Чингиз Айтматовнинг илгари чоп этилмаган асари қўлёзмаси топилди

Совет даври адабиётининг ёрқин вакилларидан бири, қолаверса, мустақиллик йилларида ҳам ўз ижоди билан миллионлаб китобхонларни хурсанд қилиб келган Чингиз Айтматовнинг муқаддам чоп этилмаган романи қўлёзмаси топилган. Бу ҳақда Қирғизистон парламенти вакили, Чингиз Айтматовнинг қизи Ширин Айтматова маълум қилган. Унинг ББС рус хизматига айтишича, китобда бир неча саҳифалар бўлмаса-да, матн 99 фоиз сақлаб қолинган.

«Замин ва флейта» деб номланган мазкур асарда адиб ўз ёшлигини, яъни 1940 йилда Катта Чўй канали қурилишидаги иштирокини ёдга олади. Мамлакат тарихидаги энг йирик бўлган мазкур қурилишда Бишкекнинг 40 минг нафардан ортиқ аҳолиси иштирок этган.  Буюк Ипак йўли ҳудудида жойлашган мазкур канални қазишда кўплаб тарихий археологик топилмаларга дуч келинади. Асар қаҳрамони ана шундай қазишмалар чоғида Қадимги Чўй буддасини топиб олади.

Ширин Айтматованинг айтишича, асар Чингиз Айтматовга хос ҳикоя қилиш услубида ҳамда соцреализм йўналишида ёзилган. Унда севги-муҳаббат ҳақида очиқ таърифлар берилади.

Чингиз Айтматов мазкур асарни нега чоп этмаганлиги сабаблари ҳали номаълум. Қизининг таъкидлашича, бу китобдаги руҳий кечинмалар ва ёрқин севги таърифлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Тахминларга кўра, асар 1970 йилларда ёзилган.

Адиб оиласи ҳозирги кунда асарни рус тилида, кейинроқ инглиз тилида чоп этишни режалаштирмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Чингиз Айтматов ўзбек китобхонлари қалбидан ўзининг «Жамила», «Оқ кема», «Асрга татигулик кун», «Қиёмат» сингари сермазмун асарлари билан муқим жой олган.

SHARE