Нуқтаи назар: Маданиятлар тўқнашуви юз бердими?

Самюэл Хантингтоннинг “Цивилизиялар тўқнашуви” китобини ўқиганлар бўлса керак. Ўша китобда муаллиф цивилизияларнинг жўғрофий қўшничилиги жиддий можароларга олиб келади, деб ёзади. Мен ушбу китобни ўқиб, уни (цивилизация) амалда у ёки бу кўринишда тасаввур қилиб кўрган бўлсам-да, ёрқин бир мисол нуқтаи назаридан кўра олмас эдим. Аммо “Мусулмонлар гуноҳсизлиги” фильмининг суратга олиниши цивилизациялар тўқнашувининг аниқ чегарасини кўрсатиб қўйди, десак муболаға бўлмайди.

Буни нималарда кўриш мумкин? Аввало, бутун дунё оммавий ахборот воситаларида ушбу масала жиддий муҳокама қилиниб, виждон эркинлиги ва сўз эркинлиги масаласи сўроққа тутилди. Қолаверса, айнан шу фильмга нисбатан намойишлар, митинглар, пикетлар ва куч ишлатиш ҳолатлари юз берди, одамлар ҳалок бўлишди. Ва ниҳоят, бу масала йирик-йирик минбарларда муҳокама қилина бошланди. Буни якунига етай деб қолган БМТ Бош ассамблеясининг 67-сессиясида ҳам кўриш мумкин.

Унда сўзга чиққан мусулмон давлатлар бошлиқлари, ҳукумат етакчилари ва делагация раҳбарлари Ғарбни сўз эркинлиги баҳонасида инсонларнинг диний эътиқоди, бошқа динларни камситишга уринаётганида айблади. Туркия ташқи ишлар вазири бу масалада сўзлар экан, исломофобияни ҳимоя қилишни тўхтатишга вақт етиб келганини таъкидлайди. “Минг афсуски, Исломофобия ирқчиликнинг анти-семитизмга ўхшаган янги кўриниши бўлиб бормоқда. Бунга энди сўз эркинлиги ниқоби остида бундай хатти-ҳаракатларга чидаб бўлмайди”, деди Туркия ҳукуматининг ташқи сиёсат масалалари идораси раҳбари.

Яқиндагина Ғарб кўмагида Миср халқи эркин бўлсин, ўз фикрини мустақил бўлсин мамлакатни хаосга олиб келган инқилоб натижасида президентлик курсисига ўтирган Муҳаммад Мурси ҳам ўзининг Ғарб оғаларини тартибга чақирди.

“Миср фикр юритиш эркинлигини ҳурмат қилади. Фикр юритиш эркинлигики, у бировга нисбатан нафрат туйғусини шакллантириш йўлида ишлатилмаслиги керак. Биз ўзимизга хос жиҳатларимизни ва диний қарашларимизни ҳурмат қилишларини ҳамда бизга номақбул бўлган концепция ёки маданиятларни илгари сурмасликларини сўраймиз. Биздан ниманидир кутгани каби, биз ҳам бошқалардан мана шуни кутамиз”, деди у, жумладан.

Покистон президенти Асиф ал-Зардорий эса одамларнинг диний эътиқодинир ҳақоратлашни жиноят сифатида баҳолашга чақирди. “Бундай ҳолатлар юз берганда дунё ҳамжамияти кузатувчи бўлиб ўтирмаслиги керак. Жаҳонда тинчликка раҳна солган ҳамда сўз эркинлигини ғаразли мақсадида қурол қилиб, дунё хавфсизлигига таҳдид солаётганларни жиноий жавобгарликка тортиши керак”, деб қайд этади.

Бундай чақириқлар Ғарб етакчиларини ҳам муносабат билдиришга ундади. Улар одамларнинг диний эътиқодини топташ яхши эмаслигини таъкидлашган бўлса-да, лекин сўз ва фикрлаш эркинлиги инсон ҳуқуқининг асоси бўлиб қолажагини уқтиришди. Яъни, қанча нолиманг, динни ёмонлаш жиноят бўлмайди, деб қайд этишди.

Хусусан, АҚШ президенти Барак Обама ўзининг ярим соатлик нутқи давомида ушбу масалада ўз фикрини билдириб, “ёмон сўзга қарши энг яхши қурол репрессия эмас, балки ўша ёмон сўздан-да кучлироқ сўзлашдир”, дея ўз позициясини билдирди.

Германия ташқи ишлар вазири Гидо Вестервелле яқинда араб дунёсида юз берган зўравонлик ҳақида ўз муносабатини билдириб, “озодликнинг иккита боласи бор: ҳурмат ва тоқат. Эркинлик жавобгарликдан холи эркинликни англатмайди”, деди.

У исломга қарши уятсиз бир кинодан туйғулари жабрланган мусулмонларни тўғри тушунишини айтиб, ҳар қандай шароитда ҳам зўравонликка йўл қўйиш ақлли одамнинг иши эмас, деб таъкидлади. Вазир гап бу ерда маданиятлар тўқнашуви ҳақида кетмаяпти, балки цивилизациянинг ичида кетяпти, деб қайд этди. Экстремистлар араб дунёсида ўзгаришлар бўлишини хоҳлашмаяпти, улар зўравонлик орқали халқ устидан назорат ўрнатишни хоҳлашмоқда. “Улар бунга эришишларига йўл қўйиб бўлмайди”, деди у.

Умуман, маданиятлар тўқнашуви бир дин билан боғлиқ эмас. Аммо унинг элементлари  одамлар ҳаёти, турмуш тарзи, анъаналари билан кечади. Дин ҳаётимизда катта роль эгаллагани учун ҳам у маданиятлар тўқнашувида асосий восита бўлиши мумкин. Нега дин цивилизациялар ва бошқа урушлар учун асосий омил бўлиши мумкин? Чунки динни ёмонотлиқ қилиш билан одамларнинг қалбига ҳужум қилинади. Умуман, дунё тарихини, бугунги сиёсий воқеаларни кузатиб, шуни айтиш мумкинки, мусулмонлар бирмунча қизиққон халқ. Араб воқеалари бунга яққол мисол, албатта. Бу ўзига хос характер. Бу характер мусулмонларнинг энг нозик жойидир. Чунки кимгадир қанақадир тўс-тўполон керак бўлса, уни уюштириш жуда онсон. Ё пайғамбаримизни карикатура қилади ёки қанақадир кино олади…

Умуман, цивилизациялар тўқнашуви бўлиши аниқ ва бу жараён жуда изчил кечаяпти. Инсон, қонун, ахлоқ, маданият ва дин омиллари ана шу тўқнашувнинг даражасини белгилаб беради. Бугун цивилизациялар урушида ғалаба қозонишнинг ягона йўли, аввало, жоҳилларча ҳимояланиш эмас, балки ўз цивилизациясини тарғиб қилиш, тоқат билан эришилади. Бекорга “жаҳолатга қарши маърифат”, дейишмайди. Яна ким билади…

Мурод ҒОФУРОВ.

SHARE