Лола: “Журналист бўлганимда аёллар дардини ёзардим”

Лола билан бўлган суҳбатда ижодий жараёнлар, ноябрь ойида бўлиб ўтадиган концерт дастури ва шахсий ҳаёти ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлишингиз мумкин. 

Лола Йўлдошева нафақат ўзбек шоу бизнесининг энг машҳур аёл хонандаси, балки кўпчиликка ўрнак бўла оладиган меҳрибон она ва  оилапарвар аёл ҳамдир. Ижодининг энг қайноқ палласида ўзини оиласига бағишлагани, беш йиллик  танаффусга қарамай саҳнада ўз ўрнини сақлаб қолгани ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Лола билан бўлган суҳбатда ижодий жараёнлар, ноябрь ойида бўлиб ўтадиган концерт дастури ва шахсий ҳаёти ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлишингиз мумкин.

 Тез кунларда яккахон концерт дастури билан мухлисларингизни хушнуд этмоқчисиз…

— Ноябрнинг 21-22-23-24 кунларида бўлиб ўтадиган концерт дастури ҳақидаги сирларни очгим келмаяпти. Лекин қисқача гапириб ўтишим мумкин. Бу йил мен аввалги концертларимдаги каби саҳна кўринишлари ва шоу дастурлар билан томошабинларни ҳайратлантирмоқчи эмасман. 2012 йилги яккахон концертим мухлисларим ёдида самимий ва оддийлиги билан сақланиб қолишини истайман. Бу сафар концертимни олдиндан тузилган сценарийга қатъий риоя қилиб эмас, балки меҳмонлар билан мулоқотга киришган ҳолда ўтказишни режалаштирганман. Чунки ҳеч қандай шоу, мухлислар билан бўладиган суҳбатга ёки уларнинг дийдорига тенглашолмайди. Аммо бу – концерт дастуримда “сюрприз”лар бўлмайди, дегани эмас. Ҳозир жонли ижрода куйлашни маромига етказиш учун созандалар билан ишлаяпман. Насиб этса, жонли  мусиқадан кўп фойдаланамиз.

— Концертда ўнта қўшиқни жонли ижрода куйламоқчи экансиз…

— Жонли ижро бўлади. Фақат қанча ва қайси қўшиқларимни жонли куйлашимни олдиндан айта олмайман. Сабаби, репетиция жараёнида янги ғоялар билан дастурга ўзгартиришлар киритиб боряпмиз. Бу саволга ҳозир жавоб берсам, ўша кун келиб режаларимиз ўзгариб кетиши мумкин.

— Концерт дастурининг тузилиши ҳақида нималар дея оласиз?

— Ҳамма концертлардаги каби қўшиқлар сони 23 тача бўлади. Янги альбом тақдимотини ҳам айнан ўша куни амалга оширмоқчимиз. Ўн учта ҳали ҳеч қаерда янграмаган янги қўшиқларни ҳам, айнан концерт дастуримда куйлайман. Рақсларни ҳар доимгидек Татьяна Круглова саҳналаштиряпти. Бу йилги репертуарда сокин йўналишдаги қўшиқларим кўп. Биламан, бу гапимдан кейин “балки бу Лолани ички кечинмалари билан боғлиқдир” дейишади. Аммо бу нотўғри фикр. Кайфиятим аъло. Ҳаёт гўзал. Мен шунчаки, сўнгги пайтларда маъюс, одамни ўйга толдирувчи мавзуларда куйлагим келяпти.

— Концерт олди барча хонанданинг ҳам вақти зиқ бўлади. Бундай ҳолларда фарзандларингизга қандай вақт ажратасиз?

— Рости, бу жуда қийин. Авваллари концерт берганимда бу қийинчиликларга унчалик аҳамият бермаган бўлсам, бугун вақт масаласи катта муаммо бўляпти. Тан оламан, оила, фарзанд ва ишимни бирга олиб бориш мен учун анча қийин. Буни оз бўлса ҳам енгиллатиш учун ҳар бир кунимни режага асосан ўтказишга ҳаракат қиляпман. Яъни, соат 18:00 гача барча юмушларимни бажариб, болаларим боғчадан қайтгунча уйда бўлишга уриняпман. Мен учун ишдан кўра оилам афзал бўлгани сабаб, биринчи ўринда фарзандларимга вақт ажратаман. Турмуш ўртоғим ишимни, ижодимни тушунгани билан, баъзида у киши учун ҳам ишларимни четга суришга мажбурман. Чунки ҳар бир эркак, аёли доим уйда бўлишини истайди. Шунинг учун ҳам оиламдан бўш бўлганимдагина иш билан машғулман. Аммо бу режалар ҳам айни кунларда бироз бузиляпти. Сабаби, концерт олди ижодий гуруҳимиз билан астойдил репетиция қилишимизга тўғри келяпти.

— Сиз иш билан банд бўлганингизда фарзандларингиз тарбиясига ким масъул?

— Болаларимга энага ёлламаганман. Бу борада менга онам ёрдам берадилар. Ишларимни болаларим боғчадан қайтгунга қадар битира олмасам, дарҳол онамга қўнғироқ қилиб улардан ёрдам сўрайман (кулади).

— Ўзингизни она сифатида қандай таърифлаган бўлардингиз?

— (Узоқ ўйлаб) Билмасам… Бу савол билан фарзандларим ёки яқинларимга мурожаат қилиш керак (кулади). Аммо бир нарсани аниқ айта оламан: мен учун оиламдан муҳим нарса йўқ. Фарзандларим тарбиясига келганда эса ўзимни қаттиққўл онаман деб айтишим мумкин. Беҳудага уларни эркалатмасликка ҳаракат қиламан. Вақтларини бекорга сарфламасликлари учун ҳозирдан турли тўгаракларга ёздириб қўйганман. Менимча, бола ёшлигидан тартибга ўрганиши керак.

— Кун давомида ўзини ишга бағишлаган оналар ҳақида нима дейсиз?

— Биласизми, бу жуда баҳсли мавзу. Нега десангиз, шундай оналар борки ўзи ишда бўлса ҳам, болаларига, ишламайдиган оналардан кўпроқ меҳр беради. Ҳамма нарса аёлнинг ўзига боғлиқ. Оналар ишдан кейинги уч соат вақтини фарзанди билан ўтказиб, унга кун давомида бера олмаган меҳрини улашишиши мумкин. Шунинг учун ҳам мен ишбилармон аёлларни болаларига вақт кам ажратади,  дея олмайман.

— Оилавий анаъналарингиз борми?

— Албатта! Биз оиламиз билан ҳар ҳафтанинг якшанба кунини “оила” куни деб атаганмиз. Бунда мен ва турмуш ўртоғим барча юмушлар четга суриб, кунни фақат фарзандларимиз билан ўтказамиз. Боғ, кўнгилочар жойларга бориб дам олишни одат қилганмиз. Ушбу анъанани ҳеч ким ва ҳеч қачон буза олмайди.

— Қандай оилаларга ҳавас қиласиз?

— Менга кўп болали оилалар жуда ёқади. Ўзининг бир тасаввур қилиб кўринг, ота-она, бир этак фарзандлари қуршовида. Кейинчалик фарзандларнинг фарзандлари туғилади, набираларни эркалаётган буви ва бобо… Зўр, а? (кулади). Мен оилавий анъаналари бор, ўзаро ҳурмат кучли бўлган оилаларни ҳурмат қиламан. Уларни кўрганимда яна фарзандли бўлгим келади. Вақти келганда уларнинг болаларига меҳрибон буви бўлиб юриш орзуим бор.

— Ҳаётда кимга кўпроқ ишонасиз?

— Синглимга ўзимга ишонгандек ишонаман. Онамга айтмаган сирларимни у билан бўлишаман. Сабаби, она фарзандининг қийналаётганини билса, у билан биргаликда қийналади. Шунинг учун ҳам кўпинча синглим билан маслаҳатлашиб, муаммоларимнинг ечимини топишга ҳаракат қиламан.

— Сизни қадрлайдиган инсонни учратдингизми?

— (Бироз ўйланиб) Укамга ишонаман. Жиддий ва катта муаммолар юзага келганида, мени дадамдек қўллаб-қувватлайдиган инсон йўқ. Сизни қадрлайдиган ва ишонадиган одамгина тўғри маслаҳат бера олади.

— “Соғиндим” қўшиғига ишланган клип, рус эстарадаси вакили Мачетенинг “Нежность” клипига жуда ўхшаш…

— Бу каби гапларни жуда кўп айтишди. Агар иккита клипни таққослайдиган бўлсак, у ерда битта ҳам саҳна бир-бирини такрорламайди. Бу иккита клипнинг фақат йўналиши ўхшаш. “Соғиндим” ҳам, “Нежность” ҳам “ХОМвидео” жанрида суратга олинган. Менда ҳам, уларда ҳам севишганлар ҳаёти кетма-кетлиги шу жанр асосида берилган. Ўзбек эстрадасида бу йўналишдаги клип шу кунгача йўқ эди. Шахсан мен,  фақат шу томонини ўхшаш дейишим мумкин. Биз севишганлар ҳаётини ҳеч қандай бадиий безакларсиз, табиий тарзда ёритмоқчи бўлганмиз. Бу мухлисларимга ёққанидан хурсандман.

— Кино соҳасида ҳам режалаштирган ишларингиз борми?

— Очиғини айтсам, кинодан бўлаётган таклифларни рад этяпман. Биласиз, кинони суратга олиш учун кўп вақт керак бўлади. Мен эса бу шартларга унчалик ҳам кўна олмайман. Оилам учун ажратиладиган вақтни ҳам ишга бағишлаш, куннинг 24 соатини суратга олиш майдончасида ўтказиш менга тўғри келмаяпти. Бу соҳада бироз танаффус олмоқчиман.

— Айтайлик журналист касбини эгалаганингизда, қайси йўналишда ишлаган бўлардингиз?

— Мен аёллар журналида фаолият юритиб, уларнинг ички дунёси, феъл-атвори, дард, қайғу, қувончларини ёзган бўлардим. Умуман аёлларнинг кўнгли ҳақида очиқ суҳбатлар ёки шу мавзуларда ўқувчиларга ёрдам берадиган саҳифаларни тайёрлар эдим.

Алия ТУЛЕМБАЕВА суҳбатлашди.

darakchi.uz

 

SHARE