Сайёҳ ош ейиш учун Ўзбекистонга келди

Тошкентда “Ипак йўлида туризм” деб номланган халқаро сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Унда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан 700 зиёд компаниялари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги тарқатган хабарда келтирилишича, Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозир дунёда туризм саноатида 195 миллиондан зиёд киши хизмат қилади ва ушбу соҳанинг дунё бўйича йиллик пул айланмаси 900 миллиард АҚШ долларидан ошади. Жаҳон сайёҳлик саноатида халқаро туризмдан тушаётган даромад автомобиль, нефть ва газ ишлаб чиқариш саноатидан кейин учинчи ўринда туради.

Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторидан жой олган. Мамлакатда тўрт мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорлик бор. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган.

“Ўзбектуризм” миллий компаниясидан маълум қилишларича, 2011 йилда мамлакатда бир миллиондан зиёд сайёҳга хизмат кўрсатилган. Бу 2010 йилга нисбатан 5,4 фоиз кўпдир. 2011 йилда сайёҳларга хизмат кўрсатиш ҳажми 8,3 фоиз ошган. Соҳада иш юритаётган хўжалик субъектлари сони ҳам мунтазам ортиб бормоқда. 2011 йилда 124 сайёҳлик корхонаси ва 55 меҳмонхона ишга туширилган. Бугунги кунда мамлакатда ушбу соҳада 865 сайёҳлик ташкилоти – 506 сайёҳлик оператори ва 359 меҳмонхона фаолият олиб бормоқда.

Мамлакатда сайёҳликнинг экотуризм, экстремал, маърифий, маданий ва жисмоний саёҳат каби турлари ҳам изчил ривожланмоқда. Сайёҳлар орасида альпинистлар, чанғи спортига қизиқувчилар кўпаймоқда. Ички туризмни ривожлантириш, ҳудудларда тарихий-археологик боғлар барпо этиш, янги туристик маршрутларни ишлаб чиқиш, қишлоқ жойларда туризм ва туристик хизматларни ривожлантириш, автомагистрал йўллар, сайёҳлик объектлари атрофида меҳмонларга замонавий сервис хизмати кўрсатиш мажмуаларини барпо этишда хусусий сектор фаоллик кўрсатмоқда.

Чет эл сайёҳлик компанияларининг айтишича, Ўзбекистон миллий ошхоналари хорижлик туристларни жалб этувчи муҳим сайёҳлик тармоқларидан саналади. Айниқса, миллий таомларнинг ранг-баранглиги, мазали эканлиги ҳам мана шу йўналишда ривожлантиришда муҳим омилдир. Маълум бўлишича, Ўзбекистонда ушбу тармоқни ривожлантириш учун Миллий кулинария санъати халқаро маркази ташкил этилади. У ўзбек миллий таомларини хорижда тарғиб қилиш ҳамда бу борада туристларни жалб қилиш чораларини кўради.

SHARE