АҚШнинг 51-штати пайдо бўлади

Пуэрто-Рико АҚШнинг 51-штати мақомини олиши мумкин. Бу ушбу ҳудудда бўлиб ўтган референдумдан сўнг маълум бўлди.

Шу пайтга қадар Пуэрто-Рико АҚШнинг автоном ҳудуди мақомига эга бўлиб, бу ўзгаришлар икки босқичли референдумлар жараёнида аниқланди. Аввалига ҳудуд аҳолиси архипелагнинг сиёсий мақомини ўзгартиришга қарор қабул қилишган бўлишса, кейинчалик улар янги сиёсий бошқарув учун овоз беришди.

Пуэрто-Риконинг АҚШнинг 51-штатига айланишини ҳудуд аҳолисининг 61 фоизи қўллаб-қувватлаб овоз берган. 33 фоиз сайловчилар эса архипелагга АҚШ билан иттифоқдош суверен уюшган давлат мақомини бериш тарафдори бўлишди. Бор-йўғи беш фоиз сайловчилар ҳудуднинг мутлақ мустақил бўлишини қўллаб-қувватлашди.

ББСнинг ёзишича, архипелагнинг тўлиқ штат сифатида АҚШ таркибига қўшилишини Конгресс тасдиқлаши керак.

Пуэрто-Рико Америкага 1898 йилда қўшилган бўлиб, 1947 йилдан ҳудуд аҳолиси ўз губернаторини сайлаб келади. Гарчи ҳудуд эркин уюшган давлат мақомига эга бўлса-да, Оқ уйни уни бошқаришда фаол қатнашиб келади.

Пуэрто-Рико аҳолиси АҚШ паспортига эга бўлса-да, барча сайловларда қатнашиш ҳуқуқига эга эмас эди. Мана шу ҳуқуқни қўлга киритиш билан бирга, Пуэрто-Рико федерал солиқларни тўлаши керак бўлади. Ваҳоланки, улар бундан озод қилинган эди.

Республикачилар Пуэрто-Рикога штат мақомини беришга қарши.  Уларнинг фикрича, ушбу ҳудудда инглиз тили билан бир қаторда испан тили давлат тили эканлиги яхши эмас. Қолаверса, штат мақомини олгач, Пуэрто-Рикога Конгрессдан олтита жой ажратилади. Бу бошқа штатлар ҳисобига амалга оширилиши ҳам республикачилар ғашига тегмоқда.

SHARE