Конгрессмен Бэртон: “Биз Марказий Осиёнинг катта қисмини ёддан чиқариб қўйгандик”

http://www.deseretnews.com

Яқин келажакда Марказий Осиё мамлакатлари парламент делегациялари Вашингтонга таклиф қилинади. “Ипак йўли” янгиликлар лентасининг республикачилар партиясидан сайланган конгрессмен Дэн Бэртонга таяниб ёзишича, Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари билан тўғридан-тўғри мулоқотларни кенгайтирмоқчи.

“Ушбу мамлакатлар аксарияти демократик давлат барпо этишнинг бошланғич босқичида бўлиб, уларнинг қонунчилик ҳокимияти  ўз сайловчилари ва мамлакатига хизмат қилиш учун қўшимча имкониятларни излашмоқда. Шу боис ҳам АҚШ Конгресси ва ушбу мамлакатлар қонунчилик органлари билан ҳамкорлик қилиши нафақат икки томонлама дўстликни мустаҳкамлашда, балки минтақада хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган муносабатларни шакллантиришда ўта муҳим аҳамиятга эгадир”, деди жаноб Бэртон.

“Биз Марказий Осиёнинг катта қисмини эътибордан четда қолдирдик, аслида бундай бўлмаслиги керак эди. Мен ушбу мамлакатлар делегациялари билан мулоқот қилиб, уларнинг кўпчилиги АҚШ Конгрессига делегацияда иштирок этишмаганини  эшитиб, жуда ҳайратландим. Шунинг учун бундай делегация алмашувларини кўпайтириш жуда муҳимдир”, деб қайд этади конгрессмен.

Эслатиб ўтамиз, Дэн Бэртон бошчилигидаги АҚШ Конгресси делегацияси шу йилнинг июль ойида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонга ташриф буюрган эди.

SHARE