатимиз раҳбари қабулида бўлишди. Хусусан, яқинда Тошкентда Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматларининг сиёсий маслаҳатлашувлари, 70 дан ортиқ АҚШ компаниялари, шу жумладан, 25 дан зиёд йирик Америка компаниялари қатнашган бизнес-форум бўлиб ўтди. Ушбу йирик анжуманлар шуни кўрсатдики, АҚШ тарафдан ҳам, Ўзбекистон тарафдан ҳам алоқаларни ривожлантиришга жуда катта қизиқиш бор. Ўйлайманки, яқин истиқболда АҚШ ва Ўзбекистон алоқалари янада ривожланиб, янги чўққиларга чиқади.

    — Маълумки, яқинда Олий Мажлис палаталари Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлади. Айтинг-чи, мазкур доктринал ҳужжатнинг қабул қилиниши АҚШ — Ўзбекистон муносабатларига қандай таъсир кўрсатади?

    — Аввало, шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон парламенти томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси жаҳон андозларига, халқаро ҳуқуқ талабларига, шу жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Устави тамойилларига тўлиқ жавоб беради. Мазкур концепцияда давлатимиз миллий манфаатларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Улардан биринчиси, Ўзбекистон дунёнинг барча мамлакатлари билан тенг ҳуқуқли ва икки томонлама манфаатли алоқаларни ривожлантириб боради. Иккинчиси, Ўзбекистон тинчликпарвар сиёсат олиб боради. Бу, демак, бошқа давлатлар ички ишига аралашмаслик, чегаралар дахлсизлигини таъминлаш ва бошқа халқаро ҳуқуқий нормалар асосида бўлади. Учинчиси, Ўзбекистон турли халқаро ташкилотларга кириш ва ундан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Концепциянинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий блокларда иштирок этмайди ва ўз ҳудудида ҳеч қандай ҳарбий база жойлаштирмайди.

    — Афғонистондан НАТО кучларининг чиқиб кетиши Ўзбекистон учун қандай таъсир кўрсатади? Ўзбекистон 2014 йилдан кейинги режалари қандай?

    — Афғонистон Ўзбекистон учун иккита муҳим омил нуқтаи назаридан жуда аҳамиятлидир. Биринчиси, хавфсизлик бўлса, иккинчиси, иқтисодий омилдир. Иқтисодий омил ҳақида гапирганда, шуни айтиш керакки, Афғонистон Ўзбекистон экспорти, жаҳон бозорига чиқиши учун энг яқин йўлдир. Мана шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Афғонистонга тўла яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Хабарингиз бор, Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беради. Бугун Ўзбекистон етказиб бераётган электр энергияси боис Кобулда 24 соат электр таъминотига эга. Бундан ташқари, биз Афғонистоннинг шимолий музофотларида телекоммуникация тармоқлари барпо этяпмиз. Чунончи, ушбу ҳудудда 11 дан ортиқ кўприклар барпо этилди. Яна бир қилинган энг катта иш — Афғонистон тарихида биринчи марта Ҳайратондан Мозори Шарифгача 70 километрлик темир йўл линияси қурилиб, бугунги кунда у яхши ишлаб  турибди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Афғонистонга жуда кўплаб қурилиш материаллари экспорт қилиб келмоқда. Ўйлайманки, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан алоқалари яқин қўшничилик ва дўстона руҳда ривожланиб бораверади. Эътиборли жиҳати, бундай алоқалар тарихан шаклланган. Масаланинг иккинчи жиҳати, яъни саволингиздан келиб чиқиб, 2014 йилдан сўнг АҚШдаги коалицияси чиқиб кетиши бўйича шуни айтиш мумкинки, хабарингиз бор, шу йилнинг май ойида Чикагода НАТО саммити бўлиб ўтган эди. Қолаверса, Стамбул, Бонн, Токио конференцияларида ҳам АҚШ ва НАТОга аъзо давлатлар шуни алоҳида қайд этишдики, улар 2014 йилдан сўнг Афғонистондан тўлиқ чиқиб кетмайди ва маълум бир кучлар у ерда қолиб, Афғонистон ҳукуматига тинчликни сақлаш ва минтақада хавфсизликни таъминлашга яқиндан ёрдам беради. Қолаверса, жуда катта иқтисодий кўмак ажратилади. Бу юқорида қайд этилган конференцияларда ҳам бир неча бор қайд этилди. Мен умид қиламанки, Ўзбекистон 2014 йилдан кейин ҳам тарихан шаклланган қардошлик алоқалари нуқтаи назаридан Афғонистонда қолган АҚШ ва НАТОнинг бошқа давлатлари билан ҳамкорликда минтақада хавфсизликни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшади.

    — Мана, АҚШда анчадан бери Ўзбекистон дипломатик миссиясини бошқариб келмоқдасиз. Хориждаги кўплаб ҳамюртларимиз билан мулоқот қиляпсиз. Айтинг-чи, улар ҳақида нима дейсиз?

    — Биз АҚШдаги ватандошларимиз яқиндан ҳамкорлик қилишга алоҳида аҳамият берамиз. Айниқса, Нью-Йорк, Нью-Жерси, Чикого, Сиэтл, Вашингтондаги ватандошларимиз билан мустаҳкам иш олиб борамиз. Уларнинг тадбирларида қатнашяпмиз, улар ҳам, ўз навбатида, бизнинг тадбирларимизда фаол иштирок этишмоқда. Албатта, ватандошларимиз Ўзбекистон тарихини, маданияти, ҳозирги кунда мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнларни бу ерда тарғиб қилишда жуда катта аҳамиятга эга. Шунинг учун биз ҳамюртларимиз билан ишлашга жуда катта аҳамият беряпмиз. Сизга айтсам ҳам бўлади, яқинда АҚШдаги ўзбеклар диаспораси раҳбарлари билан учрашиб, келажакда қандай тадбирларни амалга оширишни муҳокама қилиб олмоқчимиз. Шу муносабат билан мен барча ҳамюртларимизга ташаккур айтиб, уларни энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Мустақиллик байрами билан табрикламоқчиман. Уларга соғлиқ, оилавий хотиржамлик ва катта-катта муваффақиятлар тиламоқчиман.

    — Мустақилликнинг 21 йиллиги Сизнинг ҳаётингизда, ишда, оилангизда қандай из қолдирмоқда?

    — Аввало, мен ва оилам Мустақиллик даврида яшаётганидан, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга озгина бўлса-да ҳисса қўшишга имконият яратилганидан жуда катта, чексиз хурсандмиз.

    — “Ватандош” газетаси учун интервью беришга розилик берганингиз учун олдиндан ташаккур билдирамиз. Яна бир бор байрам муборак бўлсин!

    Фарҳод СУЛТОН суҳбатлашди.

     

    SHARE