АҚШ Транспорт қўмондонлиги қўмондони — Тошкентда

АҚШ Транспорт қўмондонлиги қўмондони генерал Уильям Фрейзер III бошчилигидаги Америка делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Делегация Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида музокаралар олиб борди.

Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда келтирилишича, томонлар Ўзбекистон — Америка муносабатларининг долзарб масалаларини, шунингдек, шу даврга қадар имзоланган шартномалар ижросини муҳокама қилишган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси берган маълумотларга қараганда,  генерал Уильям Фрейзер III Ўзбекистон ташқи ишлар вазири билан бир қаторда, Ўзбекистон мудофаа вазири Қобул Бердиев билан ҳам музокаралар олиб боради. Унда Афғонистонга Ўзбекистон орқали Шимолий таъминот тармоғи орқали юк етказиб бериш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилган.

Генерал Уильям Фрейзер III ўтган йили декабрь ойида ҳам Тошкентга ташриф буюриб,  бир қатор масалаларда мулоқот олиб борган эди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ҳарбий ва коммуникация масалаларида ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. Чунончи, томонлар Афғонистондаги таъминот ва Америка ҳарбий контингенти ва воситаларини олиб чиқиб кетишда ҳамкорлик қилмоқда.

Шу йилнинг август ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билани Америка Қўшма Штатлари Ҳукумати ўртасида Афғонистон Ислом Республикасининг хавфсизлиги, барқарорлиги ва тикланишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларда Америка Қўшма Штатларининг иштирок этиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали юкларни ва персонални ҳаво йўли билан транзит ташиш тўғрисидаги  Битимни (Тошкент, 2012 йил 28 март) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам кўриб чиқилиб, маъқулланганди. Бу ҳақда “Тренд-аз” сайти хабар тарқатганди.

Ушбу Битим АҚШ Ҳукумати томонидан Афғонистоннинг хавфсизлиги, барқарорлиги ва тикланишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистоннинг ҳаво ҳудуди орқали юкларни ва персонални транзит ташишни амалга ошириш тартибини белгилайди. Ўзбекистон Республикаси ушбу Битимни тузиш орқали халқаро ҳамжамиятнинг қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига салмоқли ҳисса қўшади.

Битимга мувофиқ, транзит ташиш Ўзбекистон томони шу мақсадлар учун махсус ажратган Ўзбекистон Республикасининг ҳаво йўлаклари бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудига оралиқ равишда қўнмаган ҳолда амалга оширилади, транзитни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи бортда юзага келган авария ҳоллари ва/ёки форс-мажор ҳолатлар бундан мустасно. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси ушбу Битимга мувофиқ транзитни амалга ошираётган ҳаво кемасини қўнишга йўналтириш бўйича ўзининг суверен ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин

SHARE