Нью-Йоркда Марказий Осиё маданият фестивали бўлиб ўтди

Нью-Йоркда Марказий Осиё халқларининг маданият фестивали бўлиб ўтди. Туркистон—Америка ассоциацияси, Қирғиз клуби, шунингдек, Қозоғистон маданият маркази томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Марказий Осиё халқларининг миллий куй-қўшиқлари янгради. Тадбирда Нью-Йоркда ва АҚШнинг бошқа штатларида истиқомат қилаётган Марказий Осиё халқлари диаспораси вакиллари, Ўрта Осиё халқлари тарихи, маданияти ва санъатига қизиққан кишилар иштирок этди.

— Марказий Осиё маданият фестивали биринчи марта ўтказилиши, — дейди Туркистон—Америка ассоциацияси раиси Абдулла Хўжа. — Бундан бир неча ой муқаддам қозоқ, қирғиз миллати вакиллари билан бирга учрашиб, мана шу тадбирни ўтказишга келишган эдик. Мана бугун ушбу саъй-ҳаракатимиз вожиб бўлди. Бундай тадбирларни истиқболда ҳам давом эттиришга келишиб олдик.

Тадбирда сўз олган қардош миллат вакиллари бундай тадбирлар қўшни халқлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга, АҚШда  ушбу мамлакатлар маданияти, урф-одати ҳамда тарихи ҳақида кенг маълумот беришини таъкидладилар.

Тадбирда Марказий Осиё халқларининг нафақат миллий куй-қўшиқлари янгради, балки ўз навбатида, миллий кийим-кечаклар намойиши ҳам бўлиб ўтди.

SHARE