Америкалик экспертлар Роғун ГЭСидан Ўзбекистон кўриши мумкин бўлган зарарнинг тахминий миқдорини ҳисоблаб чиқишди

    АҚШнинг Шимолий Дакота давлат университети экспертлари ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, Роғун ГЭСи қурилиши Ўзбекистонга йилига ўртача 600 миллион доллар миқдорида зарар етказади.

    Экспертлар фикрига кўра, мазкур сув иншооти барпо этилиши натижасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун сув танқислиги келиб чиқиб, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2 фоизга пасаяди. 300 минг нафардан зиёд киши ишидан маҳрум бўлади.

    Сўнгги бир неча йил давомида кенг халқаро жамоатчилик, нуфузли экологик ташкилотлар вакиллари, кўпчилик мамлакатларнинг сув хўжалиги қурилиши соҳасида тадқиқотлар билан шуғулланадиган илмий тадқиқот марказлари мутахассисларининг эътибори Тожикистоннинг Амударёнинг юқори қисмида қуввати 3600 МВтга тенг Роғун ГЭСи иншоотлари комплексини қуриш лойиҳасини қайта жонлантиришга доир қайсарона хатти-ҳаракатлари муҳокамасига қаратилмоқда.

    Ўзбекистон Роғун ГЭСини қуриш лойиҳаси кенг кўламли жиддий технологик, ижтимоий, экологик ва ижтимоий-иқтисодий таҳдид ҳамда хавфларни келтириб чиқаради, деб ҳисобламоқда.

    Ўзбекистонлик мутахассислар фикрича, станциянинг барпо этилиши оқибатида табиий сув оқими тизими бутунлай издан чиқиб, вегетация мавсумида сув ҳажми кескин камаяди, куз-қиш даврида эса уни ўтказиш ҳажми ва сарфи ошади. Бу Амударё қуйи оқимида жойлашган мамлакатларда ёзда сувнинг кескин камайишига, кучли қурғоқчиликка, шунингдек, қишда ҳалокатли тошқинларга сабаб бўлади.

    Амударё оқими гидрологик режимининг ўзгариши натижасида ўзанлардаги йўқотишлар ҳам ортади. Ҳозир ҳам сув тақчил мавсумларда бундай йўқотишлар 15 фоизгача етмоқда. Гидрологик режимнинг ўзгариши оқибатида Амударё қуйи қисмидаги кўллар ва ветландларнинг қуриш жараёни бир неча марта тезлашади, янги шўрхок ва тақир ерлар пайдо бўлади. Оқибатда у қишлоқ хўжалик экинлари етиштириладиган майдонларни туз бўронлари билан зарарлайдиган аёвсиз манбага айланади, тупроқ унумдорлиги ҳамда ҳосилдорлик кескин пасайиб кетади. Бунинг оқибатида дунё миқёсидаги экологик муаммо ҳисобланган Орол денгизи ҳалокати янада мураккаблашади.

    Шу тариқа Ўзбекистон ва Туркманистон ишлаб чиқаришининг иқтисодий асоси бузилади ҳамда ушбу мамлакатларнинг Амударё қуйи оқимларидаги воҳаларда яшаётган 10 миллиондан ортиқ аҳолиси турмуш тарзи батамом издан чиқади, одамлар қурғоқчилик ва очликка маҳкум бўлиб, алалоқибат бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлади.

    Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, Роғун ГЭСи қурилиши оқибатида Амударё қуйи қисмида жойлашган мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистоннинг бевосита иқтисодий йўқотишлари 20 миллиард доллардан ошади. Бу зарарни қоплашни ҳеч ким зиммасига олмоқчи эмас. Ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайдиган сув ресурслари тақчиллиги шароитида миллионлаб одамларнинг мажбуран кўчиши билан боғлиқ кўплаб қўшимча иқтисодий ва ижтимоий муаммолар пайдо бўлади, минтақада ижтимоий беқарорлик кескинлашади.

    SHARE