“Корея Телеком” Ўзбекистонда янги симсиз технологияларни жорий этмоқчи

Яқинда Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигида “Корея телеком” корпорациясининг президенти ва бош ижрочи директори жаноб Ли Сук Чо бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.

“Корея телеком” делегациясининг ташрифи шу йилнинг сентябрь ойида мамлакатимиз Президентининг Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалдаги ижроси ҳисобланади. Алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро имзоланган ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Учрашувда телекоммуникациялар ва ахборот-коммуникация технологияларининг энг янги йўналишларида икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар телекоммуникация технологияларини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари бўйича ўзаро фикр алмашдилар.

Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигининг юқори даражасини қайд этган ҳолда, “Корея Телеком” корпорацияси вакиллари Ўзбекистонда янги симсиз технологияларни жорий этиш йўли билан ўзларининг бу ердаги фаолиятини кенгайтириш истаги ва ниятларини билдиришди.

“Корея Телеком” корпорациясига 1982 йили асос солинган. Бугунги кунда “Корея Телеком” Осиёдаги энг йирик телекоммуникация операторларидан бири ҳисобланади. Корпорацияга маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро алоқа хизматларини тақдим этувчи Кореядаги энг йирик ва технологик бой бўлган телекоммуникация тармоғи тегишли, дея хабар беради ЎзААА матбуот хизмати.