Ўзбекистон аҳолисининг 30,2 фоизи интернет билан қамраб олинган

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти комиссияси ҳамда Халқаро электроалоқа уюшмаси томонидан тайёрланган ҳисоботда келтирилишича, Ўзбекистон аҳолисининг 30,2 фоизи интернет билан қамраб олинган. Бу Ўзбекистон аҳолисининг 10 миллион нафардан ортиғи интернетдан мунтазам фойдаланади, дегани.

БМТ янгиликлар марказига таяниб, 12news.uzнинг ёзишича, МДҲ мамлакатлари орасида Озарбойжонда аҳолининг 50, Россияда 49, Қозоғистонда 45, Беларусда 39,6, Молдовада 38, Грузияда 36,6, Украинада 30,6, Қирғизистонда 20, Тожикистонда 13, Туркманистонда 5 фоизи интернет билан қамраб олинган.

Эслатиб ўтамиз, йил бошида Ўзбекистонда интернетдан фаол фойдаланувчилар сони 8 миллион атрофида эди. Шу кунларда Тошкентда бўлиб ўтаётган ахборот-технологиялари ҳафталигида бу кўрсаткич 9,1 миллион нафардан ошганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, 3,753 миллион киши мобиль интернетдан самарали фойдаланиб келмоқда. Ўзбекистонда .UZ доменида олтита асосий регистратор бўлиб, мазкур доменда рўйхатдан ўтган сайтлар сони 14 мингга яқинлашиб қолди.

SHARE