Россияда иш берувчилар мигрантлар учун тиббий суғурта харажатларини ҳам қоплайди

Россия ҳукумати қонуний мигрантларни ёллаган иш берувчилар томонидан тўланадиган суғурта тўловлари миқдорини белгилаш бўйича иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Россия Федерацияси Бош вазирининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Ольга Голодец маълум қилган.

Унинг сўзларига қараганда, Россияда ишлайдиган мигрантларга ҳам ушбу мамлакат тиббий хизмат стандартлари жорий этилиши керак. “Жуда кўп эшитаман: нима учун биз буни қилишимиз керак? Нега биз улар учун харажат қилишимиз шарт?, дея аюҳаннос солишади. Ваҳоланки, улар ўзлари жалб қилган мигрантнинг соғлиғи хусусида ҳам қайғуришлари керак”, деди у, жумладан.

Москва шаҳар мэри Сергей Собяниннинг айтишича, 2013 йилдан бошлаб иш берувчилар мигрантлар тиббий суғуртаси учун тўловларни махсус фонд ҳисоб-рақамига ўтказишлари шарт. Мазкур суғурта тўлов суммаси ҳозирча аниқ эмас.

Шуни эслатиб ўтиш керакки, Россия тиббиёт тизими ходимлари мигрантларга фақатгина тез тиббий ёрдамни кўрсатишга ҳақли. Бундан кейин бемор ўз ватанига қайтиб, соғлиғини тиклаши керак бўлади.

Қисқа қилиб айтганда, мазкур қарор миллионлаб мигрантлар учун айни муддао бўлиб хизмат қилади.

SHARE