Миржалол Қосимов 42 ёшга тўлди. ФИФА уни табриклади

Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси расмий сайти – FIFA.com футбол оламида катта номга эга бўлган ва янги ҳафтада ўз таваллуд кунини нишонлайдиган шахслар ҳақидаги анъанавий якшанбалик мақоласида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимовни табриклади, деб ёзади Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати расмий сайти. Миржалол Қосимов 17 сентябрь куни 42 ёшга тўлди.

“Миржалол Қосимов ўзбек футболи тарихидаги энг машҳур номлардан биридир. Ўзбекистон мустақилликка эришишидан аввал у СССР терма жамоасига 1987 йилги ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишга ва келаси йили ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида кумуш медалларни қўлга киритишига ёрдам берган. Кейинги халқаро мусобақаларда у Ўзбекистон терма жамоаси либосларида ҳаракат қилиб, икки марта – 2000 ва 2004 йилги Осиё Кубоги финал босқичида иштирок этди, бироқ у ва унинг жамоадошлари бирор марта ҳам жаҳон чемпионатларининг финал босқичи йўлланмасини қўлга кирита олишмади”, – дейилади FIFA.com’даги мақолада.

“Клуб миқёсида у Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси билан биргаликда уч марта Ўзбекистон чемпиони ва тўрт марта Ўзбекистон Кубоги соҳибига айланган, бундан ташқари, Владикавказнинг «Алания» жамоаси билан биргаликда Россия чемпиони ва икки марта Россия чемпионати кумуш медалларини қўлга киритган. ЖЧ-2006 саралаши охирида футболчилик фаолиятига якун ясаган Қосимов турли йилларда жами уч марта Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси дея тан олинган”, – деб ёзади ФИФА сайти.

“Қосимов, орадан бир йил ўтиб, яна бир бор «Бунёдкор» ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди ва эндиликда у ўз жамоасини 2014 йилги жаҳон чемпионати мусобақалари бўлиб ўтадиган Бразилияга олиб бориш умидида”, – дея қўшимча қилинган ФИФА расмий сайтидаги мақолада.

the-uff.com

SHARE