Қиш совуқ келадими?

Кузнинг сўнгги ойи ҳам тугаб бормоқда. Ноябрь — куздан қишга ўтиш ойи ҳисобланади. Марказий Осиё иқлимида ушбу ойда узоқ муддат давомида, айрим жойларда ой давомида қуруқ ва илиқ ҳаво сақланиб туриши одатий ҳол. Масалан, Тошкентда 2010 йилнинг ноябрь ойида атиги бир маротаба ёмғир ёғиб ўтган.

Бироқ мазкур ой учун ҳароратнинг пасайиши, об-ҳаво илиқ давридан кескин совуқ даврга ўтиши хосдир. Ноябрь ойида ёғингарчилик асосан ёмғир, айрим пайтларда 2 кундан 5 кунгача қор кўринишида бўлиши кузатилган. Ўзбекистонда метеорологик кузатишларнинг хулосасига кўра, 2011 йилнинг ноябрь ойида қор кўринишидаги ёғингарчилик миқдори ундан аввалги йилларга нисбатан кўп бўлганди.

Республика аҳолиси бу йилги ноябрь ойининг ўзгарувчан хусусиятини ҳис қилди. Бу йилги иқлимий маълумотларга мувофиқ, Ўзбекистонда ноябрь ойи октябрь ойидан 4-6о га совуқ бўлиб, ёғингарчилик миқдори кескин кўпаяди. Ҳаво ҳарорати кечалари ўртача 20-25о илиқдан 0-5о илиқгача ўзгариб туради. 11 ва 12 ноябрь кунлари орасидаги ҳарорат ўзгариши 20о атрофини ташкил этди. 19 ноябрда эса ҳароратнинг кескин пасайиши туфайли биринчи қор ҳам ёғиб ўтди.

Халқимиз орасида бу йил қиш совуқ келар экан, иқлим кескин ўзгарибди, деган нотўғри тушунча ҳосил бўлган. Қишнинг жуда совуқ келиши иқлимий ўзгариш сифатида баҳоланмайди. Атмосфера элементларидан бири бўлган ҳаво ҳароратининг ўртача йиллик кўр­саткичлари энг камида ўн йиллик метеокузатув натижаларидан кескин фарқ қилсагина иқлим ўзгарган, дейиш мумкин.

Ўзбекистонда қишнинг биринчи ойи аввалги йиллардан ажралиб турмайди. Декабрь ойининг ўртача кундузги ҳарорати республиканинг марказий ҳудудларида 7-12о илиқни ташкил этса, тунги ҳарорат 0о га яқин бўлади. Декабрь ойида ҳарорат кескин ўзгариб туради. Кейинги йилларда Ўзбекистонда қиш ойлари илиқроқ бўляпти ва паст ҳароратлар деярли кузатилмаяпти. Совуқ йилларда декабрь ойида 12-17о совуқгача, айрим йилларда бундан ҳам паст бўлади. Тошкентда 50 йил илгари ҳароратнинг абсолют минимум кўрсаткичи 29оС совуқни ташкил этган.

Ҳар бир фасл ўзининг инжиқликларига эга. Бироқ айни пайтда куз кузлигини, қиш қишлигини қилса, иқлимда номутаносиблик юзага келмайди, курраи замин ҳам ўз вақтида керакли моддалар билан тўйинади.

Муаллиф: Ўзбекистон Гидрометереология маркази бош синоптики Ирина Зайцева.
25.11.2012