Савоб ишни ҳар ким ҳар куни қилиши керак

Шундай инсонлар борки, улар умрини эзгу амалларга, хайрли ва савобли ишларга бағишлашади. Самарқандлик Мунира Маҳмудова ва унинг бир гуруҳ дўстлари ана шундай кишилардан.

Улар Нью-Йоркда яшаб туриб, ҳамюртларига яқиндан ёрдам қўлини чўзиб келишмоқда. Улар эҳтиёжманд ватандошларимизга яқиндан ёрдам бериб, кўплаб кишиларнинг кўнглини хушнуд айлаб келишар экан. “Ватандош” газетаси жамоатчи мухбирининг Мунира Маҳмудова билан суҳбати айнан шу ишлар хусусида борди.

 — Мунира опа, аввало, фаолиятингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Мен Самарқанд шаҳрида таваллуд топганман. Кўп йиллар шифокорлик қилганман. Ҳозирда Нью-Йоркда “Light of Hope. Inc” фирмасини ташкил қилиб, тўрт йилдан бери ногиронларга, беморларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келамиз…

— Бу ёрдамлар ҳақида батафсил тўхталсангиз.

— Ўтган давр мобайнида шаҳримиз ногиронларига ва ижтимоий ҳимоя муҳтожларнинг бир қисмига ногиронлик аравачалари, турли асолар, болалар аравачалари, тўшакка ётиб қолган касаллар учун тиббий ва санитария воситалари, ногиронлар, ўзи ҳаракат қила олмайдиганлар учун турли тиббий воситалар, шу жумладан, тиббий кўрпа, кислород ёстиқлари ва балонлари ҳамда дори-дармонлар жўнатиб келамиз.

— Шу ўринда мана шундай кўмаклар қандай етказилаётгани хусусида ҳам айтиб ўтсангиз.

— Бизга кўплаб ўзбекистонликлар мана шундай беғараз юкларни ўз эгаларига етказишда яқиндан ёрдам беришади. Улар тегишли воситаларни йиғиш, жойлаш, қадоқлашга яқиндан кўмаклашишади. Албатта, аввалига бу ишларни амалга оширишда турли қийинчилик ва муаммолар пайдо бўлганди. Чунончи, юқорида кўрсатиб ўтилган буюмларни йиғиш, ташиш, уларни жойлаштириш, омборхона топиш, сифатини бузмаслик қадоқлаш керак бўлиб қоларди. Замирида савоб иш ётмайдими? Ишимиз ҳақида эшитиб, кўплаб кишилар бизга яқиндан ёрдам берадиган бўлишди. Омборхонани арзон нархда ижарага олдик, ёрдамчи йигит-қизларимиз сони 3-4 кишидан 20-25 нафарга кўпайди. Ишимизда самарадорлик ортди. Йигитларимиз юкларни ўз машиналарида аэропортга элтишади, у ердан терминалга тушириб, масъулларга топширишади.

Бу эзгу ишларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йоркдаги Бош консули Дурбек Амановнинг хизматини алоҳида айтиб ўтишни истардим. У билан бўлган мулоқотимиздан сўнг, жўнатиладиган юкларимизни расмийлаштиришни, “Ўзбекистон ҳаво
йуллари” МАК орқали бепул Ўзбекистонга олиб бориш, давлат божларидан озод қилиш ва бошқа расмий ишларни амалга ошириш учун Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб, ишимизни жуда ҳам енгиллаштиришда катта ёрдам берди. Натижада, ҳар бир жўнатаётган юкларимиз ҳажми 2-3 тоннани ташкил қилмоқда.

Мен фурсатдан фойдаланиб Бош консулга ва бизга яқиндан ёрдам бераётган барча ташкилот ва муассасаларга ўз ташаккуримни айтишни, қолаверса, шу ёрдамлар етиб бораётган минглаб оилалар дуоси ва раҳматини етказишни истардим.

Баъзан бизнинг ёрдамдан баҳраманд бўлаётганлар миннатдорлигини кўриб, ниҳоятда қувонамиз, қилаётган ишимиздан қониқамиз, барча муаммо ва қийинчиликлар ёддан кўтарилади. Масалан, самарқандлик меҳнат фахрийси, тўқсон ёшни қоралаган отахона Абдужаббор Абдуқаҳҳоров икки йилдан бери қаттиқ касаллик чалинганман, дейди. “АҚШдаги ватандошларимиз томонидан менга икки хил ногиронлик аравачалари, ҳожат чиқарувчи мослама етказилди. Улардан фойданалардим, лекин бир йилки, тушакда ётиб қолдим, уйдагилар менга қарашяпти, шу билан бирга, мени ҳар ой гигиеник воситалар билан таъминлаяптилар. Шу ишни қилаётганларга минглаб раҳмат, қўллари дард кўрмасин, меҳнатларининг роҳатини кўрсин, доимо соғ юрсинлар, менга ва менга ўхшаган ногиронларга ёрдам қўлини чўзган ватандошларни ва мутасаддиларни қўл очиб, дуо қиламан”, деб ёзиб юборибдилар ўз мактубида.

— Мунира опа, юборилган юкларни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси Самарқанд аэропортига етказиб беради, кейин бу юклар қандай беморларга тарқатилади?

 — Ёрдам юклари Самарқанд аэропортидан кейин шаҳардаги омборхонага жойлаштирилади. Ўша омбордан беморлар ва ногиронлар мурожаатига кўра, шифокор тавсияномаси асосида бепул уйларига етказиб берилади. Ўтган давр мобайнида Афғонистон уруши қатнашчиларига, “9-Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига, руҳий касалхона беморларига, шаҳарда муҳтож оилаларга, Тошкент, Бухоро ва Чирчиқ шаҳарларидаги эҳтиёжманд кишиларга ёрдам қўли чўзилди. Ҳозирда эса Самарқанд вилояти Оқдарё туманидан мурожаат қилган бир гуруҳ ногиронларга ёрдам кўрсатиш назарда тутилган бўлиб, тайёргарлик
кўрилмоқда.

— Мунира опа, кўп савоб ишлар қилаётган экансизлар, бу ишларни келгусида кенгроқ ёйишингизга тилакдошмиз. Режаларингиз тўғрисида ҳам айтиб ўтсангиз.

— Савоб кўп тармоқли иш. У ҳеч қачон тўхтаб қолмайд. Бировга яхшилик қилган, бировнинг ҳожатини чиқарган, бемору ногиронлар, кексаю қарияларнинг дуосини олган, кўпнинг хизматида бўлган мукофотини ва ажримини Худодан олади, дейди халқимиз. Насиб бўлса, бу хайрли ишимизни давом эттирамиз ва кенгайтирамиз. Чунончи, 2013 йил март ойида ўн нафар 10-16 ёшли
қулоғи яхши эшитмайдиган болаларни Нью-Йоркдаги касалхоналарнинг бирида текширтириб, уларни тегишли эшитиш воситаси билан таминлашни  режалаштиряпмиз.
Биз ҳам Мунира Маҳмудовани бундай эзгу ишларида қўллаб-қувватлаб, савоб ишни ҳар куни қилишга барча ватандошларимизни чақириб оламиз. Зотан, бундай эзгу амаллар беиз кетмайди.

 

Амиддин ФАЗЛИДДИНЗОДА.

SHARE