Обама ва Ромни дуэли

Амалий сиёсатдан шахсий қарашларгача

АҚШда шу йилнинг ноябрда мамлакат президентлиги учун сайловлар бўлиб ўтади. Ҳозирги кунда мамлакатнинг ушбу юксак курсисини эгаллаш учун амалдаги президент Барак Обама ва Митт Ромни ўртасида кескин кураш кетмоқда. Хўш, бу иккала номзод Америка халқига нималар ваъда беряптию, нималарда бир-бирига қарши чиқишмоқда? Қуйида уларнинг айрим йўналишлар бўйича платформаси билан таништириб ўтамиз.

 

1. Аборт. Туғишни назорат қилиш. Ушбу масала ўн йиллар давомида АҚШ жамиятида энг кўп муҳокама қилинган масалалардан бўлиб, демократлар республикачиларни аёлларнинг репродуктив соғлиғини муҳофаза қилиш билан ҳуқуқларини поймол қилаётган айблаб келади. Кўпчилик туғиш инсоннинг танлов ҳуқуқи сифатида кўради. 1973 АҚШ Олий суди абортни Америка ҳудудида қонуний, деб топган.

а) демократлар танлаш ҳуқуқи тарафдори бўлиб, туғиш ёки туғмаслик инсоннинг конституциявий ҳуқуқи деб эътироф этишади. Барак Обама абортни легаллаштириш тарафдори бўлиб, аёллар репродуктив муҳофаза қилиниши керак, деб ҳисоблайди.

б) Республикачилар, шу жумладан, Ромни ҳар бир чақалоқ туғилиши керак, деган ғоя тарафдори. Инсонни яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш яхши эмас, бу, қолаверса, жамият қадриятларига зиддир, дейди Ромни.

2. Икки етакчи партия ўртасида мунтазам муҳокама қилиб бориладиган яна бир масала — мамлакат қарзи ва бюджет тақчиллиги масаласидир. Ҳозирги кунда АҚШнинг давлат қарзлари 15 триллион доллардан кўп бўлиб, агар ҳокимият тепасига келадиганлар тегишли чоралар кўрмаса, 2012 йилга бориб, АҚШ давлат бюджети қарзи 11 триллион доллардан ошиб кетиши мумкин.

а) Обама томонидан илгари сурилаётган дастурга кўра, сўнгги ўн йилликда АҚШ умуммиллий қарзи 4 триллион долларга қиқариши керак. Бунга йирик ҳукумат дастурларига йўналтирилаётган ортиқча маблағларни қисқартириш ҳамда Жорж Буш даврида аҳолининг бой қатлами учун жорий этилган солиқ имтиёзларини бекор қилиш орқали эришмоқчи. Шу билан бир қаторда, давлат қарзини Афғонистондан ўз ҳарбий контингентини олиб чиқиш, шунингдек, фермерлара йўналтирилаётган субсидияларни тўхтатиш орқали эришмоқчи.

б) Митт Ромни эса федерал харажатларни 2016 йилга бориб, 24,3 фоиздан 20 фоизга туширмоқчи. У давлат харажатларини Обама илгари сурган соғлиқни сақлаш ислоҳотларини тўхтатиш, бир қатор ижтимоий лойиҳаларнинг молиявий асосларини қирқиш орқали ўз мақсадига эришмоқчи.

3. Иқтисодиётни жонлантириш сайловчилар учун ўта муҳим мавзулардан биридир. Гап шундаки, АҚШда сўнгги йилларда ишсизлик кўрсаткичи 8 фоиздан ошиб, ўзига кела олмай юрибди.

а) Обама ҳокимият тепасига келгач, иқтисодиётни турғунликдан олиб чиққан бўлса-да, асосий муаммоларни ҳал қила олмади. У ишлаб чиқариш ва экспортни қўллаб-қувватлаш орқали иш жойлари ташкил этиш, ишчи мутахассисларни қайта тайёрлашга урғу бермоқда. Унинг инфратузилмани яхшилаш бўйича харажатлар дастурининг ўзи 1 миллиондан 2 миллион нафарга яқин иш жойини яратишни кўзда тутади. Обама, шунингдек, АҚШ иш ўринларини очган компанияларга солиқ имтиёзлари ваъда қилмоқда.

б) Ромни бизнесмен сифатида иш яратишда катта тажрибага эга эканлиги билан мунтазам ғуруланиб гапиради. У иш ўринларини яратиш учун икки томонлама савдо шартномаларини қўллаб-қувватлаш, давлат бюджетини мувознатлаштириш, корпоратив солиқларни 35 фоиздан 25 фоизга тушириш керак, деб ҳисоблайди.

4. Солиқ. Америкаликлар қанча солиқ тўлаши керак? Ушбу савол ҳар бир америкалик, ҳар бир тадбиркорни ўйлантирадиган жиддий масалалардан ҳисобланади.

а) Обама бойлар учун даромад солиғини оширишни ният қилган. Унинг фикрича, улар ўз даромадининг камида 30 фоизини давлат ғазнасига ўтказиши керак. Обама, шунингдек, корпоратив солиқ ставкасини 35 фоиздан 28 фоизга туширишни мўлжалламоқда.

б) Ромни ҳам солиқ ислоҳотларини ният қилган бўлиб, у корпоратив солиқ ставкасини 35 фоиздан 25 фоизга камайтириш, йиллик даромади 200 мингдан ошмайдиган оилалар учун фоизлар, дивидентлар ҳамда капитал жамғармаларни солиқдан озод қилишни ваъда бермоқда.

5. Ташқи сиёсат. Ижтимоий сўровлар шуни кўрсатдики, америкаликлар кундалик икир-чикирлардан кўра ташқи сиёсатга у даражада катта эътибор қаратишмайди. Демократлар ташқи сиёсатда урушдан кўра, дипломатияни устун кўришса, республикачилар буни ожизлик белгиси сифатида эътироф этишади.

а) Обаманинг ташқи сиёсати: Афғонистон: 2014 йил охирига қадар ушбу мамлакатдан чиқиб кетиш ҳамда толибонлар билан музокара олиб бориш; Хитой: Жаҳон савдо ташкилоти доирасида Хитойга нисбатан турли ҳуқуқий ва бошқа чораларни кўриш; Эрон: ядровий қурол яратилишига тўсқинлик қилиш, ушбу муаммони иқтисодий санкциялар ва дипломатия йўли билан ҳал этишга ҳаракат қилади; Исроил/Фаластин: Обама Қуддусни Исроилнинг пойтахти сифатида тан олади, аммо бу масала Фаластин ва Исроил ўртасида муҳокама этиилиши керак, деб ҳисоблайди. Икки давлат чегаралари 1967 йилги ҳолатга қайтиши тарафдори.

б) Ромни. Афғонистон. 2014 йил охирига қадар ҳарбий кучларни олиб чиқиб кетади, аммо толибонлар билан музокара олиб бормайди; Хитой: Ушбу давлатга нисбатан “валюта манипулятори”дек муносабатда бўлади ҳамда Хитой америкаликларнинг иш жойини тортиб олмоқда, деб ишонади; Эрон: Обамадек ядровий қурол яратилмаслиги учун фақат сўз билан эмас, балки бошқа саъй-ҳаракатлар бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Исроил/Фаластин: Обаманинг қарашларини   қўллаб-қувватлайди — икки давлат музокара йўли орқали келажакка интилиши лозим.

6. Қурол-яроғ назорати. 2012 йил 20 июлда Колародадаги кинотеатрда юз берган отишма, яъни қуролланган шахс томонидан 12 киши ўлдирилиши АҚШ жамиятида қурол-яроғнинг эркин айланишига қарши баҳс-мунозараларнинг янада илдиз отишига олиб келди.

а) Обама ўзининг биринчи муддати давомида ва ундан олдин ҳам одамлардан қурол-яроғни йиғиштириб олишга қарши эканлигини ва Конституциянинг иккинчи  тузатишини ҳурмат қилишини айтган. У учун қурол-яроғни назорат қилиш асосий йўналишлардан эмас.

б) Ромни эса қурол-яроғни тақиқловчи ҳар қандай қонунга қаршилик кўрсатишини айтади. У ҳатто қурол-яроғ ишлатувчилар жамоатчилик ташкилоти  аъзоси ҳамдир.

 7. Соғлиқни сақлаш. Президент Обама даврида амалга оширилган соғлиқни сақлаш ислоҳоти 1965 йилдан кейинги энг йирик ислоҳотдир. Гарчи мазкур қонун қабул қилинган, қолаверса, Конституциявий суд томонидан қўллаб-қувватланган бўлса-да, республикачилар у инсоннинг конституциявий ҳуқуқларига зид, деб қарашади.

а) Обама учун ушбу ислоҳотнинг амалга оширилиши, Конституциявий суд томонидан қўллаб-қувватлашга эришилиши биринчи муддатдаги энг катта ютуқдир. Чунки бу ислоҳот 30 миллион нафардан ортиқ америкаликларнинг тиббий суғуртадан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлайди.

б) Митт Ромни гарчи Массачусетс штатининг губернатори бўлган пайтларда худди шундай ислоҳотни амалга оширган бўлса-да, имконсиз одамларга тиббий суғурта бериш ёки бермаслик федерал ҳукуматнинг иши эмас, балки штатларнинг вазифаси, деб ҳисоблайди. У агар президент этиб сайланса, ушбу қонунни тўхтатишга ваъда бермоқда.

8. Иммиграция. 2011 йил якунларига кўра, АҚШда 11,5 миллион нафардан зиёд иммигрантлар бор. Аммо кейинги пайтларда иммигрантлар масаласи Америка жамиятининг энг кўп муҳокама этиладиган мавзуларидан бирига айланди.

а) Обама ноқонуний иммигрантларни қонунийлаштириш, уларни фуқаролик кчкн рағбатлантириш тарафдори. У президентлик муддатидан илк даврида DREAM қонунини илгари сурган эди. Бу қонун АҚШда ёшлигида келиб қолган, таълим олган,  ҳарбий хизматни ўтаган шахсларга Америка фуқаролиги берилишини кўзда тутарди. Аммо бу қонун конгрессда тўхтаб қолди. Кейинчалик у ёш иммигрантларни мамлакатдан депортация қилишни вақтинчалик тўхтатиб қўйди.

б) Ромни эса DREAM қонунига қарши чиққан, ноқонуний иммигрантларнинг фуқаролик олишига ҳам шундай муносабат билдиради. У АҚШ ва Мексика ўртасидаги чегарада тўсиқ ўрнатиш тарафдори, шунингдек, ноқонуний иммигрантларни ишга ёллаган компанияларга нисбатан жарима қўллаш керак, деб ҳисоблайди.

 Иккала номзод, шунингдек, миллий хавфсизлик, ижтимоий сиёсат, федарал ва штатлар муносабатлари бўйича ҳам ўз қарашларига эга.

SHARE