КЎНГИЛ ТАХТИДАГИ СУЛТОН

 КЎНГИЛ ТАХТИДАГИ СУЛТОН

БАДИА

Шукрулло ака мен учун салкам афсонавий одам. Усмон Носирни кўрган, Абдулла Қодирий билан суҳбатлашган, Ғофур Ғуломга шогирд тушиб, кеча-ю кундуз етагида юрган, Ойбек, Абдулла Қаҳҳорлар билан қадрдон бўлган, Ҳамид Олимжон, Зулфия опалар билан “сан”лашиб гаплашиб ҳайиқмаган одамни афсонавий демай нима дейиш мумкин.

“Жавоҳирлар сандиғи”ни ўқиган пайтларимда 6-7 синфдаги гўдак бола эдим, Шукрулло ака эса оқсоқол шоир ҳисобланарди, ҳозир мен тенггиларни невараси бор, Шукрулло ака эса ҳалиям қирчиллама йигитдай, тикилиб қараса эсанкираб қоласиз. Гурзидай гаплари, довдиратади. Лекин жуда мароқли. Мароқлилигининг сабаби, Шукрулло ака кейинги юз йиллик адабиётнинг тирик қомуси! Бу киши тенгги 90 га кирган чоллар нафақанинг вақтида келмаслиги, невараларнинг шовқин – сурони, уйқу камлиги ҳақида гапиришдан нарига ўтмай, ўз маишати билан ўзи овора бўлиб қолади. Шукрулло акада эса, ҳаммаси аксинча! Ташқи ҳаётдан бошқа ташвиши йўқ! Осмон тоқига чиқиб олиб, юз йиллик адабиётни юз йилдан буён кузатиб ўтиргандай. У киши гапирган сари тарих тарих эмас куни кечаги воқеадай ёнингизга яқинлашаверади, афсонавий одамлар замонавийлашаверади.

Бир сафар бобони зиёрат қилиш учун у кишининг хонадонига қизим Маҳфуза билан бордим. Қизимга дунёда шундай одам борлигини ўзи қизиқ туюларди. Шукрулло ака ҳар қанча куйиниб, жиддий ва бироз пўписа билан гапирмасин, ёнма-ён ўтирибмиз-у, қизим учун Шукрулло ака ғоятда ғаройиб кашфиёт эди. Қизим Шукрулло ака билан газетага суҳбат уюштирмоқчи ҳам бўлди. Газетанинг йўналишидан келиб, фақат адабиёт, шеърият ҳақида фикр олмоқчи сиёсий, ижтимоий мавзулардан бироз четлаб ўтишни истарди.

– Нима сиёсатсиз адабиёт бўладими? Оммани дарди бўлмаса, газетанинг оммабоплиги қаерга боради?! Бизнинг қолоқлигимиз шунда! Бу аҳволда кетаверсак савиямиз пасайиб кетаверади. Мана, мени невараларим ҳам афанди. Бувам, шеър ёзадилар деб, катта гулзорни ўртасига хонтахта қўйиб, жой безатибдилар. Нима эмиш, шоир гулзорда ўтирса илҳом келармиш. Одамнинг юрагида дарди бўлмаса илҳом келмайди. Шоир одамларнинг дарди билан яшайди. Шоирни халқнинг ҳаёти илҳомлантиради. Замоннинг азоб – уқубати шоирнинг қўлига қалам тутади. Шоирни гулзорда ўтириб, шеър ёзадиган одам деб тушунманглар. Шунингдек, сизнинг ҳам газетангиз гулу – гулзор ҳақидаги гаплар билан тўла бўлса, бундай газетанинг кимга кераги бор!

– Сиз давримизнинг улуғ шоирисиз. Шунинг учун суҳбатимиз кўпроқ шеърият ҳақида бўлса эди деб ўйлагандим..
– Қани, нима саволлар кўтариб келдинг. Савол берувчи жавоб берувчидан кўра кўпроқ нарсани билиши керак. Яъни, кимга қандай савол бераётганини, нима учун бераётганини, нима учун бу саволни айнан шу одамга бераётганини билиши керак. Яъни кимга нима савол бераётганини билса, бирор мақсад билан, бирор мушоҳада, бирор фикр билан бераётган бўлади. Агар ҳаётда фикр бўлмаса тараққиёт бўлмайди. Очиқдан очиқ фикр алмашишимиз, қўрқувни олиб ташашимиз керак. Биз ваҳимасиз яшайлик, фикр алмаша олайлик. Фикр қилсагу, эртага биров – бировга чақиб қўйса, деган қўрқув турса ҳеч қанақа тараққиёт бўлмайди.

Бизнинг буюк келажагимизни ким яратади? Ақл яратади-ку! Масалан, 50 – йилларда энг тараққий этиб кетган давлат Япония бўлган, нима билан, ақли билан, илми билан. Биринчи патефон игнасини чиқарган. Бутун дунёга сотган. Кейин ривожланиб кетган. Шунинг учун жўяли саволларинг бўлса беравер, шунда мендан бирор жўяли жавоб чиқиб қолар.
Қизим албатта савол – жавобга тайёр эмасди. Чунки, мақсадимиз газетага интеръвю олиш эмас, шунчаки мен Шукрулло акани яхши кўрардим, юрагимда бу инсонга нисбатан меҳрим ҳамиша жўшиб турарди, суҳбатларимиз узоқ – узоқ давом этар, адабиётимизга жон қурбон қилиш даражасидаги фидоийлиги ҳамиша лол қолдирарди. Қизим, Шукрулло аканинг кўпгина шеърларини ёд олгани учун, ўзимга ҳамроҳ қилгандим. Менда ўзи шундай одат бор. Фарзандларимни музейларга, зиёратгоҳларга тез – тез олиб бораман. Шукрулло акани зиёрат қилиш , қайси музейни зиёрат қилишдан кам?! Қолаверса, Шукрулло аканинг уйига дунёнинг юзлаб машҳур ёзувчи – шоирлари келган-ки, Тошкентда бундай хонадонлар бармоқ билан санарли. Уларни нома – ном санасангиз, бир китоб бўлади. Бундай хонадондан ортиқ зиёратгоҳ борми?!

Шукрулло ака қизимни шошиб қолганини, ўзини оқлаш учун нимадир демоқчи бўлаётганини кўриб, ҳеч қиси йўқ дегандай кулиб қўйдилар.
– Мана, сен ҳам Муҳаммаджонинг хонадонида катта бўлаяпсан. Қуш уясида кўрганини қилади. Тарбия болаликдан, деган гап шу. Оилада олинган тарбиядан улуғ тарбия йўқ. Менинг ҳам уйимда ҳамма саводли эди. Отам қори бўлган. Онам отинойи бўлиб, маҳалламиз қизларини ўқитган. Уйимизга муаллима келиб, дарс берарди. Абдулла Тўқай шеърини айтиб онам бешигимни тебратган. Отам, тинимсиз равишда қулоғимга “Субҳоноллоҳ”ни қуярди. Менга китоб, ота – онамнинг ўзлари бўлишган. Болалигимда Амир Умархоннинг шеърларини ўқиш, ёд олиш урф эди. Тошкентнинг энг юқори мартабали қори-ю муфтийлари йиғилишиб хатми Қуръон ўқишар, ҳадисхонлик қилишарди. Мен ёш бола эдим. Кўчада ўйнаб юрсам, отам: – Уйга кир. Бу суҳбатларни эшит, – дея насиҳат қиларди. Муомала маданияти қандай бўлиши кераклигини ўшанда ўрганганман. Одамларнинг бир – бирига ҳурмат – эҳтиромини ўшанда кўрганганман.

Ўша болаликда кўрганларим бир умр юрагимда муҳрланиб қолди. Онам шеъриятга муҳаббат уйғотган бўлса, ва бунинг учун ҳатто қамалиб кетганимда ҳам пушаймон емаган бўлсам, аксинча битмас – туганмас бахт – саодатга эриштиргани, шеъриятга ошно этгани учун сўнгги нафасимгача онамдан миннатдор бўлсам, менга дўст бўлишни, одамлар билан муомала қилишни, меҳмонновоз бўлишни ўргатгани учун отамдан бошим ерга етгунча миннатдорман. Мен, болалигимда, оиламдан шу тарбияни олдим. Сен ҳам, Муҳаммаджонни оиласида улғаяётган экансан, албатта бирор яхши фазилатни юқтириб ол. Оиладан кўра улуғроқ тарбия маскани йўқ.

Одам илм олиши керак, кўпроқ китоб ўқиши керак. Бир кун Ғофур Ғулом билан кечқурун кетаяпмиз. Озгина кайфим бор. Ғофур ака китоб магазини олдида тўхтадилар. “Дўкон берк” – деб судрасам, Ғофур ака, “Ҳой эмчининг ўғли, отам эмчи бўлганлари учун, у киши мени шундай деб чақирардилар, ҳозир икковимиз ҳам гуноҳ иш қилганмиз, кел, деразадан бўлса ҳам, мана шу китобларга озгина тикилиб турайлик, зора савоб бўлса, гуноҳимиз тўкилса! – дейдилар. Ғофур ака, китобни шу даражада улуғлардилар. Институтни битирди дегани, илм олди дегани эмас. Илм халқ манфаати учун ишласа, у ҳақиқий илм. Институтни битириб, тирикчилигимни йўлга қўйволай деб, пора олишни минг бир йўлини ўйлаб топса, бундай маънавиятни кимга кераги бор.

Илмига амал қилмаган одам, устига китоб ортилган эшакдир. Биринчи халқ манфаатини эмас, ўз манфаатини ўйлаган одам – илмсиз, жоҳил одамдир. Мен. Бу гапимни Қодирийлар, Чўлпонлар қамалган пайтда ҳам айтганман. Мана, институтда ўқиб юрган пайтларимда 1939 йилда ёзган шеърим:

Вужудимни айлагин тилка
Виждонимни сотмайман.
Халқ дардини жойладим дилга
Ўлимдан ҳам қайтмайман.

Ушбу шеър газетада босилиб чиққандан сўнг, сўроққа чақиришди. “Халқ дардини жойладим дилга” дебсан, совет халқини дарди борми, ғамда яшайдими, совет турмуши тарзидан норозимисан, ўлимдан ҳам қайтмайдиган бўлдингми, халқни отаси Сталин, халқни у ўйлайди, сен кимсан, сен халқ душманисан, дея сўроқ қилишганда ҳам, тонмаганман, мен шоирман, халқ дарди билан яшайман, деганман. Лекин, миллатни севиш дегани миллатчилик дегани эмас.

Биз ўзбек миллатини севардик, шу билан бирга ўзга миллатларга ҳам муҳаббат билан қарардик. Биз, Расул Ҳамзатов, Давид Қуғилтинов, Мирзо Турсунзода, Берди Кербобоев, Қайсин Қулиев, Андрей Тихонов, Константин Симонов, Чингиз Айтматов, Абдужалил Нурпеисов, Аали Тўқамбоев барчамиз дўст эдик, ва бир – биримизни ҳурмат қилардик. Адабиётлар дўстлиги ҳозирги кунда ҳам давом этиши керак. Бошқа халқлардан ажралиб қолишнинг оқибати ёмон бўлади.

Миллатчилик туфайли яҳудийлар диндан қайтдилар. Пайғамбар алайҳиссалом дунёга келишларидан илгари яҳудийлар, “Ҳали бир пайғамбар келади, биз унга ёрдамчи бўламиз деб даъво қилар эдилар. Лекин Оллоҳ пайғамбарни яҳуддан эмас, араб қавмидан чиқарганда булар бирдан тўнларини тескари кийиб, кофир бўлдилар, Оллоҳнинг энг мақбул дини – улуғ ислом динидан юз ўгирдилар.” Мана миллатчилик қандай залолатга бошлайди.

Адабиётни ҳам мана шундай миллатчилик туйғуларидан сақлаш керак. Адабиёт умуминсоний, умумбашарий бўлиши керак. Ўз миллатингни севиш туйғуси ўзга миллатларни камситиш эвазига бўлмаслиги керак. Қолаверса адабиётнинг юраги бу – инсондир ! Мана, совет доврини бош мавзу қилиб олганларни ҳамма китоби, совет даврига қўшилиб кўмилиб кетди. Чунки, совет адабиётининг бош қаҳрамони, инсон эмас, совет мафкурасининг ижрочиси образи эди, аниқроғи совет мафкурасини инсон қиёфасига киритиб, кўз бўямачилик қилиш эди. Мана, ҳаммаси йўқ бўлди. Менга, бор анаву тўқувчи ҳақида роман ёзиб кел, деб буйруқ беришди, ёзсанг фалон пул мукофот оласан дейишди, ёзмадим. Бор, фалон чўлқувар ҳақида ёз, китобинг фалон минг нусхада чиқади, дейишди, ёзмадим. Менинг асарларимда ҳамиша бош қаҳрамон инсон бўлган. Мана, шунинг учун ҳам, қирқинчи йилда ёзган асарим, бугун яна қайта нашр қилинаяпти, олтмишинчи йиллардагиси ҳам, саксонинчи йиллардагиси ҳам.
Чунки, менинг қаҳрамоним, тўқувчи, механизатор, слесар эмас, инсон! Инсоннинг дарди, ўй – хаёллари, орзулари юз йил ўтса ҳам, даврлар ўзгарса ҳам, тузумлар, замонлар ўзгарса ҳам, ўзгармайди.

Менга, сен нега совет шоири бўлатуриб, советларни мақтамайсан, советларга хизмат қилмайсан дея, кўп маротаба ёқамдан олишган. Сен бизнинг тузимизни еб тузлиғимизга тупираяпсан, хароба ерларингни обод қилаяпмиз, саводсиз, оми халқингни саводли қилаяпмиз, ёввойи одамларни маданийлаштираяпмиз, сен нега бизга қуллуқ қилмайсан, қаерда бўлсанг заҳрингни сочиб, бизга қарши гапирасан, бўйсунмайсан, сени қамаш керак, халқ душманини ўғлисан, дейишарди.
Мен, уларга Фиръавн ҳам Мусога мен сени боқиб катта қилганман, дерди. Бошларингга бир кун албатта фиръавннинг куни тушади, дердим.

Мусони етим бўлиб, ота – онасиз яшашига, сандиқда оқишига, бир умр ота – онасиз, ака – укасиз, етимликда, хору – зорликда яшашига Мусо сабабчи бўлса-ю, яна “сани мен боқиб катта қилаяпман” деб миннат қилса албатта алам қилади-да. Совет ҳукумати ҳам худди шу фиръавнга ўхшарди. Ўзбек юртини босиб олиб, мен сизларни боқаяпман дерди. Бизнинг зиёлиларимиз, маданиятимизни йўқ қилиб, биз сизларни саводли қилаяпмиз, дерди.
Мана, охир оқибат совет ҳукуматининг бошига фиръавннинг ҳоли тушди…

Қизим безовта бўла бошлаган эди у бу гапларни газетага ёзиб бўлмаслигини яхши тушунарди. Менинг ҳам хаёлларим чилпарчил бўлганди. Шукрулло аканинг шиддат билан гапириши, важоҳати, тутоқиб кетишлари, гоҳо ўшқириб, гоҳо зуғум билан тасдиқлатиб олишлари, олис йиллар талабалар ётоқхонасида, адабиётга эндигина кериб келаётган чоғларимизда адабиёт “тахти” учун бир – биримизга гап бермай, бир – биримизни тан олмай, бир – биримиздан баланд эканлигимизни ошкора намойиш қилишга шайланган қўрс ва беаёв даврларимизни, ёш шоир бўлишимизга қарамай тонггача ғижжалашиб чиқадиган кунларимизни ёдимга тушириб юборганди.

Суратда: Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, шоир Муҳаммад Исмоил, Навоий мукофоти совриндори, Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло, ёзувчи Абдусаид Кўчимов.

Шукрулло акани кўрган одам, ХХ асрнинг алғов – далғовли тўқсон йилини босиб, ХХI асрда ҳам бетакрор асарлар ёзаётган, асарлари дунё халқларининг элликдан ортиқ тилларига таржима қилинган, Осиё, Африка, Лотин Америкаси, Европа халқлари адабиёт ихлосмандларидан юзлаб хатлар олиб турган, қачонлардир китоблари юз минг нусхада чоп этилган ва беармон яшадим дейишга тўла хаққи бор машҳур адиб қаршимда турибди деб ўйламасди. Қаршимизда адабиётга эндигини кириб келаётган ёш ва жангари, шиддатли ва ёрқин истеъдод эгаси турарди. Ва биз ундан енгилмас куч, ғайрат, эркин руҳ олгандик. Ватанга, адабиётга муҳаббат сабоғини олгандик.

Шукрулло ака билан хайрлашар эканмиз, ҳовлига экилган гулзорга кўзимиз тушди. Гулзор ўртасида, кичкина айвонча ва унга ўрнатилган хонтахтани кўрдик. Бу хонтахтага Шукрулло аканинг бир марта ҳам бориб ўтирмаганига ишончимиз комил эди. Шукрулло ака ўз ўрнини гулзор ичида эмас, одамларнинг юрагидаги тахтда деб биларди. Ва у ўз мухлислари юрагидаги тахтни ҳақиқатдан ҳам эгаллаганди.

Муҳаммад ИСМОИЛ

SHARE