Америкада “қора жума” руҳи кезиб юрибди

АҚШда Шукроналик кунидан сўнг “қора жума” — турли савдо дўконларида чегирмалар даври бошланади. Бу чегирмалар даври бўлиб, ўзига хос одат ва тартибларига эга. Фақат АҚШда машҳур бўлган бу кун эндиликда бошқа мамлакатларда ҳам авж олмоқда. Бунда, албатта, Америкадаги Apple сингари трансмиллий компанияларнинг хизмати катта бўляпти.

Шукроналик кунидан сўнг чегирмалар бериш 19-асрда пайдо бўлган бўлиб, унинг “қора жума” деб ном олиши бевосита 1960 йилларга бориб тақалади. Гап шундаки, ўшанда йўлдаги тирбандликлар боис ҳайдовчилар шу кунни “қора” куни сифатида аташ одат тусига кирган.

Одатга кўра, “қора жума” куни АҚШдаги магазинлар жуда эрта, соат эрталабки 5-6дан иш бошлайди. Ҳозирда бунга жуда олдиндан киришмоқда. Масалан, бир қатор савдо тармоқлари кечқурун 8-10дан очишини маълум қилган бўлса, кўпчилиги қоқ тундан чегирмаларни бошлашади.

Харидорларга фақат бир кун амал қиладиган катта миқдордаги чегирмалар таклиф қилинади. Айни чоғда бундай чегирма фақат дастлабки 10 кишига татбиқ қилинади. Шу боис навбат кутиш, бир-бирига дўқ-пўписа қилиш, уруш-жанжал ва ҳатто, қотилликлар ҳам бу кун учун бегона эмас.  Иқтисодий таҳлилчиларнинг фикрича, мамлакатдаги иқтисодий аҳвол, қолаверса, ишсизликнинг юқори бўлишига қарамасдан бу йил савдо ҳажми ўтган йилдагига қараганда 4 фоиз кўп бўлиб, 586,1 миллиард долларни ташкил қилади.

Чунки “қорачасига шоппинг” қилиш истагида бўлган америкаликлар сони бу йил 53 фоизни ташкил қилди. Ваҳоланки, бу кўрсаткич 44 фоизни ташкил қилган эди. Электрон тижоратнинг оммалашиб бораётгани боис “қора жума”дан сўнг “кибердушанба” тушунчаси юзага келди. Жорий йилда онлайн-тижорат миқдори 2 миллиард доллардан ошиб кетиши мумкин. Ўтган йили бу миқдор 700 миллион атрофида бўлган эди.

Таҳлилларга қараганда, АҚШда 147 миллион киши “қора жума” куни савдо қилиш учун чиқишини маълум қилган. Эътиборли жиҳати, америкаликлар курка сотиб олиш учун 875 миллион доллар сарфлашар экан, яна 43 миллион киши шу кунлари саёҳатга отланар экан.

SHARE