УЗУН ЙЎЛ БОШИ ЁКИ ЭРКИН СЎЗ УМРИ

 

Бадиий китобга қизиқиб, муаллифларни бир-биридан фарқлай бошлаганимдан буён Шукур Холмирзаев номини эшитиб, унинг асарларини ўқиб келаётган бўлсам ҳам, ўзини илк бор ўтган асрнинг 80-йиллари охирроғида Ёзувчилар уюшмасидаги бир йиғинда кўрдим.
Бошида қачон олингани номаълум ўша машҳур похол шляпа, асли хаёлчан қиёфасидаги паришонхотирликни янада кучайтирган Шукур ака йиғиннинг охирроғида раёсатга қарата: «Мен… Мен ҳам бир оғиз сўз айтсам бўлама?» – деди-да, сўз берилишига ишонган ҳолда жавобни ҳам кутиб ўтирмай, орқароқдаги жойидан юриб келаверди.

 Ўша куни нима дегани ҳозир тўла эсимда бўлмаса-да, унинг билимдонлиги, фикрларининг кутилмаган ва ўзига хослиги мени қойил қолдирган эди. Ёдимда: у ёш ёзувчилардан бири, менимча, Шойим Бўтаевга қарата: «Ҳар бир одамнинг оти унинг қайси миллатга мансублигини ҳам билдириб туради. Масалан: «Холмирза» бўлса, ўзбек; «Холмирзо» бўлса, тожик, «Халмурза» бўлса, ўрис, «Қолмирза» бўлса, қирғиз ё қозоқ экани билинади. Сизнинг қаҳрамонларингизнинг отларидан кимлигини билиб бўлмайди. Бунга эътибор қилиш керак», – деганди. У вақтларда мен бу хил йиғилишларга атай Гулистондан келардим, ҳали ижодкорларнинг биронтаси билан ҳам шахсан таниш эмасдим. Бу гап Шойимга айтилган бўлса керак деб чамалаётганимнинг сабаби унинг асарларидаги қаҳрамонларнинг оти менинг ўзимда ҳам шунга ўхшаш фикр уйғотарди.

Шукур ака булбулигўё нотиқлардан эмасди. Аммо у кўп нарса биларди ва айтиш керак деб ҳисоблаган гапини ўзига ёқадиган йўсинда унчалик қисинмай айта оладиган эркин одам эди. Ҳали гапирмай туриб, фалончи нима деркин деб хавотирланиб, қўлидан келгунча ўзини яшириб яшашга интиладиган одамлардан иборат муҳитда бу сифат жуда камёб эди.

 Хуллас, Шукур ака гапини айтиб бўлди-да, саҳнадаёқ чўнтагидан арзон сигаретасини чиқариб, раислик қилаётган кишига: «Битта чекиб келсам майлима?» – дея ташқарига йўналди. Шу вақтгача у кишининг гапларидаги мантиқ мени ром қилган бўлса, энди унинг тутумларидаги эркинлик (балки, ўзига ярашиб турган эркаликдир бу) лол қолдирди! Билдимки, у ўрнатилган тартибларга тушадиган қолипдаги одам эмас. Буни ўзиям билар ва ўрни келиб қолганда, атай намойиш этарди. Унинг бу ройиши феълидаги ўзига хосликдан ташқари, қолипга сиғмайдиган одамнинг қуюшқонни истовчиларга ўзига хос исёни ҳам эди!

 Эларо машҳур, ўзининг бошқалардан бошқачароқ эканини билган ҳар қандай одамнинг феъли-хўйида бир қадар артистлик бўлади. Чунки таниқлилик ҳар қандай кишидан, ҳозирги тил билан айтганда, «имиж»ни тақозо этади. Шукур Холмирзаевда-ку артистлик жиҳати инчунун эди. Сабаби у кишининг табиатида азалдан ўзгага кўча билиш, бировнинг ҳолатини унинг ўзидан-да теранроқ туйиш қобилияти бор эди. Ундаги айни шу жиҳатни буюк отдоши Шукур Бурҳон ўз вақтида пайқаб, унга Ҳамлет ролини берганди.
Ҳар қандай ўқувчи сифатида мен ҳам Шукур аканинг шахсига қизиқиб қолдим. Лекин у кишига яқинлашиш, танишиш ҳақида ўйлашга ҳам ботинолмасдим. Аммо тақдир меҳрибонроқ чикди: вақти келиб мен бир муддат Шукур аканинг Дўрмондаги хонасига деярли қўшни бўлиб қолдим ва бир қадар яқинлашиб кетдим.

 1991 йилнинг эрта кузаги эди. Кўпчилик мустақиллик эпкинларидан маст бўлиб, сўз ҳурлигидан мириқиб-мириқиб фойдаланиб юрган дамлар… У вақтлар Дўрмонда хусусий чорбоғлар қурилмаган, Шукур Холмирзаев Ёзувчилар дам олиш уйининг учинчи қаватида пиллапоянинг тўғрисидаги ўша машҳур хонасида яшарди. Ҳукуматнинг топшириғи билан бир гуруҳ олимлар адабиёт бўйича тузилган дастурни такомиллаштириш ва шу дастур бўйича адабиёт дарсликларини ёзиш учун Дўрмонга таклиф этилганди. Муаллифларнинг кўпчилиги Тошкентдан бўлиб, улар орасида марҳум проф. Акрам Каттабеков домла билан мен гулистонлик эдик.

Ижодий гуруҳ аъзоларининг кўпчилиги Дўрмондаги вазиятни яхши биладиган кишилар бўлганидан ҳар ким ўзига маъқул жойни танлаб олди. Айтиш керакки, олимларга жуда яхши шароит яратиб берилганди. Ҳамма биринчи ёки иккинчи қаватдан жой олишга ошиқарди. Дўрмонни биринчи бор кўриб турган, бу ернинг пасту баландини билмайдиган одам сифатида хоналар тақсимотининг охиригача кутиб турдим. Ва… гуруҳдагилардан ёлғиз менга учинчи қаватдан жой тегди.

Муҳими, мен ўзим билмаган ҳолда Шукур Холмирзаев билан деярли қўшни бўлиб қолдим. Ҳар куни эрталик, тушлик, кечлик маҳали даврада Шукур ака кечирмиш воқеалар ҳақида гап бўларди-ю, негадир, ўзи кўринмасди. Бунга сари менинг қизиқишим ортарди. Ниҳоят, орадан бирор ҳафтадан мўлроқ вақт ўтиб, ёзувчига йўликдим. Негадир доим кечликдан сўнг гурунглашиб ўтирадиган, кўпинча жамоа бўлиб Дўрмон боғларини биргаликда айланадиган олимлар ўша куни қандайдир хавфни сезган полапонлардай жойларига тезгина тарқалишди. Ёлғиз ўзим кечки салқинда бирпас боғ айландим-да, хонамга кириб ишламоқчи бўлдим. Пиллапоялардан учинчи қаватга чиқиб, Шукур аканинг хонаси ёнидан эндигина ўтиб кетаётгандим, ярим очиқ эшикдан сочлари тўзғиган ёзувчи бошини чиқариб, юзимга қаради-да: «Салом! Қани бу ёққа киринг», – деди. Бу таклифдан кўра, амрга ёвуқроқ эшитилди.

Бундай бўлишини кутмаганим учун шошиб қолдим. Қайтадан салом бериб, сўрашдим. Ўзимни таништирдим. «Вой, айнонайин! Қозоқбой деганлари сизмисиз, Сизни биламан», – деди Шукур ака. Қувониб кетдим. Чакана гапми, шундай одам мени билса?! Ўша кунги кутилмаган тонготар суҳбатимиздан менга маълум бўлдики, кўпчилик ижодкорлардан фарқ қилароқ, Шукур ака ўзбек адабиётини ҳам, адабиётшунослигини ҳам мунтазам ўқиб борар экан. Шу куни ёзувчи мўлжалдаги ишини битириб, дам олишга тушган экан.

 Тониғ бўлдимки, Шукур ака қаттиқ ишларди. Ёзаётган пайтида тўлиғича асарига кўчиб ўтар, қаҳрамонларининг хаёли билан яшар, уларнинг орасидан чиқиб кетмаслик учун ҳеч ким билан гаплашмас, мабодо юзма-юз келиб қолганда ҳам олдидаги одамни танимас ёки ўзини танимаганга солиб қўя қоларди. Чамаси, адиб ҳам вақтини қизғанарди, ҳам ҳолатдан чиқиб кетишдан қўрқарди.

Ишлашига яраша у кишининг дам олиши ҳам қаттиқ бўларди. Ўйлайманки, у кишининг дам олиши ишидан-да оғир кечарди. Чамаси, ёзувчи асарларида тасвирланган шароитга шунчалик кўчиб ўтардики, асар битгандан сўнг ҳам у ердан осонлик билан чиқиб кетолмасди. Шу боис хотираси ва руҳиятидаги эски «ёзувлар»ни ўчириши керак бўларди.

 Салкам уч ой мобайнида мен ўнларча марта ўшандай суҳбатдош бўлдим. Ва бизнинг ўзига хос гурунгларимиз то адиб умрининг охирига қадар турли даражадаги мунтазамлик билан давом этди. 1991 йил ноябрининг охирларида ана шу гурунгларимиз натижаси ўлароқ бир нарса ёзиб, ёзувчи ва олим Хуршид Дўстмуҳаммадга кўрсатгандим. Бу битикдан Шукур ака ҳам бехабар кетди.

 Ўшандаги суҳбатлардан бирида, нима бўлди-ю, мен 7-синф дастурида М. Шайхзоданинг «Тошкентнома»сидан парча берилгани, асар бу ёшдаги болаларга унчалик мос эмаслиги тўғрисида гапириб қолдим. Шукур ака Шайхзоданинг «Йилларнинг саломин йилларга элтиб…» шеърини тўла ёддан ўқиди ва ўн тўрт яшар ўсмирларга ана шунга ўхшаш шеърларни ўргатиш фойдалироқ бўлишини айтди. Мен адибнинг хотираси ва билимдонлигига қойил қолдим. Шукур аканинг таклифини гуруҳдагиларга амаллаб ўтказдим. Ўша асар киритилди. Узоқ йиллар мобайнида ўрта мактабнинг 7-синфи ўқувчилари бу гўзал фалсафий шеърдан баҳраманд бўлишди.

Шукур аканинг табиатида менинг эътиборимни тортган энг бирламчи сифат унинг ҳаддан ташқари табиийлигидир. Ҳатто, унинг сунъийликлари ҳам табиий бўларди. Шу боис унга бир марта алданганлар ҳам яна қайта ёзувчининг «тузоғи»га илинаверишарди.

Унчалик ҳозиржавоб бўлмаган, ҳатто, эшитган гапинида, бирданига англайолмаётгандай эловсираб турадиган Шукур ака, ўрни келганда, турли шумликлар қилишни ҳам жойига қўярди. Чунончи, кимнидир «тушириш» керак бўлганда, адиб ўз қурбони бўлмиш объектни шу қадар бехато топар ва унга шунчалар пухта ишлов берар эдики, «объект» Шукур аканинг ёнига кириб, унинг йўлига юраётганини билмай ҳам қоларди. Мен буни Шукрулло, Исоқ Ўктам, Турғунбой Ғойиб ва турли вилоятлардан келиб турадиган бошқа бир қатор катта-кичик ижодкорлар мисолида ўз кўзим билан кўрганман. Ўзим қаториларни айтиб ҳам ўтирмайман. Бизлар учун Шукур акага «ем» бўлиш жуда ёқимли туюларди. Ва бу ҳакда мақтаниброқ гапириб юрардик.

Шукур аканинг феълида, адабиётимизнинг намояндаларига муносабатда ҳам ўша табиийлик устувор бўларди. У ёзганларини тушунолмаётган ёки қабул қилишга қийналаётган ижодкорлар ҳақида очиқчасига гапирарди. Дейлик, у анча вақт талантли шоир Фахриёрнинг шеъриятини қабул қилолмай юрди. «Бу бола нима демоқчи ўзи, у нега мунча тилини бураб сўзлайди?» – деб қоларди баъзан. Мен ҳар сафар Фахриёр шеъриятидаги диққатга лойиқ бирор жиҳатни кўрсатишга интилардим. Далилларим у кишини қониқтирса, иВў, уккағар-е, жуда ақлли-ку бунингиз», – деб қўярди. Назар Эшонқулнинг ёзганларига кўникиши ҳам оғир кечганди. Ёш ёзувчиларда тил қашшоқлиги, уларнинг битганларида ўзбек тилининг таровати, имконияти бор бўйича кўринмаётганидан норози бўларди.

Шукур аканинг адабиётдан ортиқ нарсаси йўқ эди. У киши адабиёт учун ва фақат адабиётда мавжуд эди. Лекин у адабиётдан манфаат қидирмас, уни ўзига хизмат қилдириш мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмасди. Унинг учун адабиёт яшашнинг шакли эди. Ҳолбуки, адабиётни тирикчиликка восита қиладиган кишилар қанча… Шоира ва журналист Нилуфар Сафо билан бўлган бир суҳбатда журналистнинг: «Ҳар бир инсон ўз ишига, ўз соҳасига фидойи бўлиши керак. Сиз адабиётшунослар орасида бу хислатни кўпроқ кимларда кўрасиз?» – деган саволига шундай жавоб берган эканман: «…Сўз одамлари орасида мен фақат Шукур Холмирзаевнигина адабиёт фидойиси деб айта оламан. Шукур ака ўзидан кўра адабиётни кўпроқ севмоқнинг уддасидан чиқди. У қулайликлардан воз кечиб, адабиётга хизмат қилишга ўзида куч топа олди. Ёзувчи адабиётни ўзига хизмат қилдирмади, аксинча, бир умр унга хизмат қилди. Шу боис адабиёт ҳам Шукур Холмирзаевни астойдил ёрлақади. Аслида ҳам адабиёт ижодкорга ҳеч нарса бермай туриб, ундан курбонлик сўрайдиган ҳодисадир.

 Адабиётни ўзига хизмат қилдирган ёзувчилар эса жуда кўп, лекин бадиий сўз, вақти келиб, улардан ўч олади. Танқидчилар орасида афсуски, бундай шахсни кўрсата олмайман. Чунки танқидчилар – эл қатори, рисоладаги одамлар. Рисоладаги одамларнинг эса фидойиликдан ташқари ҳам бир дунё мажбуриятлари бўладики, улар одамга ўзини фидо қилиш имконини ҳам бермайди. Лекин адабиётга кўлидан келганча ҳалол хизмат қилган адабиёттанувчилар ҳамиша бўлган ва бор». Ҳалиям шу фикрдаман.
1999 йилнинг охирлари эди, шекилли, халқ оғзаки ижодини яхши билгани, билганидан ҳам кўра, фолклор асарлари ва уларнинг қаҳрамонлари руҳини туйгани боис Шукур аканинг фикрини олиш учун эндигина тугаллаган «Алпомиш» талқинлари» китобим қўлёзмасини ёзувчига бердим. Бир ойларга қолмай ўқиб чиқди, қўлёзманинг ҳар варағига фикрларини ёзиб қўйибди. Муҳими, китоб у кишига маъқул келибди. Шундан сўнг китобни олимларга кўрсатганман ва «Маънавият» нашриётига олиб борганман.

 Кўпчилик ижодкорлар сингари Шукур ака ҳам кайфият одами эди. Кўпчиликдан фарқли равишда у ўз кайфиятини пардалашга уриниб ўтирмасди. 2000 йилнинг кўкламида адибнинг Дўрмондаги кулбасига бориб қолдим. Вақт тушга яқин эди, шекилли. Шукур ака жуда тажанг, ўзича кимнидир бўралаб сўкаётибди. Суриштирсам, сўкишлар Азим Суюнга қаратилган экан. Азим ака қадрдон жўрам бўлгани учун сабабини билгим келди.
– Э, бу ноинсоф нодонни қаранг! Анов куни менга бир янги қозон берган эди. Бугун ишлатай деб олсам, аблаҳ, қопқоғини бермаган экан! Энди нима қиламан буни!
– Ҳа, чиндан ҳам ноинсофлик қилган экан шоир. Келинг, манави фанерни қопқоқ ўрнида ишлатамиз, – дедим мен ўзимча қочириқ қилиб.
– Дарвоқе, шундай қилса бўларкан, эсга келмаганини қаранг! – деди Шукур ака самимий жилмайиб.
Шу куни иккимиз ҳам чап томонимиз билан турган эканмиз, шекилли. Узоқ ўтирдик, мириқиб суҳбатлашдик. Анови сабил ҳам керагидан мўлроқ бўлди. Шукур ака гурунгнинг адоғида шаънга тегадиганроқ гап қилди. Мен ҳам индамай қўя қолмадим. Хуллас, иккаламиз аразлашиб ажрашдик. Анча вақт у кишини кўришга бормай юрдим. Қиш кунларининг бирида шоир Турсун Али қўнғироқ қилиб Шукур аканинг Юнусободдаги уйига бормоқчилигини, агар хоҳласам, мени ҳам олиб ўтиши мумкинлигини айтиб қолди. Бу шунчаки тасодифмиди ёки табиатан одамларни бир-бирига яқинлаштириб юрадиган Турсун Алининг билиб қилган ишимиди, ҳалигача тушунолмайман. Ўзимизга хос тайёргарлик билан устознинг бир хонали уйига бордик. Анчадан бери кўришмаганимиз учун жуда узоқ суҳбатлашдик. Бугунги адабиётнинг бу ёғидан кириб, у ёғидан чикдик. Шеърлар ҳам ўқилди.
Кетаётганимизда, адиб мени тўхтатди. Хонасига қайтиб, ниманидир анча қидирди. Ниҳоят, қидирганини топиб чиқди. Қўлида жигар рангли қоракўл тери бор эди. Миямдан: «Тиктириб бериш керак, шекилли», – деган ўй кечди.
– Бу сизга мендан эсдалик бўлсин. Ёдгорлик деса ҳам бўлаверади, – деди Шукур ака.
Мен буни кутмагандим. Шоша-пиша адибнинг қўлини қайтаришга уриниб, қоракўл терини бошқа нарсаларга ишлатиш маъқуллигини уқтирмоқчи бўлдим. Шукур ака фикрида қатъий эди. Турсун Али ҳам:
– Шукур аканинг қўлини қайтарманг. У киши ҳаммага ҳам совға беравермайдилар, – деди.

 Ўша қоракўл тери азиз бир эсдалик сифатида ҳалиям турибди.
Шукур акада майда манфаатлар, ўзини аслидагидан баландроқ кўрсатишга чираниш бўлмагани учун у кишини ёмон кўриб бўлмасди. У билан келишмаслик, фикрига қўшилмаслик мумкин эди. Лекин, ўйлайманки, ёмон кўриб бўлмасди.
«ЎзАС»нинг 2008 йил 28 ноябрида Низом Комиловнинг «Сен ҳаётни севардинг» мақоласини ўқиб қолдим. Унда Шукур Холмирзаев ҳақида «Сен ҳар қадамда ўзингнинг «Ёлғиз» куйингни хиргойи қилардинг. Биз сенга жўр бўлардик. Аммо ўхшатолмасдик… кейин ҳам ўхшатолмадик», – деб ёзади. Эсимга лоп этиб, 1991 йилнинг кузида ёзиб қўйиб, X. Дўстмуҳаммаддан бошқа ҳеч кимга кўрсатмаган ва оғамизнинг ҳолатидан келиб чиқиб, «Ёлғизлик» деб номлаган қайдларим тушди. Эҳтимол, Низом аканинг мақоласида Шукур ака «тобига келган»да тўхтовсиз айтадиган ўша сўзи ҳам, сўнгги ҳам йўқ даҳшатли куй кўзда тутилгандир. Менимча, ўша куй кўзда тутилган. Шукур аканинг куйини Сиз ҳам бир тинглаб кўринг:

 

«ЁЛҒИЗЛИК

 

Алоҳида талант эгалари алоҳида руҳият ва алоҳида тақдир эгалари ҳамдир. Уларнинг бошқа алоҳидаликлари табиатларидаги алоҳидаликдан келиб чиқади. Аксарият катта истеъдод эгалари табиатан ёлғиз, атрофидаги энг яқин кишиларга ҳам бегона бўлишади. Уларни юзлаб одамлар ўраб туриши, тинимсиз олқишлаши, қарсаклар чалиши, қойил қолганликларини билдириши мумкин, лекин бу нарсаларнинг бирортаси ҳам талант эгасини ёлғизликдан қутқара олмайди. Чунки улар ҳамма қатори одамлар эмас!


Ҳамма қатори ўйлай олмайди. Ҳамма қатори бўлмайди унинг туйғулари ҳам. Дунёни бошқача кўрадиган, атрофни одамлардан бошқачароқ сезадиган қилиб яратган уни қодир Эгам. Кўпроқ била бошлаганим сари менга Шукур ака бутунлай ёлғиз одам бўлиб туюлаверди. Бундай қараганда, унинг ўтбошиси бутун, шогирдлари кўп. Қўли очиқлиги, ичишни қотиргани, суҳбати ёқимли бўлгани учун улфатлардан ҳам худо қисмаган. Лекин у, барибир, ёлғиз. Даҳшатлиси шундаки, бу ёлғизликдан одамлар орасига кириб қутулиб бўлмайди. Эл қатори одамга одамларнинг ораси кифоя қилади. Талантли одам одамлар орасига эмас, одамнинг ичига кирмоқчи бўлади. Кўпчилик одамнинг ичи эса бўм-бўш! Ҳар ҳолда меҳр йўқ! Шу боис баъзан Шукур акани ўраб турган одамлар унинг ёлғизлигини тоқат қилиб бўлмайдиган жисмоний оғриқ даражасига чиқариб юборишади. Ва бу оғриқни босиш учун унга банг – ароқ керак бўлади.

Аслида у киши табиатан ёлғизликни севадиган, шунга интиладиган, одамлардан кўра ўт-ўлану парранда-даррандалар билан тузукроқ тиллаша оладиган одам. Чунки одамдан бошқа нарсаларда ғирромлик йўқ. Шукур ака узоқ вақт ёлғиз ишлайди. Ишлаётганда тўйтомоша, маишат, учрашув у ёқда турсин, одам билан кўришмасам дейди. Кўришмайди ҳам. Мабодо, кўришиб қолганда ҳам танимайди ёки ўзини танимаганга олади. Чунки шу пайтда у ўзи яратган оламда, ўзи яратиб тасвирлаётган одамлар даврасида бўлади. Адибнинг хаёлоти яратган олам тўкис, ундаги одамлар покиза. Чиннидай нафис, гулдай нозик бу оламни ер бандасининг бир оғиз ножоиз гапи чилпарчин қилиши мумкин. Эвоҳки, Аллоҳ яратган бандалар адиб яратган бандаларга қараганда не қадар ғариб, не қадар майда! Шукур аканинг қаҳрамонлари қанчалар юксак ўйлайдилар, мардона сўйлайдилар, улкан ишлар қиладилар! Шундай оламу одамни атрофидаги майда кимсаларга қараб яратиб бўладими?

 Ёлғиз ўзи узоқ вақт мобайнида мўлжалдаги бирор ишни битиргач, Шукур ака дам олади. У одамлар орасига кирмоқчи, улар қатори бўлмоқчи бўларди. Одамлар орасига кириб, одамлар қатори бўлиб дам олиш ёзувчига ҳам, унга рўпара келганларга ҳам қимматга тушади. У бир неча кун мобайнида тинимсиз ичади. Ичганда ҳам уйқудан, овқатдан кечиб астойдил ичади. Ўшандан кейин у “одамлар қатори”  бўла бошлайди: тўхтовсиз сўкинади, ҳаммага дағал ва кескин баҳо бера бошлайди. Кишининг кўнглини оғритгиси келади. Шу тариқа хаёлотнинг беғубор осмонидан реалликнинг чирк босган заминига туша бошлайди ва унга ўзича  “мослашади”.

Шукур ака ича бошлаган вақтда ёнида ҳамиша кимдир бўлишини истайди. Деярли ҳамиша ёнида биров бўлади. Ва ачинарлиси шундаки, адиб барибир ёлғизлигича қолаверади. Чунки ер юзидаги барча мастлар сингари у ҳам ким биландир дардлашмоқчи бўладию, лекин унинг дардини тушунишмайди. Чунки у қалбининг қат-қатида қатланиб, етмиш икки томирида гупириб ётган дардларини айтиб беролмайди. Унинг дардлари бировга айтиб бўладиган анов-манов дардлар эмас! Бунинг устига у ўз дардини айтиб ўрганмаган. Ифодалаш бошқа масала! Хаёлидаги одамлар билан дардлашавериб ердаги одамлар билан гаплашишнида унутаёзган адибни соғлигида тушунмаган одамлар мастлигида ҳам тушунишмайди, албатта. Ёзувчи мастлигида ҳам жўн одамлардан узоқни кўради, унинг хаёли шу ҳолда ҳам юксакларга парвоз қила олади.


Мўлжалланган иш битган, яъни хаёлот олами тугаган. Бу олам ўзининг бутун нафосатию гўзаллиги, нозиклигию мусиқаси билан чил-чил синган, вайрон этилган. Шу боис мастлик оғир кечади жуда. Ростлик-ку ҳамиша ҳам оғир.
 Шукур ака дардлашмоқчи бўлади. Ким билан бўлса-да, гаплашиш, юрагидаги туйғулар билан ўртоқлашиш енгиб бўлмас истакка айланади.Қайнаб ётган туйғуларни ичкиликдан карахт бўлган тил ифодалай олармиди-ю, тинимсиз сўкишлару адоқсиз чекишлар туфайли калласи ғовлаган  “суҳбатдош”  тушунармиди?! Суҳбатдош ерда юрган ҳамма қатори ҳашаки бир одам. Ёзувчига бошқача одам керак. Гапирмаса-ю, тушунаверса. Қарабгина қўйиш кифоя бўлса! Бундай одам йўқ! Шундан бўлса керак, маълум босқичга етгач, Шукур ака сўкинишга тушади. Кейин тўхтовсиз гапираверади. Кўзлар ғазабли чақчаяди, қошлар милтиқдан нишонга олаётганидай чимирилади, ҳатто қўли билан кимларнидир  “отади” ҳам. Гапининг кўп қисми тоғ, милтиқ, ов ҳақида, ўзининг зўр овчилиги хусусида бўлади. Лекин зўр ёзувчи экани билан ҳатто мастлигида ҳам мақтанмайди. Ичкилик жуда ҳам маромига етгач, қулоқларгача тўзғиб ётган узун сийрак сочлари устига похол шляпасини бостириб олиб ашуласини бошлайди.
Шукур аканинг ашуласи! У ҳақда гапириш бефойда. Фақат тинглаган тушунади. Йўқ! Тинглаган ҳам тушунмайди. Чунки тушунадиган нарсанинг ўзи йўқ. Қандайдир туйғу, эзгин, аммо бепоён ва мардонавор руҳгина бор. Уни ҳис этиш мумкин, холос!
 Унинг бир бошлангандан кейин сира тугамайдиган қўшиғида бир нечтагина сўз бўлади, холос. Ундаги асосий унсур томоқдан хирқираб чиқадиган, ширали, дардли ун. Шукур ака куйлай бошлайди: ―Не ээйй, нэ ээййй, нэ ээйййй. Зарур оҳанг тезгина топила қолмайди. Ҳар қандай овоз ҳам ижрочининг туйғуларини ифодалай олмайди шекилли, Шукур ака тинимсиз такрорлайверади. Зўриққанидан юзлари бўғриқиб кетади, қўллар ғалати тарзда олдинга чўзилиб, қандайдир мулойим-кескин ҳаракатлар  қила бошлайди, кўзлар ғалати юмилади. Тўхтовсиз тутатилаётган сигаретдан хона тутунга, атрофдаги барча нарса кулу қолдиқларга тўлиб кетади. Хонадаги ҳамма нарса айқаш-уйқаш, овқат ва сигарет қолдиқлари, ювилмаган идишлар, қаймоқ боғлаган совуқ чой. Ҳамма жойда шиша: ётган, синган, тик турган, тўла, бўш. Стол усти тўла қоғоз, қоғоз, қоғоз.
Шукур ака ҳамон куйлайди. Ниҳоят, зарур оҳанг топилади! Шунда унинг уйқусизликдан қизарган кўзлари бир зум жонланиб, юзлари ёришиб кетади. Зўриқиб, оғзининг бир чети билан салгина жилмайгандай бўлади.
 Бечора суҳбатдошига хурсанд бўлиб қараб қўяди. Сўнг бирдан: ―Эҳ, барибир, ҳеч нарсани тушунмайсан. Чунки саводсизсан,— дея иддао қиладида, куйлашда давом этаверади. Ўз овозига маҳлиё бўлаётгани шундоққина сезилиб туради. Сел бўлиб куйлайди. Сел бўлиб тинглайди. Куйлаб тинглайди, тинглаб куйлайди. Шу ҳолатга келганда қўшиққа бир- иккита сўз ҳам кириб кела бошлайди: “Келибб ҳолимни кўргинээййй”, “Келииибб  аҳволиммни  кўргиинээйййй…”
Унинг қўшиғи Сурхон бахшиларининг атайлаб бўғиздан оҳанг беришига ўхшамайди. Шукур аканинг қўшиғи оҳанглари бахшилар
товушидан ҳам қадимийроқ ва салобатлироқдай туюлади. Унинг хиргойиси кўз ўнгимда, ҳеч қачон кўрмаганим Олтой тоғларини, Субйэр кенгликларини, поёнсиз Дашти Қипчоқни гавдалантиради. Яхши кўриб қоламан қўшиқчини. Меҳр билан юзига қарайман. Кўзлар юмуқ, ёқавайрон, сочлар паришон, юзига куллар суркалган, оёқ беўхшов чалиштирилган, ўзи бу дунёни унутган. Гўё у бу дунёда минг йиллар олдин ҳам яшаган. Абут-турк бўлиб! Олтойдан Ҳиндикушгача бўлган бепоён ҳудудда ёвларга даҳшат солиб жавлон урган, сара фарзандлар ўстирган, қудратли халқни бунёд этган. Қутлуғ умрини шону шавкатла яшаб ўтгач, минг йиллардан сўнг дунёга қайта келган. Кейинги келишида юртни хароб, одамларни пачақ ва майда кўриб ўтмишини, аввалги умрида қилган ишларини эсламоқчию хотира панд бераётир. Шундан у озурдажон.
 Унинг кўшиғи улуғ ёшли буюк мўйсафиднинг силқиб оқаётган қудратли армонлари! Бугунги кун омонат, ясама. Ҳақиқий ҳаёт бошқача!  Ҳақиқий одамлар — бошқалар! Лекин қани улар? Қаердалигини биларди, лекин минг йиллаб яшаш осонми, қариликда унутиб қўйган! Эслаш оғир! Шу сабаб қўшиқ ҳам оғир. Чунки у тўхтовсиз оқиб, узоқлашиб бораётган хотира…

1991 йил 25 ноябр».

* * *

Шукур ака ўзига, шахсиятига, истеъдодига хиёнат қилмай, ҳеч кимдан марҳамат кутмай, ўзи билганича ва ўзи истаганича яшади. Ёзувчининг ўзи эркин бўлгани учун унинг сўзи ҳам эркин эди. Эркин сўзнинг умри узоқ, парвози баланд бўлади. Негаки, эркин сўзнинг назари олисларга қаратилган, манфаат отлиқ чиркин юк пастга тортмайди. Ўйлайманки, улуғ ёзувчининг улуғ ва узун ҳаёт йўли энди бошланади.

2009 йил 3 январ-27 октябр

 

Қозоқбой Йўлдош

SHARE