Кэтрин Эштон: ЕИ Ўзбекистон билан узоқ муддатли муносабатларни йўлга қўйишдан манфаатдор

28 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Кэтрин Эштонни қабул қилди.

Ўтган йиллар давомида турли соҳаларда ўзаро алоқаларни ўрнатиш бўйича улкан тажриба тўпланди, икки томонлама ва кўп томонлама тузилмалар кўринишидаги ҳамкорликнинг мустаҳкам институционал базаси яратилди.

2011 йил январдаги Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи раҳбарларининг олий даражадаги учрашуви, унинг натижалари бўйича имзоланган ҳужжатлар ўзаро муносабатларни сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқди. Ўтган йили ўзаро товар айланмаси 19% га ошди ва 2 млрд. 360 млн. долларни ташкил этди. Бу йил ҳам ижобий тенденция сақланиб қолмоқда. Шунингдек, томонларнинг ўзаро савдони диверсификациялаш шароитларини яхшилаш устидаги ишларни ўзаро келишилган ҳолда давом эттиришга, Ўзбекистонда Европа капитали учун қулай инвестиция шароитини янада кенгайтиришга, мавжуд ресурслар ва илғор технологиялар асосида ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлиги тасдиқланди.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсий хизматининг раҳбарини қутлар экан, давлатимиз раҳбари мазкур учрашув Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатларнинг ҳолатини муфассал таҳлил қилиш, ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш учун яхши имконият эканини қайд этди.

Давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида маданий-гуманитар, илмий-таълим ва бошқа соҳаларда тўғридан-тўғри алоқаларни ушлаб туришдан иккала томон ҳам манфаатдор эканлиги қайд этилди.

Учрашувда, шунингдек, долзарб минтақавий муаммолар, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг алоҳида масалалари, шу жумладан, Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди, дея хабар беради “Ахборот” информацион дастури.

Кэтрин Эштон самимий қабул ва икки томонлама муносабатлар, кун тартибининг муҳим халқаро ва минтақавий масалалари бўйича муфассал ва конструктив фикр алмашишга яратилган шароитлар учун Ислом Каримовга миннатдорчилик билдирди.