“МТС—Ўзбекистон” бўйича сўнгги қарор 30 октябрда эълон қолдирилди

Ўзбекистон Олий хўжалик суди “МТС—Ўзбекистон” мобиль операторининг лицензиясини олиб қўйиш бўйича кассация мурожаатини кўриб чиқиш муддатини шу йилнинг 30 октябрь санасига қолдирди. Бу ҳақда “РИА Новости” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Кассация бўйича биринчи суд мажлиси 9 октябрь куни бўлиб ўтган эди. Мажлис якунида суд ишни қўшимча тарзда ўрганиб чиқиш учун 16 октябрга кўчириш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 16 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди аппеляция ҳайъати ҳам “Ўздунробита” МЧЖ ХКнинг тўрт нафар мансабдор шахсларига нисбатан ҳукмни кўриб чиқишни 30 октябрга қолдирган эди.

Телекоммуникация соҳасига яқин доираларнинг айтишича, аппеляция жараёнларининг кейинроқ муддатга қолдирилиши “МТС” ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида музокаралар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

— Гап бу ерда “МТС—Ўзбекистон” фаолиятини Ўзбекистонда тиклаш ҳақида бормаяпти, — деди ўзини ошкор қилишни истамаган шахслардан бири “РИА Новости” мухбирига. — Томонлар кўрилган зиённи қоплаш, шунингдек, янги ҳамкорликдаги бизнесда томонларнинг иштироки ва улушини муҳокама қилаётган бўлиши мумкин. Вазият тубдан ўзгариши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Бу борада на МТС, на Ўзбекистон расмийлари расмий изоҳ бермаган.

SHARE