Жасур ИСҲОҚОВ: “Ўзбек фильмлари маҳаллий кинопрокатдан Америка картиналарини бутунлай суриб чиқарди”

“Ўзбек  фильмлари маҳаллий кинопрокатдан АҚШ картиналарини бутунлай суриб чиқарди”, деб айтади таниқли  режиссёр, сценарист, халқаро кинофестиваллар совриндори Жасур Исҳоқов  “Российской газета”га берган интервьюсида. “Даракчи” газетаси манбага таяниб ёзишича, Ўзбекистонда ҳар ҳафта янги фильм экран юзини кўрмоқда, йилига эса 80дан зиёд картина суратга олинмоқда.

“Эътиборлиси шундаки, одамлар ҳомий топиб, ёки уйини сотиб, унча кўп бўлмасада пул тўплаб кино олишмоқда. Камералар етарли, актёрлар ҳам бор, уларга гоҳида пул тўлашади, гоҳида эса йўқ”.

— Ўйлайманки, мана шунча фильм ортидан сифат ҳам пайдо бўлади, — дейди режиссёр. — Чунки бугун кино саноатида ҳеч кимга боғлиқ бўлмаган мустақил шахслар иш олиб бормоқда, бу эса продьюссерларнинг янги синфи пайдо бўлишига замин яратмоқда. Хусусий  кино продюсерлари республиканинг барча ҳудудларини қамраб олишган, керак бўлса  Жанубий Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга ҳам боришади. У ерда уларнинг фильмларини яхши кутиб олишмоқда.  Фильм мавзулари эса асосан комедия, оила муаммолари, қайнона-келин десак, хато бўлмайди.

“Мен яқинда Ереванда бўлдим, у ерда бор-йўғи 3-4 хусусий студия бор экан, бизда эса 100та. Улар худди ёмғирдан кейинги қўзиқорин сингари қўпайиб бормоқда. Режиссёрлар орасида эса томошабин учун рақобат бошланган — деб қайд этади режиссёр.

Унинг фикрича, ўзбек фильмлари маҳаллий кинопрокатдан голливуд фильмларини сиқиб чиқарди.

“Бизнинг кинотеатрларда америка киноси йўқ. Халқ америка киносини кўришга бормай қўйди. Ҳинд киноси ҳам аста-секин четга суриб чиқарилмоқда. Ҳозир экранларимизда куйлаётган ҳам, рақсга тушаётган ҳам, йиғлаётган ҳам ўзимизнинг ўзбек актёрлари. Ўзимизнинг фильмларни кўриш қизиқроқда”, — дейди Анапада бўлиб ўтган  “Киношок”  кинофестивалида ўз фильми билан иштирок этган кинорежиссёр Жасур Исҳоқов.

SHARE