Марказий Осиёнинг энг бой одамлари Қозоғистон ва Ўзбекистонда яшайди

Марказий Осиёнинг энг бой одамлари Ўзбекистон ва Қозоғистонда яшайди. Дунёдаги бой одамлар ҳақидаги “World Ultra Wealth Report” ҳисоботига тяаниб, ca-news.orgнинг хабар беришича, Қозоғистонда 30 миллион доллардан ортиқ маблағга эга 140 нафар киши бўлиб, уларнинг умумий бойлиги 20 миллиард долларни ташкил қилади. Ўзбекистонда эса бундай одамлар сони 80 киши бўлиб, уларнинг жами даромади 12 миллиард доллардан ошади. Тожикистонда эса 40 нафар кишининг жами фойдаси 6 миллиард доллар атрофида баҳоланган.

Ҳисоботда келтирилишича, Қозоғистонда бойлар сони камайиб бораётган бўлса, Ўзбекистонда уларнинг сони изчил кўпаймоқда. Ҳисобот муаллифлари Марказий Осиёда ялпи ички маҳсулот ўсиши барқарор 6 фоиздан юқори бўлиб қолаётганини эътироф этишган.

“World Ultra Wealth Report” жисмоний шахслар активларининг соф қиймати асосида тайёрланадиган ҳисобот бўлиб, у истисно тариқасида фақатгина 30 миллион доллар ва ундан кўп активларга эга шахслар ҳисобини юритиш орқали аниқланади. Бунда шахснинг хусусий, очиқ акциядорлик компаниялари, турар жойлари, кўчмас мулкка йўналтирган инвестициялари, санъат асарлари коллекцияси, самолёти, пул маблағлари ва бошқа активлари ҳисобга олинади.

SHARE