Америка шарқий қирғоқларига кучли тўфон яқинлашмоқда

 

Шу соатлар ичида АҚШнинг шарқий қирғоқларига “Сэнди” деб номланган тўфон яқинлашиб келмоқда. Бутун мамлакат бўлиб ушбу табиий офатга нисбатан жиддий ҳозирлик кўрилмоқда. Барак Обама қутқарув хизмати раҳбарлари билан видеомулоқот уюштириб, ялпи ҳозирлик хусусида вазият билан танишган. Маълумотларга қараганда, бугун кечга бориб Нью-Йоркда метро, автобуслар ва поезд қатнови тўхтатилади. Шамол тезлиги соатига 120 километрга етиши кутилмоқда.

Американинг Мериленд, Нью-Йорк, Пенсильвания, Виржиния, Колумбия округи ҳамда Шимолий Каролинанинг қатор туманларида фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Делаверда эса 50 минг нафардан ортиқ аҳоли мажбурий эвакуация қилиниши кутилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, “Сэнди” тўфонининг Кариб ҳавзаси бўйлаб ҳаракати натижасида Ғаитида 44 нафар, Кубада 11 ва Доминикан Республикаси, Ямайка, Багам оролларида яна тўрт киши киши ҳалок бўлган.

CNN “Сэнди” тўфонидан кенг жамоатчиликни огоҳлантириб, ушбу табиий офат ҳақида бешта нарсани билиш кераклигини қайд этади:

а) тўфон қачон Америка қирғоқларига келиб урилади? Айтишларича, бу душанба куни кечқурун содир бўлиши мумкин.

б) кимнинг ҳаёти хавф остида? Айтишларича, Шарқий қирғоқ бўйида барча штатлар аҳолиси табиий офат қуршовида қолиши мумкин.

в) қандай тайёргарлик ишлари қилинмоғи керак? Айтишларича, тўфон Америка қирғоқларига қанча куч билан урилиши ҳозирча номаълум. У 7-10 метр баландликда келиб урилиши мумкин. Шу боис деразалар мустаҳкамланган, керакли озиқ-овқат маҳсулотлари ғамланган, шунингдек, ҳар эҳтимолга қарши автомобиллар баклари ёнилғи билан тўлдирилган бўлиши керак.

г) штатлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари нима иш қилишади? Штатлар мутасаддилар ҳар соатда кўрилажак чоралар хусусида ахборот бериб боради. Шу боис маҳаллий оммавий ахборот воситаларини кузатиб бориш тавсия қилинади.

д) жамоат транспортлари ишлайдими? Турли штатларда вазиятдан келиб чиқиб, жамоат транспорти фаолияти вақтинчалик тўхтатилиши ёки давом эттирилиши мумкин.

“Ватандош” газетаси барча ҳамюртларимизни тегишли эҳтиёт чораларни кўришга чақиради.

SHARE