Халқaро ўртоқлик учрашуви: БАА – Ўзбекистон – 2:2

12 октябрь куни БААда ўқув-машғлуот йиғинини ўтказаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси БАА миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.

Дубайдаги «Ал-Мактум» стадионида бўлиб ўтган учрашувда 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этилди. 16 октябрь куни Қатар терма жамоасига қарши ЖЧ-2014 сўнгги саралаш босқичи 4-тур учрашувида майдонга тушадиган Ўзбекистон миллий терма жамоси, БАА терма жамоасига қарши кечган баҳсда бир қатор янги футболчиларни синовдан ўтказиб олди. Жумладан, аввалги ўйинларда жароҳати туфайли иштирок эта олмаган Шавкат Муллажонов, Азиз Ҳайдаров ҳамда Камолиддин Тожиевлар асосий таркибдан ўрин олишди. Шунингдек «Олмалиқ» клуби ҳужумчиси Олег Зотеевни ҳам ушбу учрашувни асосий таркибда бошлаганини таъкидлаш лозим. Зотеев 11 сентябрь куни Кувайт терма жамоасига қарши бўлиб ўтган ўртоқлик учрашуви қахрамонларидан бири, Александр Гейнрих билан терма жамоа ҳужум тандемини ташкил қилди.

Учрашув дебютида ташаббусни ўз қўлига олган Ўзбекистон терма жамоаси бир қанча ҳавфли ҳужумлар уюуштирди. Аммо, биринчи бўлим ўрталарида БАА терма жамоаси футболчилари Мурод Зуҳуров қўриқлаётган дарвоза олдида бир нечта ҳавфли вазиятларни ярата олдилар. Ана шундай вазиятлардан бирида эса ҳисоб очилди. 28-дақиқадa амирлик футболчилар уюштирган тезкор ҳужумни терма жамоа сардори Исмоил Матар гол билан якунлади.

Ўз дарвозасидан гол олиб чиққан Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари учрашувдаги ташаббусни яна ўз қўлларига олдилар. Ниҳоят биринчи бўлимга ҳакам қўшиб берган дақиқалар ўтиб бораётган бир пайтда Санжар Турсунов БАА терма жамоаси дарвозасини ишғол этди. Чап қанотдан уюштирилган ҳужум рақиб дарвозаси томон ҳаволатиб узатилди. Амирлик ҳимоячининг бошига тегиб ўз йўналишини ўзгартирган тўп Санжар Турсуновнинг оёғига келиб тушди. Миллий терма жамоамиз ярим ҳимоячиси эса, ушбу қулай вазиятни голга айлантира олди ва терма жамоаларни танаффусга 1:1 ҳисобида чиқиб кетишларини таъминлади.

Иккинчи бўлим бошидан эса, ташаббус БАА терма жамоаси футболчиларига ўтгандек кўринди. Бир қатор ҳужумлар эса 61-дақиқада ўз самарасини берди. Ўзбекистонлик ҳимоячиларнинг бироз сусткашлигидан амирлик футболчилар фойдаланиб, яна ҳисобда олдинга чиқиб олдилар. Аммо, орадан 5 дақиқа ўтар ўтмас, Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобни тенглаштиришнинг уддасидан чиқди. Олег Зотеев томонидан ишланган пенальтини терма жамоа сардори Сервер Жепаров голга айлантирди. Унинг 11 метрлик нуқтадан тепган тўпини амирликлар дарвозабони қайтаришга эришди, аммо ундан қайтган тўпни Жепаровнинг ўзи дарвозага жойлаб қўяди – 2:2.

Дарвоқе, Ўзбекистонг миллий терма жамоаси таркибида ўтказган ўйинлари бўйича рекордчи саналган Темур Кападзе учун мазкур учрашув юбилей учрашув бўлиб тарихга кирди. 55-дақиқада Фозил Мусаевнинг ўрнига майдонга тушган Темур Кападзенинг миллий терма жамоа сафида ўтказган ўйинлари сони 100тага етди.

Учрашувнинг сўнгги дақиқалари тенг курашлар остида ўтди. 2:2 ҳисоби эса, ўйин якунигача ўзгармади.

Халқаро ўртоқлик учрашуви
12 октябрь, Жума
БАА – ЎЗБЕКИСТОН 2:2 (1:1)
Голлар: И. Матар (28), Саид ал-Катирий (61) – С.Турсунов (45+2), С.Жепаров (66)

БАА: 1. Али Хасиф, 27. Умар Абдулраҳмон, 10. Исмоил Матар (С), 18. Абдулла Муса, 23. Муҳаммад Аҳмад, 14. Абдулазиз Санқур, 5. Амир Абдулраҳмон, 13. Хамис Исмоил, 15. Исмоил ал-Ҳаммадий, 8. Ҳамдан ал-Камолий, 20. Саид ал-Катирий

Ўзбекистон: 1. Мурод Зуҳуров, 5. Камолиддин Тожиев, 3. Шавкат Муллажонов (Тўхтахўжаев 64), 2. Анзур Исмоилов, 19. Виталий Денисов, 17. Санжар Турсунов (Гадоев 70), 9. Фозил Мусаев (Т.Кападзе 55), 13. Олег Зотеев (С.Андреев 88), 8. Сервер Жепаров (Таран 74) , 15. Александр Гейнрих (У.Бақоев 46)

Manba: http://the-uff.com

SHARE