Чет эл фуқаролари Ўзбекистонга келиш учун “E-Visa” орқали виза олишлари мумкин

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги электрон тарзда виза учун мурожаатларни қабул қилиш ва уни автоматлаштирилган қайта ишлаш билан шуғулланадиган тизимни яратишни бошлаб юборди. Ушбу саъй-ҳаракат Ўзбекистон Президентининг Буюк Ипак йўлини қайта тиклашда Ўзбекистон Республикасининг иштирокини янада фаоллаштириш ва республикада халқаро туризмни ривожлантириш чора-тадбирлари  тўғрисидаги фармони ижросини таъминлаш ҳамда кириш визаларини беришни соддалаштириш ва тезлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.

“Жаҳон” ахборот агентлигининг хабар беришича, чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи  ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармаларига ва дипломатик ваколатхоналарига келиб тушган анкета маълумотларини қайта ишлаш электрон тизими консуллик фаолиятини такомиллаштиришга, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан алоқаларини ривожлантиришга, Ўзбекистон туризм соҳасини диверсификация қилишга қаратилган. “E-Visa”нинг асосий қулайлиги шундаки, чет эл фуқаролари дунёнинг исталган нуқтасидан Ўзбекистонга ташриф буюриш учун ўзлари виза сўраб мурожаат қилишлари ва тўлиқ шахсий маълумотларни тақдим қилишлари мумкин. Бунда, айниқса, турли турагентликлар томонидан қўйиладиган хато-камчиликларнинг олди олинади. Тизим ахборот алмашиш ва уни сақлашга кафолат беради.

Виза мурожаатларининг янги тизими виза бўйича мурожаатларни автоматлаштирилган http://evis.mfa.uz ва http://evis.uz га киритишни ҳамда қайта ишлашни кўзда тутади. Анкета маълумотлари виза олувчининг ўзи ёки таклиф қилаётган томонидан киритилиши мумкин. Барча маълумотларга киритилгач, махсус оригинал штрих код берилиб, анкета билан чоп этилади.

Тизим Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги сайтининг алоҳида саҳифаси сифатида бир қисми бўлиб,  ҳозирги кунда ўзбек, инглиз ва рус тилларида ишламоқда. Истиқболда бу тиллар кўлами янада кенгайиши таъкидланмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон “E-Visa” тизимини яратган тўққизинчи мамлакатдир. Шу пайтга қадар Австралия, Арманистон, Баҳрайн, Буюк Британия, Камбоджо, Жанубий Корея, БАА ва Америка ушбу тизимдан самарали фойдаланиб келади.

SHARE