Ўзбекистонлик яна бир спортчи допинг туфайли Олимпиада медалидан қуруқ қолди

2012 йилги Лондон Олимпиадасида Ўзбекистон номидан иштирок этиб, 74 килограммгача вазнда бронза медаль совриндори бўлган Сослан Тигиев допинг истеъмол қилганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлигига асосланиб, UzDaily.Uz хабар беради. Сайтнинг ёзишича, унинг организмидан метилгексанеамин стимуляторига ижобий натижани кўрсатган ва спортчи Олимпиада медалидан маҳрум қилинган.

Расмий: Халқаро олимпия қўмитаси Лондон — 2012 бронза медали соҳиби ўзбекистонлик курашчи Сослан Тигиевни допинг ишлатгани учун мукофотдан маҳрум қилди. Қўмита уни Лондон ўйинларидан дисквалификация қилиб, медални қайтаришни талаб қилди.

Кun.uz сайтининг  Associated Pressга асосланиб ёзишича, Олимпиада ўйинлари бронза медали учун баҳсда Сослан Тигиевга имкониятни бой берган венгриялик Габор Хатосга Тигиевнинг медали бериладиган бўлган.

Қайд этиш жоиз, Халқаро олимпия қўмитаси ушбу маълумотларни ҳозирча расман тасдиқлагани йўқ.

29 ёшли Сослан Тигиев, 2012 йилги Олимпиада ўйинларининг ўзбекистонлик тўрт совриндоридан бири сифатида, Ўзбекистон Президентининг 2012 йил август ойида «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланган, шунингдек, Президентнинг 2012 йил июль ойидаги Қарорига асосан 50 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ва Lacetti автомашинасини қўлга киритган эди.

Эслатиб ўтамиз, бу йилги Лондон Олимпиадаси ўзбекистонлик атлетчилар учун оғир келди. Негаки, спортчиларимиздан Абдулла Тангриев, Луиза Галиулина ҳам допинг туфайли Олимпиадада қатнашишдан маҳрум бўлган эди.

SHARE