Номзодларнинг илк теледебати: Ромни Обамадан устун келди

Колародонинг Денвер шаҳрида Америка президентлигига номзодлар — Барак Обама ва Митт Ромни ўртасида теледебатлар бўлиб ўтди. Бир ярим соат давом этган теледебатлар чоғида номзодлар мамлакат ички сиёсати ва иқтисодий аҳвол хусусида баҳслашишди.

Митт Ромни ҳар доимгидек Обама маъмуриятининг иқтисодиётин  сиёсатини, айниқса, Уолл-Стрит ислоҳотларини, шунингдек, ҳозирги катта ҳажмдаги бюджет тақчиллигини танқид қилди. “Жаноб, Сиз бу муаммони 2008 йилда ҳал қиламан, деб ваъда бергандингиз-ку!”, деди истеҳзо билан.

Унинг сўзларига кўра, агар президент бўлса, “Хитойдан қарз олишни талаб қиладиган” ҳар қандай давлат дастурларидан воз кечади.

Ўз навбатида, Барак Обама ўз рақибини яна бир марта “ваъдабоз”ликда айблади. Ваъда беришдан олдин, уни бажаришни ҳам ўйлаш керак, деди АҚШнинг амалдаги президенти.

Обаманинг қайд этишича, Ромни ғазна пулларини хориждаги кераксиз ҳарбий операциялар учун йўналтирмоқчи. Бу пуллар, ваҳоланки, солиқ тўловчиларнинг меҳнати маҳсулидир, деди у.

Митт Ромни давлат бюджети тақчиллигини Обама ислоҳотлари натижасида рўёбга чиқарилаётган соғлиқни сақлаш дастуридан воз кечиш ҳамда жамоат телеканалларига ажратилаётган дотацияларни камайтириш орқали эришмоқчи.

Обама ҳам ўз ўрнида Ромнига ҳужум қилиб, кекса америкаликларга тиббий хизмат учун ваучерлар бериш ҳақидаги Пол Райаннинг ташаббусини танқид қилди.

Теледебатлар бошида бир оз асабий ҳолатда бошланган бўлса-да, аста-секин вазият юмшаб, рақиблар бир-бирига эътироз билдириш ва мини-лекциялар ўқишга кўпроқ эътибор қарата бошлашди.

CNN телеканали ORC International билан ҳамкорликда сўров натижаларига кўра, Обаманинг чиқишидан аудитория кўнгли тўлмаган. Хусусан, таҳририят боғланган сўров иштирокчиларнинг 67 фоизи Митт Ромнига ўз овозини берган бўлса, Обамага бор-йўғи 25 фоиз респондентлар хайрихоҳлик билдирган. Мутахассисларнинг айтишича, Обама сайловчилар кутганидек ўзини намоён этмаган бўлса, Митт Ромнидан бундай ёрқин чиқишни кутишмаган эди.

Номзодлар ўртасида уч марта теледебатлар босқичини ўтказиш режалаштирилган бўлиб, кейинги раунд 16 октябрда бўлиб ўтади.

SHARE