Абдулазиз Комилов Афғонистон масаласида яна бир бор Ўзбекистон ташаббусини илгари сурди

    Сурат БМТ янгиликлар марказига тегишли

    БМТ Бош ассамблеясининг 67-сессиясида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Марказий Осиё минтақасида ичимлик суви танқислиги тобора чуқурлашиб бораётганини қайд этиб, БМТ шафелигида Афғонистон масаласи бўйича мулоқот гуруҳини таклиф қилди.

    БМТ янгиликлар марказининг хабар беришича, Абдулазиз Комилов Афғонистон масаласи хусусида фикр юритар экан, «2014 йил охирига қадар Афғонистондан халқаро кучларнинг олиб чиқиб кетилиши ва мамлакатда хавфсизликни таъминлаш янги ташкил этилган афғон миллий хавфсизлик кучларига ўтказилиши ечиш мушкул бўлган муаммоларни туғдириши мумкин», деб таъкидлади. Унинг фикрича, воқеаларнинг шундай ривожланиши Афғонистон ва унинг атрофидаги қарама-қарши кучлар ўртасидаги курашнинг янада авж олишига, экстремиз ва радикализмнинг ўсишига, наркотрафикнинг янада кўпайишига, минтақада зиддиятнинг ортишига хизмат қилиши мумкин.

    «Мана шундай шароитда Афғон муаммосини ҳал этишнинг энг мақбул йўли, шубҳасиз, БМТ шафелигида мулоқот гуруҳини ташкил этишдир. Бу мулоқот гуруҳи Афғонистонга қўшни давлатлар, шунингдек, АҚШ, Россия ҳамда НАТОни ўз ичига қамраб олади», деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

    Вазирнинг қайд этишича, ушбу мулоқот гуруҳининг асосий вазифаси «ўзаро курашаётган томонлар ўртасида компромисс ва келишувга эришиш ва шу асосда Афғонистоннинг ҳарбий можароларга жалб қилинган барча этно-миллий ва диний гуруҳлари манфаатларини ҳимоя қилувчи коалиция ҳукуматини шакллантириш»дир.

    Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Марказий Осиёдаги сув муаммосига тўхталар экан, асосий сув манбалари Амударё ва Сирдарё бўлган минтақадаги сув-энергетика масалалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари асосида кўриб чиқилиши керак, деб қайд этди.

    «Биз Сирдарё ва Амударёнинг юқори қисмидаги барча гидротехник иншоотлар қурилиши бўйича лойиҳалар БМТ шафелигида нуфузли халқаро экспертизадан ўтиши ҳамда мазкур дарёлар қуйи қисмида жойлашган давлатлар билан келишилиши тарафдоримиз», деб қайд этади Ўзбекистон вазири, шу жумладан.

    Ўзбекистон ташқи  ишлар вазири БМТ ялпи мажлислари доирасида Сингапур ташқи ишлар ва адлия вазири Касивисванатхан Шанмугам, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, АҚШ давлат котибининг биринчи ўринбосари Уильям Бернс, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмед Довутўғли ҳамда Эстония ташқи ишлар вазири Урмас Паэт билан икки томонлама мулоқотлар олиб борди.

    SHARE