Жорж Крол ҳам миш-мишларни рад қилди

АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Крол “Фарғона” ахборот агентлигига берган интервьюсида Америка Ўзбекистонда ҳарбий база очишни режалаштирмаётганлигини яна бир карра таъкидлаб ўтди, деб ёзади 12news.uz.

“Ўзбекистон ҳукумати билан бу борада ҳеч қанақа музокара олиб борилмаган”, деди элчи жаноблари.

У, шунингдек, АҚШ ва НАТО қуролли кучлари Ўзбекистоннинг Навоий шаҳридаги аэродромидан Афғонистонга юкларни етказиб бериш ва олиб чиқишда фаол фойдаланаётгани ҳақидаги хабарларни ҳам қайд этиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда хорижий давлатларнинг ҳеч қандай базаси ёки шунга ўхшаш объектлари очилмаслиги ҳақида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси Ўзбекистон Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси юзасидан қилган маърузаси чоғи маълум қилган эди.

Ташқи ишлар вазири, шунингдек, “бирор бир ўзбек аскари Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида хизмат қилмайди”, деб таъкидлаган.  У, айниқса, сўнгги пайтларда турли оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлаётган турли миш-мишларга ҳам нўқта қўйганди.

Бундай аввалроқ, АҚШ давлат  котиби ёрдамчиси Роберт Блейк журналистлар саволининг АҚШ Ўзбекистон ҳудудида ҳарбий база очиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларини рад этган эди.

SHARE