Жеймс Коллинз: Марказий Осиёда давлатлардан бири лидерликни қўлга олиши керак

АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси, МДҲ мамлакатлари бўйича эксперт  Жеймс Коллинз Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Марказий Осиёдаги муаммоларни ҳал этишда минтақадаги давлатлардан бири  етакчиликни қўлга олиши керак, деб айтди.

—           Акс ҳолда уларнинг ўрнини учинчи давлатлар эгаллайди. Улар эса муаммони ҳал қилиш билан эмас, балки уни янада кучайтириш билан шуғулланади, — деб таъкидлади эксперт.

Жеймс Коллинз Собиқ Иттифоқ қулагандан кейинги вазиятни ёдга олиб, ўшанда энди мустақил бўлган давлатлар ўзи истаганча тараққиёт йўлидан кетмоқчи бўлгани, аммо узоқ йиллар давомида шаклланган ўзаро муносабатлар ижтимоий-иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш кераклигини кўрсатди, деб таъкидлади.

Марказий Осиё мамлакатларини бирлаштириб турувчи жуда кўплаб масалалар бор, шунинг учун ушбу масалаларда бир-бири изчил ҳамкорлик қилиши, саъй-ҳаракатларни бирлаштириши талаб қилинади.

Экспертнинг фикрича, минтақа давлатлари ҳукуматлари уларни боши берк кўчага элтадиган эмас, балки бирлаштирадиган масалалар устида ишлаши керак.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни жуда яхши ҳолатда деб бўлмайди. Айниқса, трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш, умумий чегаралар ва бошқа бир қатор масалаларда томонларда саволлар йиғилиб қолган.

SHARE