Ўзбекистон учун ОДКБ эшиклари очиқ қолади

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти — ОДКБга аъзо давлатларнинг Ўзбекистон бўйича якдил позицияси ташкилотнинг шу йил 19 декабрь куни Москвада бўлиб ўтадиган саммитида баён этилади. Бу ҳақда Россия Федерациясининг ОДКБ ҳузуридаги вакили Игорь Лякин-Фролов РФ Давлат думасининг МДҲ масалалари ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси йиғилишда маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, шу пайтга қадар бўлиб ўтган ташкилот маслаҳатлашувларида Ўзбекистоннинг ОДКБда ўз аъзолигини тўхтатиш бўйича қарори юзасидан позициялар эшитиб кўрилган. “Биз Ўзбекистон аъзолигини тўхтатиш бўйича тўхтамга келамиз, аммо айни пайтда Ўзбекистон учун ушбу ташкилот эшикларини очиқ қолдиришни истар эдик”, деди у жумладан.

 Дипломатнинг сўзларига кўра, расмий Тошкентнинг аъзоликни тўхтатиш ҳақидаги қарори кутилган эди. Чунки Ўзбекистон ва бошқа аъзолар ўртасида мазкур ташкилотни ривожлантириш борасида мутлақо бошқа-бошқа ёндашувга эга эди. Тошкент ОДКБга аъзо-давлатларнинг биронтаси ёки бир нечтасига ташқаридан ҳужумлар бўлган тақдирда ёрдам бериш бўйича тартибини маъқулласа-да, бошқа аъзолар, чунончи, Россия ҳам ташкилотнинг замонавий таҳдидлар — терроризм, наркотрафик, ноқонуний миграция, кибержиноятчиликка қарши бўйича ҳам фаолиятини кенгайтириш тарафдори эди.

Россиялик дипломатнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистоннинг ОДКБдан чиқиши жиддий зиён келтирмайди. Аммо бу ташкилотнинг нуфузига салбий кўрсатиши мумкин.

Айни чоғда Россия Федерацияси Давлат думасининг МДҲ масалалари ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раиси Леонид Слуцкий Ўзбекистоннинг ОДКБга аъзолиги жиддий эътиборни талаб қилади, деб таъкидлади. Унинг фикрича, Ўзбекистон Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, ташкилот истиқболи учун муҳим давлатдир. У Ўзбекистон учун ОДКБ эшиклари очиқ қолаётганини ижобий баҳолаб, бу борада ишлар самарадорлигини оширишга ундади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси шу йилнинг  июнь ойида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти фаолиятидаги иштирокини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ушбу масала бўйича тегишли нотаси шу йилнинг 20 июнь куни Ташкилот Котибиятига юборилган. Бу ҳақда “Жаҳон” ахборот агентлиги расман ахборот берган.

Ўзбекистон бу хатти-ҳаракатини Афғонистон билан боғлаган. Чунончи, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги вакилигига таяниб “КоммерсантЪ” газетасининг ёзишича, Ўзбекистон ОДКБнинг Афғонистон бўйича стратегик режаларидан қониқиш ҳосил қилмаганлиги боис ушбу мамлакат билан икки томонлама ҳамкорликка кўпроқ урғу бермоқда. Қолаверса, расмий Тошкент ОДКБга аъзо-давлатлар ўртасида ҳарбий ҳамкорликнинг кучайиб бораётганига ҳам ўз эътирози борлигини қайд этган. Умуман, “Ўзбекистон ОДКБдан чиқиш сабабларини нотада тўлиқ акс эттирган”, деб маълумот беради Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг исми ошкор қилинмаган вакили.

SHARE