«Бунёдкор» ўз тарихида учинчи марта Ўзбекистон Кубоги соҳибига айланди

 

 30 ноябрь куни Тошкентдаги «Пахтакор» марказий стадионида 2012 йилги Ўзбекистон Кубоги финал учрашуви бўлиб ўтди. «Бунёдкор» ва «Насаф» ўртасидаги ўйинда тошкентлик футболчилар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

2012 йилги Ўзбекистон Кубоги финали «Бунёдкор» учун тарихдаги бешинчи, «Насаф» учун эса учинчи финал эди. «Бунёдкор» бунгача икки марта – 2008 ва 2010 йилги мавсумларда Кубок баҳсларида ғолиб чиққан бўлса, Қашқадарё клуби 2003 ва 2011 йилларда Кубок финалига қадар етиб келган, бироқ ҳар иккала сафар ҳам Тошкентнинг «Пахтакор» клубига 1:3 ҳисобида имкониятни бой берганди.

Бу йилги Кубок финали, 2012 йилги мавсумни Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи ўйинлари билан бошлаган ҳар иккала жамоа учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эди. ОФК Ижроқўми 2013 йилги Осиё Чемпионлар лигасида Ўзбекистонга 2+1 кўринишида ўрин ажратгани сабаб, Ўзбекистон Кубоги финал ўйини аҳамияти янада ошиб кетди. Агар ўйин «Бунёдкор»нинг ғалабаси билан якунига етса, Миржалол Қосимов шогирдлари келаси йил Чемпионлар лигасини тўғридан-тўғри гуруҳ босқичидан бошлаш имконига эга бўлишарди. Агар ўйин «Насаф»нинг ғалабаси билан якунига етса, жамоа ОЧЛ-2013 гуруҳ босқичи йўлланмасини ҳам қўлга киритар, «Бунёдкор» эса ОЧЛнинг плей-офф баҳсларида гуруҳ босқичи йўлланмаси учун кураш олиб бориши керак бўларди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Кубоги финали 2011 йилни камида битта соврин билан якунлаган ҳар икки жамоа учун 2012 йилги мавсумда бирор бир совринни қўлга киритиш учун сўнгги имконият эди. Бир йил аввал «Бунёдкор» Ўзбекистон чемпионати баҳсларида ғолиб чиққан бўлса, «Насаф» ОФК Кубогида ғолиб чиқиб, Осиё миқёсида чемпионликни қўлга киритган Ўзбекистоннинг илк клубига айланган эди.

2012 йилги Ўзбекистон Кубоги финал учрашуви «Насаф»нинг ҳужумлари, жамоа футболчилари – Кенжа Тўраев, Шоҳруҳ Гадоев ва Фозил Мусаевнинг хавфли зарбалари билан бошланганига қарамай, «Бунёдкор»нинг йирик ҳисобли ғалабаси билан якунига етди. Ўйиннинг 13-дақиқасида «Насаф» ҳимоячиси Шавкат Раимқулов ўз жарима майдончаси ичида тўпни «Бунёдкор» ҳужумчиси Шавкат Саломовга олдириб қўйиши ва ўз дарвозабони – Мурод Зуҳуровни қийин аҳволга солиб қўйиши натижасида, ҳисоб очилди.

Биринчи бўлим якунига етгунича эса «Бунёдкор» ўйин ғолиби масаласини амалда ҳал қилиб қўйди. 35-дақиқада Акмал Шораҳмедовнинг ўнг қанотдан узатган заргарона тўп узатишидан сўнг Камолиддин Мурзоев бош билан «Насаф» дарвозасини аниқ нишонга олган бўлса, биринчи бўлим якунланиши арафасида «Бунёдкор» сардори Виктор Карпенко жамоадоши, учрашувнинг энг фаол ўйинчиларидан бири бўлган Шавкат Саломовнинг жарима зарбасидан узатган пасидан сўнг ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

Иккинчи бўлим «Насаф» ташаббуси остида ўтди. Бахтга қарши, Рўзиқул Бердиев қатор хавфли ҳужумлар, кучли зарбаларни йўллаганликларига қарамай, ўйинда бурилиш ясай олишмади. Аксарият вазиятларда қашқадарёлик футболчилар якуний зарбани беришда аниқлик ва тезкорлик етишмаган бўлса, камида 3та вазиятда «Бунёдкор» дарвозабони Игнатий Нестеров ўз маҳоратини кўрсатишга мажбур бўлди.

Шундай қилиб, Ўзбекистондаги 2012 йилги футбол мавсумига расман якун ясаб берган Ўзбекистон Кубоги финалида «Бунёдкор» ғалаба қозониб, ўз тарихида учинчи марта Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди.

 

Ўзбекистон Кубоги-2012. Финал учрашуви
30 ноябрь, жума

«БУНЁДКОР» (Тошкент) – «НАСАФ» (Қарши) 3:0 (3:0)

ГОЛЛАР: Шавкат Саломов (18), Камолиддин Мурзоев (35), Виктор Карпенко (44).

ОГОҲЛАНТИРИШЛАР: Артём Филипосян (13), Лутфулла Тўраев (25), Дилшод Жўраев (88) – Фозил Мусаев (19), Илҳом Юнусов (48).

«БУНЁДКОР»: Игнатий Нестеров, Акмал Шораҳмедов, Хайрулла Каримов, Анвар Ғофуров, Жавлон Иброҳимов (Дилшод Жўраев, 69), Шавкат Саломов, Лутфулла Тўраев, Артём Филипосян, Камолиддин Мурзоев (Анваржон Солиев, 77), Жасур Ҳасанов, Виктор Карпенко (Алибобо Раҳматуллаев, 71).

«НАСАФ»: Муроджон Зуҳуров, Шавкат Раимқулов (Александар Петрович, 46), Мақсуд Каримов, Ботир Қораев, Кенжа Тўраев, Артур Геворкян, Иван Бошкович (Санжар Баратов, 80), Фозил Мусаев, Шоҳруҳ Гадоев, Мирзакамол Камолов (Фаррух Сайфиев, 58), Илҳом Юнусов.

ҲАКАМЛАР: Равшан Эрматов, Маъмур Саидқосимов, Жаҳонгир Саидов, Шуҳрат Пўлатов (барчаси – Тошкентдан).
Тошкент, «Пахтакор» стадиони. 5270 томошабин.

Сурат муаллифи – Ҳасан Пирмуҳамедов.
Манба: www.pfl.uz