Ўзбекистон ўсмирлари — Осиё чемпиони

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси (U-16) мамлакатимиз терма жамоалари тарихида илк бора Осиё чемпиони деган шарафли унвонни қўлга киритди.

2012-йилги Осиё чемпионатининг финал баҳсида Япония ўсмирлар терма жамоасига қарши баҳс олиб борган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси, ўйиндан кейинги пенальтилар серисясида зафар қучиб, қитъа чемпиони унвонига сазовор бўлди.

Ўйиннинг 6-дақиқасидаёқ ўз дарвозаларидан тўп ўтказиб юборган Ўзбекистон терма жамоаси, учрашувнинг 52-дақиқасигача рақиб дарвозасига йўл топа олишмади. Аммо, айнан шу дақиқа ўсмирларимиз учун омадли келди ва рақиб дарвозаси ишғол этилди. Ушбу тарихий голга эса, терма жамоамиз ҳужумчиси Акобир Тўраев муаллифик қилди. «Бухоро» жамоаси ҳужумчиси учун мазкур қитъа чемпионати жуда омадли келди, дейиш мумкин. Эсингизда бўлса, Акобир Тўраев чорак финал баҳсида Жанубий Корея ўсмирлар терма жамоаси дарвозасини ҳам ишғол этиб, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишига сабабчилардан бири бўлганди.

Бугунги баҳсда дарвозаларга бошқа тўп киритилмади ва 1:1 ҳисоби ўйин якунигача ўзгармади. Шу тариқа, иккала терма жамоа аъзолари пенальтилар сериясида Осиё чемпиони унвони учун баҳслашадиган бўлишди. Пенальтилар сериясида эса омад Ўзбекистон терма жамоасига кулиб боқди. Япониялик рақибларига нисбатан анча совуққон ва ҳотиржамроқ ҳаракат қилган Ўзбекистон терма жамоаси пенальтилар сериясида ғалаба қозонди. Терма жамоамиз дарвозабони Сарвар Каримов ушбу баҳснинг қахрамонига айланди десак, муболаға бўлмайди. Пенальтилар сериясида Япония терма жамоаси футболчиларининг иккита зарбасини қайтарган терма жамоамиз дарвозабони, мазкур ғалабага ўзининг катта ҳиссасини қўшди. 1:1 ва пенальтилар сериясида 3:1 ҳисобида зафар қучган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпиони деган шарафли унвонга сазовор бўлди.

Ўзбекистон (U-16) – Япония (U-16) 1:1 (0:1) (пенальтилар сериясида 3:1)

Голлар: Акобир Тўраев (51) – Мизутани Такума (6).

Ўзбекистон (U-16): Сарвар Каримов, Жамшид Болтабоев, Ислом Исмоилов, Акром Комилов, Улуғбек Давлатов (Илхом Абдуғаниев, 64), Равшан Хурсанов, Иброҳим Абдуллаев, Исломбек Каримов, Достонбек Ҳамдамов (Адҳам Аҳмаджонов, 46), Отабек Шукуров (к), Акобир Тўраев (Алишер Мирзаев, 90)

Япония (U-16): Нагасава, Ишида (Хироки, 78), Сузуки, Мотеги, Ватару, Сугимото, Аояма (Коки, 57), Мизутани Такума (88),Миямото, Миёши,Казуя (к).

Ҳакамлар: Абдулраҳмон Абду (Қатар), Абдулла Ал Шалвай (Саудия Арабистони), Хсу Мин Ю (Хитой Тайпейи), Стребре Деловски (Австралия)

Комиссар: Жерри Хуанг Сонг (Хитой).

The-uff.com 

SHARE