Алишер Усмонов катта бизнес билан шуғулланишни тўхтатмоқчи

Россиянинг асли ўзбекистонлик бўлган миллиардерларидан бири Алишер Усмонов ўз активларини ягона холдинга бирлаштиргач, катта бизнесни тарк этишини маълум қилди. “Ҳозир мақсадимиз бизнеснинг турли йўналишларидаги, шу жумладан, тоғ-конь саноати, телекоммуникация, интернет ва медиа, молия ва инвестиция бизнесларини ягона холдингга бирлаштиришдир”, деди миллиардер Рейтерс ахборот агентлигига.

Алишер Усмоновнинг бизнес-империяси дастлаб руда қазиб олиш асосида асос солинган бўлиб, унинг интернет ва телекоммуникация соҳасида бизнес лойиҳалари ва инвестиция сиёсати уни дунёдаги энг йирик ва катта таъсирга эга бизнесменлардан бирига айлантириб юборди.

Алишер Усмонов холдингни ташкил этгач, унинг бошқарувида фаол қатнашмоқчи эмас. У бизнес билан шуғулланишни давом эттиришга хоҳиш йўқлигини айтган. Эслатиб ўтамиз, холдингнинг йиллик даромади 25 миллиард долларни ташкил этиши мумкин.

“Ҳар бир бизнес алоҳида менежерлар жамоаси томонидан бошқарилади. Улар акциядорлардан мустақилдирлар. Мен акциядор сифатида бошқарув ишларига аралашмоқчи эмасман”, деди Усмонов.

Алишер Усмонов “Метолинвест” компаниясининг 50 фоиз, “Арсенал” (Лондон) футбол клубининг 29 фоиздан ошиқ, “КоммерцантЪ” нашриёт уйи, “Digital Sky Technologies” компаниясининг қарийб 80 фоиз, “Муз-ТВ” телеканали, Mail.ru интернет портали акцияларига эга.

Форбс журналининг ёзишича, холдинг  унинг асосчилари фамилияларининг илк ҳарфлари асосида “USM Holding”  деб номланали. Усмонов 50 фоиз, Андрей Скоч фонди 30 фоиз, Фарҳод Мошир 10 фоиз ва менежментга 10 фоиз акцияларга эгалик қилишади. Холдинг раҳбари Усмоновнинг ҳамюрти Иван Стрешинский бўлади.

Усмонов сўзларига қараганда, холдинг олти ой ичида ташкил этилади.

SHARE