Оқ уйнинг Баракали Обамаси

Барак Обама 270 нафардан ортиқ танловчилар овозини йиға олиши аниқ бўлгач, твиттердаги саҳифасида «Яна тўрт йил… Бу сиз туфайли юз берди. Раҳмат!», дея сўз қолдирди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Барак Обаманинг мазкур жумласи ва турмуш ўртоғи Мишель Обамани қучоқлаб тушган сурати 22 минут ичида дунё миқёсида ретвит (қайта чоп этиш) қилиш бўйича твиттерда янги жаҳон рекордини ўрнатди.

АҚШ президентлигига номзод Митт Ромни Обамани телефон орқали табриклаб, мағлуб бўлганини тан олди.  Чикагода ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилган Обама Митт Ромни билан суҳбатлашишга ваъда бериб, Америкага янги куч бағишлашда иккаласи бирга ишлашлари мумкинлигини қайд этди.  У, ўз навбатида, Оқ уйга катта ишонч ва янгича руҳ билан қайтаётганини маълум қилди.

У, шунингдек, Конгрессда республикачилар етакчилари билан давлат бюджети тақчиллигини камайтириш, солиқ ҳамда иммиграция тизими қонунчилигини такомиллаштиришга тайёрлигини билдирди.

Айни чоғда Бостонда ўз тарафдорлари олдида  чиқиш қилган Митт Ромни ғалаба йўлида барча ишни қилганини маълум қилди.  “Сайловлар тугади, аммо бизнинг ғояларимиз қолди”, деди у жумладан.

АҚШ конституциясига кўра, президент махсус танловчилар ҳайъати сайлайди. Шу боис сайловчилар танловчиларни танлайди ва уларнинг сони ҳар бир штат аҳолиси сонига қараб белгиланади.

Ҳозирча Флорида штатидан 29 нафар танловчи овози кимга тегиши номаълум бўлса-да, уларни ҳисобга олмаган тақдирда Обамада 303 та, Ромнида 206 та танловчи овози бор.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Обама одатга кўра, нафақат демократларга овоз берадиган штатларда ғалаба қозона олди, балки Колародо, Айова, Пенсильвания, Мичиган, Миннесота, Висконсин сингари “на у тараф, на бу тараф” штатларда ҳам муваффақиятга эришди.

АҚШда президент сайловлари билан бир қаторда, 11 та губернаторлик, Сенатнинг учдан бир қисмига, шунингдек, Вакиллар палатасининг барча 435 нафар вакили сайлови ҳам бўлиб ўтди. Натижага кўра, республикачилар Вакиллар палатасида назоратни ўз қўлларида сақлаб қолади, Сенатда эса демократлар мутлоқ кўпчилик бўлиб қолишади. Бу президент ва конгресменлар ўртасидаги даҳанаки жанглар ҳали давом этади, дегани.

ББСнинг ёзишича, Обама муваффақиятининг асосий омили демократларнинг сайловларда жуда фаол иштирок этганидир. Айниқса, қора танли ва испан тилида сўзлашувчи сайловчилар жуда фаоллик кўрсатишган.

SHARE