Ташқи ишлар вазирлигининг “E-Consul” интерактив хизмати ишга тушади

     

    Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “E-Consul” интерактив хизматини тақдим этди. Бу ҳақда “Жаҳон” АА хабар тарқатди. У Ўзбекистон фуқаролари учун хориждаги консуллик ва дипломатик ваколатхоналар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини ва самарадорлигини тубдан ошириш, хориждаги муассасалар ўртасида, Ички ишлар вазирилиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида тегишли ахборот олиш жараёнида тезкор алоқаларни таъминлашга қаратилган.

    “E-Consul” тизими фойдаланувчилари қайси мамлакатда бўлишидан қатъи назар онлайн режимида ўз мурожаати бўйича тегишли маълумотларни киритиш ва олиш имкониятига эга бўлишади. Ундан “Ўзбекистон Республикасига қайтиш сертификатини расмийлаштириш қоидалари”, “Доимий консуллик ҳисобига қўйиш қоидалари”, “Вақтинчалик консуллик ҳисобига қўйиш қоидалари”, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортини тиклаш учун шахсни аниқлаш қоидалари”, “Кўп сўраладиган саволлар” каби бўлимлар ўрин олади. Мазкур интерактив хизмат Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайти базасида фаолият юритади.

    SHARE