“Алпомиш” достонининг ўзбек ва рус тилларидаги аудиокитоби тайёрланди

 

«Steel Pantera» компанияси “Алпомиш” достонининг ўзбек ва рус тилларидаги ёзувини амалга оширди.

Лойиҳа ташкилотчиларига кўра, 1997 йилга қадар “Алпомиш” фольклорчилар томонидан ўттиз бахши тилидан, ўттиз беш марта ёзиб олинди. Айни пайтда Ўзбекистонда достонни оғзаки тарзда ёйиш анъанаси сақланиб келмоқда. Достоннинг замонавий ижрочилари қаторида Ҳазратқул Худойберди ўғли (1920-1995), Чори Хўжамберди ўғли (1927 йил туғилган.), Қодир Раҳим ўғли (1936-1995) кабиларни айтиб ўтиш мумкин.

“Биз достоннинг Фозил йўлдош ўғли баёни матнига мурожаат қилдик. У 13715 сатрдан иборат. Достон матни аудиоформатда айрим қисқартиришлар билан янграйди: достоннинг шеърий ва услубий тузилишига хос баъзи қайтаришларни ташлаб ўтган ҳолда, асосий воқеалар тизими, тавсифлар, қаҳрамонлар нутқидаги таъсирчанлик ва шоироналик, зиддиятлар ривожи динамикаси, маросимлар таърифидаги ёрқинликни сақлаб қолдик”, — таъкидлайди компания ходими. Унинг айтишича, мазкур буюк эпик асар ўзбек тилида Шомаҳмуд Шорасуловнинг ўзига хос соддалиги билан гўзал ижросида янграйди.

“Рус тилида эса “Алпомиш” достони воқеалари ва қаҳрамонлари кино ва театр актёри Анвар Картаев овози билан жонланиб, унинг ёрқин ижрочилик маҳорати билан образлар таъсирчанлиги янада кучайган. “Алпомиш” ўзбек халқ достонини http://audiobook.uz сайтидан юклаб олиш ёки Тошкент шаҳрининг магазинларидан CD ҳарид қилиш мумкин”, — дейди лойиҳа муаллифларидан бири.

Эслатиб ўтамиз, Қўнғирот тоғлари бағридаги бепоён кенгликлар ҳали-ҳануз Юнон-Бақтрия ва Кушон салтанати маданияти, оташпарастлар ва шаманларнинг диний маросимлари тарихини ўзида мужассам этиб турибди. Очиқ осмон остида беҳисоб одамлар, катта-кичик, ёшу-қари сўз устаси, туғма иқтидор соҳиби – бахши тилидан афсонавий паҳлавон Алпомиш ҳақидаги ҳикояни тинглашга жамулжам бўладилар…

Тингловчилар қалб кўзи ўнгида ёрқин манзаралар намоён бўлади.Беҳисоб қўйлар подалари, бепоён чўллар ва тоғ ёнбағирларидаги ўтлоқларда куч тўплаган учқур тулпорлар уюрлари, саҳро кемалари саналмиш минг-минглаб туялар – буларнинг бари Бойсун-Қўнғирот шоҳлари ака-ука Бойбўри ва Бойсарининг беҳисоб бойликлари ҳақида тасавур уйғотади. Мўжизакор башорат сабаб орзиқиб кутилган фарзандлар – Бойбўрининг ўғли Ҳакимбек ҳамда қизи Қалдлирғоч, Бойсарининг қизи Барчинойларнинг дунёга келиши ва Шоҳимардон пир томонидан бешикдаги чақалоқларни унаштируви; уларнинг улғайиб, шаклланиши; Бойсарининг туғишган акаси Бойбўри ундан закот талаб қилгани учун чеккан ранж-алами ва Бойсари оиласининг пода-уюрлари, ҳизматкорлари, чўпонлари билан бирга олис Қалмиқ чўлига қўчиб кетиши… Шу кўйи неча кун, неча оқшом одамлар ўзига хос бир актёр театри томошабинларига айланишар, моҳир импровизатор – бахши тилида жаранглаган ҳар бир сўз ўтмиш манзараларини жонлантирарди…

Бугунги кунда ҳам, кўп асрли турмуш тарзи ва одамлар орасидаги муносабат деярли қадим замонлардаги ҳолича сақланиб келаётган Бойсунда халқ орасидан чиққан Бахшилар ўз атрофларига мамнун тингловчиларни тўплаб, яна афсонавий Алпомиш ва соҳибжамол Барчиной, ёвуз мастон Сурҳайил ва маккор Қалмиқ шоҳи Тойчахон, Алпомишнинг содиқ дўсти қалмиқ баҳодири Қоражон ва кўҳна достоннинг бошқа кўплаб қаҳрамонларини жонлантира бошлайдилар. Бироқ “Алпомиш” бугун Бойсун заминидан олисларда ҳам янграяпти. Қўнғирот элати қўшиғидан туғилган “Алпомиш” достони барча туркийзабон халқлар орасида ёйилиб, бутун Ўрта Осиёнинг маданий меросига айланди.

“Алпомиш” – бу асрлар оша янграган қўшиқ. Унда миллат, элат, оила анъаналари яшайди. Унда мардона Руҳ, муҳаббат ва вафо Руҳи, дўстлик ва садоқат Руҳи, эзгулик ва ёвузлик орасида танлов қила оладиган юрак Руҳи, жасорат ва саҳоват Руҳи мужасасам.

Қадим элатнинг анъана ва урф одатлари достон сюжети негизига уйғунлашиб кетиб, воқеалар изчиллигига ҳисса қўшган.

Етти ёшда дастлабки қаҳрамонлигини намойиш қилган Ҳакимбекнинг Алпомиш номини олиши Туркий халқларининг қадим одати акс-садоси ўлароқ, қуйидагича янграйди:

“Ҳакимбек етти ёшга кирган. Алпинбий бобосидан қолган ўн тўрт ботмон бирчдан бўлган парли ёй бор эди. (Ёйнинг оғирлигини тасавур қилинг, ахир бир ботмон икки-ўн бир пудга, бир пуд эса ўн олти килограмга тенг. ) Ана шунда, етти яшар бола Ҳакимбек, шул ўн тўрт ботмон ёйни қўлига ушлаб, кўтариб тортди. Тортиб, қўйиб юборди. Ёйнинг ўқи яшиндай бўлиб кетди. Асқар тоғининг катта чўққиларини юлиб ўтди. Овозаси оламга кетди.” Шундай қилиб, қўнғирот халқи йиғилиб, Ҳакимбекка Алпомиш дея ном беришди.

Яна бир қадим тўй маросими Сурҳайил мастон Бойсарибек уйига Ойбарчинни ўғли Қоражонга унаштириш мақсадида келган саҳнада намоён бўлади:

“ Қозонда қайнаган ширбоз гўштмиди?

Шу қизингнинг агар боши бўшмиди?

Боши бўшми дейин, сендан сўрайин.

Келин қилиб, бирор рўмол ўрайин.

Қоражонга аташтириб борайин.

Келинга рўмол ўраш унаштирилиш белгиси ҳисобланган. Тавсифлар ва қаҳрамонлар сўзларида кўплаб кинояли иборалар, метафора ва афоризмлар ҳам учрайди. Бахши ўз баёнида улардан моҳирона фойдаланиб, достон қаҳрамонлари нутқини таъсирчан ва жозибадор қилади.

Алпомиш ҳақидаги достон тарихи 10-асрларга бориб тақалади. У халқ бахшилари томонидан эъзозланиб, авлодлардан авлодларга етказиб келинган. Бахшилар ушбу бой сарчашма, бутун бошли халқ турмуш тарзи мажмуасини асрашдек шарафли вазифани адо этиб келишган. Халқ оғзаки ижодининг ушбу ноёб намунаси Республикамизнинг маданий бойлиги бўлибгина қолмай, у дунё маданияти ҳазинасидан ҳам муносиб жой олган. Шу муносабат билан 1998 йил, “Алпомиш” достонининг минг йиллигини Ўзбекистон Республикаси жамоатчилиги билан бир қаторда жаҳон ҳамжамияти ҳам тантанали равишда нишонлади.

Бахши маҳорати сабаб, бугун, минг йиллар оша, Бойсун замини, Қалмиқ чўллари намоён бўлади ва ўтмиш воқеалари қайта жонланади. Анъана ва урф одатлар, қариндошлик муносабатлари, фарзандлар тарбияси қоидалари, бурч ва виждон, дўстлик, муҳаббат, садоқат тушунчалари, оила ришталарининг кучи, биродарона мадад ва ҳамдардлик, душманга қарши курашдаги жасорат ва мардлик улуғланади.

“Алпомиш”- бу ўзбек ҳалқининг сарчашмаси. Манбаларимизга қайтар эканмиз, энг яхши фазилатларни мужассамлаштириб, Инсон дея аталмиш шарафли номга муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз…

12news.uz ahborot agentligi.