«Бунёдкор» ўз майдонида «Улсан Хюндай»га имкониятни бой берди

Осиё Чемпионлар лигаси ярим финал учрашувлари доирасидаги “Бунёдкор” ҳамда “Улсан Хюндай” клублари ўртасидаги учрашув ниҳоясига етди.

Қизиқарли кечган баҳсда 1:3 ҳисоби қайд этилиб, кореяликларнинг ғалабаси билан тугади.

Дастлаб Жавлон Иброҳимов 5-дақиқада чиройли тарзда гол уриб ҳисобни очди. Кейин эса, гол уриш навбати “Улсан” футболчиларига етди. Рафинья 31-дақиқада ҳисобни тенглаштирган бўлса, Ким Шин Вук 53-дақиқада жамоасини олдинга олиб чиқди. Ли Кун Хо 72-дақиқада учинчи голни ҳам киритди.

Шу тариқа жавоб учрашуви олдидан Миржалол Қосимов шогирдларининг аҳволи янада қийинлашди.

Биз ўйиннинг батафсил шарҳига бироздан кейин тўхталамиз.

Осиё Чемпионлар лигаси, ярим финал
“Бунёдкор” – “Улсан Хюндай” — 1:3
Голлар: Жавлон Иброҳимов (5) – Рафинья (31), Ким Шин Вук (53), Ли Кун Хо (72).

uff.uz

***

Бунёдкор» ва «Ульсан» жамоалари учрашувидан (1:3) кейинги матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар устози Ким Хо Гон иштирок этди.

– Бугун жуда иккала жамоа учун ҳам қийин учрашув бўлди. Биз яхши ўйин кўрсатдик деб ўйлайман. Футболчиларимизда жуда катта ишонч борлиги учун ҳам ғалабани қўлга киритдик. 3:1 ҳисобида ютган бўлишимизга қарамай, олдинда ҳали яна бир учрашув бўлиб ўтишини айтиб ўтмоқчиман. Барчаси ўшанда ҳал бўлади.

– Сиз кеча ҳужумкор ўйин кўрасатимиз дегандингиз. 3:1 натижаси сиз учун сюрприз бўлдими?
– Кеча ўйин олдидан берган ваъдамнинг устидан чиққанимдан хурсандман. Ўйлайманки бу ғалаба уйда бизга осонроқ бўлиши учун ёрдам беради.

– Бугун жамоа рақиб кучсиз ўйнаганидан ғалаба қозондими ёки «Ульсан»нинг кучли ўйини сабабми?
– Биз бугун «Бунёдкор» ҳужумкор футбол кўрсатади деб ўйлагандик. Бошида шунақа ҳам бўлди. Айниқса биринчи бўлимда рақибнинг яримҳимояси жуда кучли футбол намойиш этди. Биз иккинчи бўлимда яримҳимояни кучайтириш орқали ғалаба қозондик деб ўйлайман.

– Сиз 3:1 ҳисобига шунчалик ишонасизми? Сиз осон бўлади деяпсизми?
– Мен олдин ҳам жавоб ўйини қизиқарли бўлишини айтдим. Биз осон бўлади деганда бироз агрессив ўйиндан қутулганимизни назарда тутгандим.

– «Сувон»га қарши оғир ўйиндан кейин бу учрашувда майдонга тушиш жамоага қийинчилик туғдирмайдими?
– Бу учрашувда биз жамоа таркибида бир қатор ўзгаришларни амалга ошириш имкониятига эгамиз. Футболчилар ротацияси орқали кучли тўғри тақсимлаймиз деб ўйлайман.

– «Бунёдкор»нинг бош мураббийнинг захира ўриндиғида йўқлиги уларга таъсир қилди, деб ўйлайсизми?
– Албатта Қосимовнинг жамоага кўмак бера олмагани салбий таъсир кўрсатмасдан қолмади.

– Бугун жамоа таркибида энг кучли футболчилар жам бўлишди. Кеча айтганингиздек, жамоанинг бор эътибори ОЧЛга қаратилган. Лекин шу учрашувдан келиб чиқиб, жамоадан «Кей-лига»да ҳам мазмунли футбол кўришимиз мумкинми?
– Ҳозир ОЧЛ турганда миллий чемпионатга бор эътиборимизни қарата олмаймиз. «Бунёдкор»га қарши жавоб учрашувидан кейин бу ҳақда ўтириб бир ўйлаш мумкин. Тақвим шу қадар зич тузилганки, бизда бошқа йўл йўқ.

– Рафинья тўрт учрашувда 3та гол уришга муваффақ бўлди. Бу сиз учун совға бўлдими ёки унинг имкониятларини шунга қодир деб ўйлайсизми?
– Рафинья жамоага мавсумнинг иккинчи қисмида жалб қилинган. Унинг имкониятлари ўрганилиб кейин таклиф билдирганмиз. Демак у биз кутган ўйинни кўрсатмоқда, дейишимиз мумкин.

 

*** 

“Бунёдкор” – “Ульсан Хёндэ” жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этди.

— Тўғрисини айтсам, 1:3 ютқазишимизни кутмагандим. Ўйинни ўз қўлимиз билан “Ульсан”га топшириб қўйдик. Ўйинни яхши бошлаб, уни давом эттираётгандик. Битта ўйинда ҳаддан ташқари кўп хато қилдик. Ҳисоб тенглаштирилган вазиятнинг ўзида 3та ўйинчи хато қилди. Аввал Саҳоб, кейин Жавлон, охирида эса Шораҳмедов. Айтиб ўтганимдек, кореялик ҳужумчилар кучли эди ва менинг кўрсатмаларимга ҳимоячиларимиз амал қилишмади. Стандарт вазиятларда ҳужумчиларга яқинроқ ўйнаш керак эди, аммо зарба бериш имконини бериб қўйди. Бундай жамоаларга қарши ўйинда қилинган ҳаддан ташқари кўп хато мана шундай натижага олиб келади.

Жасур Ҳасанов жамоанинг доимий пенальтичисими ёки бугун у масъулиятни ихтиёрий равишда қўлга олдими?
— Кимда ўзида ишонч бўлса, пенальтини ўша тепиши керак эди. Пенальти тепишни Жасур ўз ихтиёри билан тепишга қарор қилди.

— Камолиддин Мурзоев Олий лига ва ОЧЛ ўйинларида гол ура олмаяпти. Унинг ўрнига бошқа ҳужумчини туширишнинг иложи йўқмиди?
— Нафақат Камол, бошқа футболчиларда ҳам гол уриш самараси нолга тенг бўляпти. Бугун ҳам у гол ура олмади. Ўйин бошидан уни туширишни режалаштиргандик. Захирадан майдонга тушган ҳужумчилар ҳам ҳеч нарса қила олишмади.

— Футболда мўжизалар рўй бериб туради. Жамоани жавоб учрашувида жанговор кайфиятда тайёрлай оласизми?
— Ўз майдонимизда 3та гол ўтказиб юбориш руҳан синдириб қўйиши мумкин. Аммо бошқа иложимиз йўқ, жавоб ўйинига футболчиларни тайёрлаймиз.

— Ян Козак ўз позициясида бугун яхши ўйин кўрсатмагандек кўринди. Захирадан майдонга тушган Саломов қисқа вақт тўп сурган бўлса-да, унга нисбатан яхшироқ ўйнагандек таассурот уйғотди.
— Ўйиндан олдин тайёргарлик жараёнида Козакни туширишни режалаштиргандик. Масалан, унинг бўйи баландлигини ҳам инобатга олгандик. Саломовни эса иккинчи бўлимда туширишни режалаштиргандик. Улар икки хил тоифадаги футболчилар. Уларни солиштириб бўлмайди. Уларнинг савияси бир-биридан кескин фарқ қилмайди. Ҳозирги кунда қўлостимда бор футболчилар шулардан иборат.

— Финалга чиқиш имкониятини қандай баҳолайсиз?
— Оғир вазиятга тушиб қолдик. Ўз майдонимизда 3та тўп ўтказиб юбориш – бу жудаям кўп. Биз учун қийин ўйин бўлади. Рақиб ҳам ютиб бўлдик, деб хотиржамликка берилмайди. Лекин бу билан чекланиб қолиш керак эмас. Келажакда футболчилар шуни тушуниб етишадики, финалга жуда яқин келгандик ва уни қўлдан чиқардик. Кейинчалик шу нарса алам қилади.

Мусобақа бошидан қийин гуруҳга тушганимиздан кейин, кўпчилик бизни “кўмиб” бўлганди. Шу даражагача етиб келганимизнинг ўзи ҳам катта ютуқ. Йигитларга раҳмат. Улар бугун кўзи ёниб тушмади, дея олмайман. Улар қўлдан келганча ҳаракат қилишди. Аммо ҳаддан ташқари қилинган кўп хатолар оқибатида ютқаздик. Футболда кўп хато қилган жамоа ютқазади.

stadion.uz