Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси — финалда!

Сурат Ўзбекистон футбол федерацияси сайтидан олинди

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси делегацияси Эронда ўтказилаётган Осиё чемпионатидан 7 октябрь куни қайтадиган бўлди. Таъкидлаш жоиз, терма жамоанинг қайтиш чипталари айнан шу санага олинган эди, деб хабар беради Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.

Гуруҳ босқичини қийинчилик билан ўтказган, гуруҳ босқичи якунига кўра бир неча сонияга бўлса-да мусобақани тарк ҳам этган, бироқ охир-оқибат Ҳиндистон ўсмирлар терма жамоасининг ёрдами билан чорак финал ўйини йўлланмасини қўлга киритган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Жанубий Кореядан сўнг Эрон ўсмирлар терма жамоасини ҳам мағлубиятга учратиб, Осиё чемпионати финал ўйини йўлланмасини қўлга киритди. 3 октябрь куни Теҳрондаги “Пас” стадионида ўтказилган ўйинда Дилшод Нуралиев шогирдлари Эрон ўсмирларини 3:2 ҳисобида мағлуб этишди.

Ўйиндаги илк хавфли вазият ўзбекистонлик ўсмирлар томонидан содир этилганига қарамай, Али Дўстмеҳр шогирдлари 4-дақиқадаёқ ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Тахминан 30 метрлар масофадан белгиланган жарима зарбасини эронлик ўсмирлар сардори Саидмажид Ҳусайний амалга оширганидан сўнг, зарба кучсиз чиққан бўлса-да, Иброҳим Абдуллаевга тегиб, рикошет бўлиб Сарвар Каримов дарвозасидан ўрин олди.

Тезкор гол Нуралиев шогирдларини довдиратиб қўймади. Аксинча, Ўзбекистон термаси аъзолари қулай фурсатни пойлаб, биринчи бўлимнинг ўзида ўйин тақдирини деярли ҳал қилишди. Дастлаб, 13-дақиқада Улуғбек Давлатов майдон марказида тўпни эгаллаб олиб, рақибнинг бир ўйинчисини алдаб ўтиб, тўпни қанотдан очилиб чиқаётган Достонбек Ҳамдамовга ташлаб берди. Қанот ярим ҳимоячиси эса Дониёл Козимния дарвозасини аниқ нишонга олди.

35-дақиқада келиб Ўзбекистон ўсмирлари ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Шу куни ўз таваллуд айёмини нишонлаган Жамшид Болтабоев майдон марказига яқин нуқтада жарима зарбасини амалга оширди, тўп Эрон жарима майдончасидан қайтиб чиққанидан сўнг тўп дарвозагача 16 метрлар масофада турган Иззатилла Абдуллаевга аниқ келиб тушди, ўнг қанот ярим ҳимоячиси эса тўпни тўхтатмасдан дарвоза томон йўллаб, ҳисоб 2:1 бўлишини таъминлади. Қайд этиш жоиз, зарба жуда ҳам чиройли бўлди ва Абдуллаевнинг бу гол мусобақадаги энг чиройли голлардан бири бўлгани ҳам шубҳасиз.

Биринчи бўлим якунланишига 3 дақиқа қолганида эса Эронга қарши ўйинга сардор сифатида тушган марказий ярим ҳимоячи Отабек Шукуров ҳисобни 3:1 кўринишига келтирди. Тўпни марказда қабул қилиб олган Шукуров рақиб жарима майдончасига қадар деярли тўсиққа дуч келмади, сўнгги зарбани бериш арафасида бир ўйинчини чалғитиб, жарима майдончасига кирар-кирмас, айланма зарба билан рақиб дарвозасини ишғол қилди.

Иккинчи бўлимда Эрон катта ташаббусга эришиши, кучли иштиёқ билан тўп суриши аниқ эди. Шундай бўлди ҳам. Дўстмеҳр шогирдлари кўплаб имкониятларни юзага келтиришди, хусусан, бир неча вазиятларда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Сарвар Каримов ўз маҳоратини кўрсатишга мажбур бўлди. 88-дақиқада Амирмуҳаммад Мазлум ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди, бироқ бундан ортиғига эронликларнинг кучи ҳам, вақти ҳам етмади.

U16 Осиё чемпионати-2012
Ярим финал учрашуви
3 октябрь, чоршанба
ЭРОН – ЎЗБЕКИСТОН 2:3 (1:3)

ГОЛЛАР: Саидмажид Ҳусайний (4), Амирмуҳаммад Мазлум (88) – Достонбек Ҳамдамов (13), Иззатилла Абдуллаев (35), Отабек Шукуров (42).

ОГОҲЛАНТИРИШЛАР: Саидмажид Ҳусайний (75) – Акобир Тўраев (6), Иброҳим Абдуллаев (78).

ЭРОН: 12. Дониёл Козимния, 2. Амир Наср Озодоний, 3. Сосон Жаъфарий, 4. Комил Ҳақзода, 5. Саидмажид Ҳусайний (с), 6. Саид Иззатуллоҳий, 8. Муҳаммадризо Базаж (17. Али Ҳазомий, 56), 9. Амирмуҳаммад Мазлум, 10. Ризо Кармоллачаъб (18. Содиқ Муҳаррамий, 60), 11. Али Ригий, 16. Милод Даий.

ЎЗБЕКИСТОН: 1. Сарвар Каримов, 2. Жамшид Болтабоев, 9. Иброҳим Абдуллаев, 4. Акрамжон Комилов, 3. Ислом Исмоилов, 20. Отабек Шукуров (с), 7. Равшанбек Хурсанов, 6. Улуғбек Давлатов (23. Муҳиддин Одилов, 59), 15. Иззаттилла Абдуллаев (18. Ойбек Эркинов, 83), 17. Достонбек Ҳамдамов, 11. Акобир Тўраев (21. Шоҳжаҳон Аббосов, 70).

ҲАКАМЛАР: Юсуф ал-Марзуқ (Кувайт), Ҳасан ал-Тавадий (Қатар), Азман Бин Исмоил (Малайзия), Салоҳ Муҳаммад ал-Аббосий (Баҳрайн).

the-uff.com

Юқорида, шунингдек, учрашувда киритилган голларни ҳам томоша қилиш мумкин.

SHARE