Ўзбекистонда аудиокитобларни тайёрлашга киришилди

Ўзбекистондаги “Steel Pantera” масъулияти чекланган жамияти профессионал артистлар, рассомлар ва овозрежиссёрларини жалб қилган ҳолда аудиокитобларни чиқаришга киришди. Бу ҳақда 12ньюс.ўз сайти хабар беради.

Ҳозирча компаниянинг асосий аудиторияси болалар бўлиб, дастлаб мактаб дарсликларидан ўрин олган болалар адабиёти ва асарларнинг овоз версиясини тайёрлаш кўзда тутилмоқда. Бунда асосий эътибор Ўзбек халқ оғзаки ижоди, эртак ва достонлари, шунингдек, мумтоз адабиёти дурдоналарига қаратилади. Булар орасида “Ўзбек халқ эртаклари”, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асари ҳам бор.

Компаниянинг истиқболдаги мақсадлари катта бўлиб, бу ишларга таниқли овоз соҳибларини жалб қилишган. Ўзбекистон халқ артисти А. Рафиқов, хизмат кўрсатган артист Ольга Володина, Диана Тюменова, Шомаҳмуд Шорасулов, Зулхумор Мўминова, Анвар Қартаев сингари артистлар шулар жумласидандир. Аудиокитоблардан парчалар audibook.uz сайтига жойлаштириб борилади. Шу билан бир қаторда, бепул юклаб олиш учун аудиоасарлар ҳам жойлаштирилади.

SHARE