Навбатдаги урушнинг навбатдаги қурбони. Яқин Шарқ можаросида ким ғалаба қозонди?

ХАМАС ва Исроил тўқнашди, ғолиб эса Миср президенти Муҳаммад Мурси

Вақти-вақти билан Ғазо секторида уруш бўлиб туриши одат тусига кирган. Охирги марта 2008 йилнинг кеч кузида Исроил Фаластинга қарши шундай ҳарбий амалиёт ўтказганди. Минг нафардан ортиқ киши, асосан, аёллар ва болалар қурбон бўлган эди. Исроилдан эса бор-йўғи 30 нафардан ортиқ ҳарбий можаро қурбонига айланганди. Бу ҳарбий ҳаракат Жорж Буш ҳокимиятдан кетаётган бир пайтда, яъни демократлар Оқ уйни қўлга олаётган бир вақт юз берди. Чунки Обама даврида бундай кескин чоралар расмий Оқ уйнинг ғазабини келтириши мумкин эди.

Орадан тўрт йил ўтиб, яна ўша АҚШ сайловларидан кейин ХАМАС қуролли тўдалари Исроил тарафга артиллериядан ва ракетадан ўт оча бошлади. Тель-Авив ва Исроилнинг бошқа ҳудудларида хавфсизлик сигналлари чалина бошланди. Яҳудий давлати Ғазо секторини тўлиқ блокада қилиб, у ерга кириш ва чиқишни назоратга олди. Шундан сўнг Исроил мудофаа вазирлиги армияси ЦАХАЛ саккиз кун давомида “Булутли устун” ҳарбий операциясини амалга оширди.

Икки тараф ҳам душман устидан ғалаба қозонганини эълон қилди(аслида ҳар урушдан кейин шунақа деб бонг уришади).

Халқаро ҳамжамият ХАМАС хатти-ҳаракатларини қоралаган бўлса-да, Исроилни зудлик ўт очишни тўхтатишга чақирди. Хусасан, АҚШ Давлати котиби Ҳиллари Клинтон Мисрга учиб келди, Муҳаммад Мурси эса томонларни муросага келтириш учун бор ақлини ишга солди. Аммо ҳеч ким икки тараф унча-мунчага урушни тўхтатишига ишонмасди. Чунки араб дунёси ХАМАСни қўллашини айтган бўлса, Ғарб Исроил билан якдиллигини эълон қилди. Жафокаш фаластинликлар эса бу ҳафтани қўрқув билан ўтказиши керак эди.

Боз устига томонлар музокара столига ўтириши билан Тель-Авивда автобус портлади, Ғазони ҳаводан ўққа тутиш давом этарди. Айни чоғда ХАМАС қандай шартлар эвазига қуролсизланиши, Исроил эса блокадани бекор қилиши мумкинлиги ҳаммага қоронғу эди. Қолаверса, тарафлар ерда ҳам жанглар олиб борилишини инкор этишмаётган эди (Уруш асосан ҳаводан олиб борилаётган эди).

 21 ноябрь куни кечқурун тарафлар тинчлик битимига эришди. Албатта, масала шу даражада қалтис ва жиддийки, томонлар кенг жамоатчиликка буни кўз-кўз қилишмади, ҳатто омма учун имзолаш жараёни ва ҳужжатлар алмашиш жараёни байрамона руҳда ташкил этилмади. Умуман, бундай ҳужжат борлиги ҳам савол остида қолмоқда. Чунки Исроил “террористлар билан битим имзолаш”дан бош тортган. Тинчлик битими томонлар рози бўлган тўртта принципдан иборат:

  • Исроил Ғазо секторини ҳаводан ўққа тутишдан, шу жумладан, террористларни жисмонан йўқ қилиш бўйича ҳам аниқ ҳаракатлардан тийилади;
  • ХАМАС Ғазо секторидан Исроилга қарата ракета ҳужумларига йўл қўймасликни ўз бўйнига олади;
  • Исроил Ғазо секторига товарлар ва хизматлар кириши учун ўрнатилган чекловларни бекор қилади;
  • Миср тинчлик битимининг гарови бўлиб хизмат қилади.

Томонлар, агар тинчлик келишуви бир ойдан ортиқ давом этса, битимнинг бошқа пунктларини муҳокама қилишга розилик билдиришди.

Тинчлик келишуви ҳақидаги хабар оммавий ахборот воситалари орқали тарқаши билан Яқин Шарқ бўйича экспертлар томонидан бир савол ўртага ташланди: “Ким ғалаба қозонди?”

Исроил

“Булутли устун” ҳарбий амалиётини амалга оширишдан кўзланган мақсад, аввало, Исроил жанубига ҳаводан бўлаётган ҳужумларни бартараф қилиш, шунингдек, ХАМАС ҳаракатига нисбатан жиддий зарба бериш эди. Айни пайтда мутахассислар фикрича, мана шу икки мақсад остида бошқа бир мақсадлар ҳам бор эди. Яъни ҳарбий ҳаракатлар чоғида янги “Темир гўмбаз” ҳимояланиш тизимини синовдан ўтказиш ҳамда шу йилнинг январь ойида Кнесетга бўлиб ўтадиган сайловлар олдидан мамлакат раҳбариятининг обрўсини ошириш бўлган. Кўпчилик мана шу мақсадларни реалроқ, деб ҳисобламоқда. Нима бўлганда ҳам, ана шу тўрт мақсадга ҳам тўлиқ эришилган.

Истиқболи қанчалик ноаниқ бўлсин, барибир тинчлик келишуви ҳали ҳам амал қилмоқда. Минглаб ҳарбий зарбалардан кейин ХАМАСга тегишли бўлган кўплаб қурол-яроғ омборлари ва бошқа объектлар вайрон этилди. Ўз навбатида, ўнлаб ҳарбий тўдалар раҳбарлари ва аъзолари йўқ қилинди.

“Темир гўмбаз” ракета ҳужумларидан ҳимояланиш воситаси ҳам ўзининг ижобий тарафларини кўрсатди. Ҳарбийларнинг ҳисоб-китобига кўра, ушбу тизим орқали ҳавода 84 фоиз ракеталар ушлаб қолинган. Эътиборли жиҳати, бундай натижага қандайдир ҳарбий машғулот пайтида эмас, балки ҳақиқий уруш ҳолатида эришилди. Тизим шу даражада самарали  ишладики, унга аллақачон хориждан харидорлар пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас.

Албатта, ушбу уруш Исроилнинг амалдаги раҳбарияти сиёсий истиқболига қандай таъсир кўрсатганини баҳолаш бироз мушкул. Чунки яҳудийларнинг қарийб ярми тинчлик келишувидан норози кайфиятда қолишди. Уларнинг фикрича, бундай муваффақият, қолаверса, куч билан ғолиблик битимини имзолаш мумкин эди. Шунинг учун Биньямин Нетаняҳунинг рақиблари ана шу норозиликдан унумли фойдаланишлари мумкин. Бош вазирни бўшликда, кучсизликда, бошлаган ишини якунлаш қобилиятига эга эмасликда айблашлари мумкин. Умуман, Исроил бу урушда мағлуб бўлгани йўқ, лекин яққол ғалаба қозонди, деб ҳам бўлмайди.

ХАМАС

Тинчлик келишувига эришилган куннинг ўзидаёқ фаластинликлар умумхалқ сайлига отланишди, гўё. Уларнинг бу хатти-ҳаракатларини кўрган кишининг фаластинликлар урушда мағлуб бўлишда, дейишга тили бормайди. Тинчлик битимининг учинчи бандида кўзда тутилган масала, яъни Исроилнинг неча йилки блокада қилиб келинаётган чегарадаги чекловларнинг олиб ташланиши билан боғлиқ масалага розилиги фаластинликлар ўзларини ғолиб сифатида ҳис қилишига туртки берди.

Исроилнинг бундай “чекиниш”га боришини ҳатто ХАМАС ҳам кутмаганди. Чунки айнан шу блокадани бекор қилиш учун қанча таҳдид қилинган, “Озодлик флотилласи” ҳибсга олинган, “Қассом” ракеталари учирилган эди. Блокаданинг озгина бўлса-да, кучсизланиши радикал ташкилот учун жуда катта ютуқдир. Бунинг учун юзлаб жангарилардан воз кечиш улар учун ҳеч нарса эмас. Вайрон бўлган инфратузилма объектлари учун жон куйдирадиганлар ҳам бор. Нефтга бой араб оғалари, қолаверса, ғарблик филантроплар бу вайронагарчиликлар учун суғурта бўлишган.

ХАМАСнинг яна бир ютуғи тинчлик келишуви жангариларни қуролсизлантиришни кўзда тутмайди. Боз устига Исроил Ғазо секторини умуман бомбалашдан маҳрум бўлди. Бу ХАМАС учун айни муддаодир.

Муҳаммад Мурси

Миср президенти ушбу музокаралардан сўнг том маънода дунё оммавий ахборот воситалари юлдузига айланиб кетишди. Уни ҳатто Исроил газеталари кўкка кўтарди, фаластинликлар сайтлари, Америка сўллари, Европа ўнглари янги Яқин Шарқ лидери сифатида эътироф этишди. У бундай симпатияни икки нарса учун қўлга киритди: у Фаластин халқи тарафида бўлишини аниқ айтгани учун мусулмон оламининг муҳаббатига сазовор бўлган бўлса, Ғарб ва Исроил ундаги прагматизмни юқори баҳолади. Чунки масалага совуққонлик билан қараш араб лидерлари учун ноёб ҳодисадир.

АҚШ президенти маъмурияти Мурсининг қобилиятларига жуда қойил қолишган. ОАВда тарқаган хабарларга қараганда, у музокарани ўта босиқлик билан олиб борган, қўлдан келадиган нарса ҳақида ваъда берган, ваъда бажарилишини талаб қилган. Кузатувчилар ХАМАСдек шаддодларни музокара столида ушлаб туриш ва уларни бирон нарсага кўндиришда айнан Мурсининг заҳмати жуда катта бўлганини айтишмоқдаа. Айнан унинг хатти-ҳаракатлари Ҳиллари Клинтон томонидан Исроилга босим ўтказишда қўл келган бўлиши мумкин. Мана шундай шароитда унинг ўз ваколатларини кенгайтириш хусусида чиқарган чиқарган фармони ғарбликларни у даражада ғазаблантирмаслиги ҳам мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, бу уруш яна бир бор фаластинликлар тақдири ўз мақсади йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган ХАМАС ва Исроил қўлида эканлигини тасдиқлайди. Бу уруш, агар бир бегуноҳ инсоннинг ҳаётига зомин бўлган бўлса, билингки, унда ғолиблар бўлмайди. Масала Фаластин озодлиги ҳақида кетганда ҳам майли эди…

SHARE